Одамлар яхши яшасин… бунда жамоат ташкилотининг ўрни бўлакча

56

Аҳолининг муаммоларини аниқлаш, уларга аниқ амалий ечим топиш оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганувчи Республика ишчи гуруҳининг асосий мақсадидир. Галдаги ўрганиш асносида Поп туманидаги кўплаб масалаларга ечим топилди. Эзгулик барибир яхши-да, бугун «Янги Тўда» маҳалла фуқаролар йиғини Янгиобод кўчасида яшовчи 54 ёшли Рисқинисо Қамбарованинг қувончи чексиз. Қўни-қўшниларга хурсандлигини айтиб, адо қилолмаяпти.

— Мен ҳам ёш эдим, елиб-югуриб ишлаганман, — дейди Рисқинисо ая. — Тақдир экан, вақт ўз таъсирини ўтказиб, оёқ-қўлдан мадор кетмоқда. Уч қизни дунёга келтирдим, бироқ хўжайиним менга ўғил керак, дея оилани ташлаб кетгач, уларни ёлғизликда тарбияладим. Аллоҳнинг синови экан, 2015 йилда бўйи етиб қолган катта қизим касалликка учраб оламдан ўтди. Кейингиларини турмушга узатдим. Ҳозир уйда ёлғиз яшайман. ­Қишлоқчилик, газ йўқлигига кўникиб ҳам кетганмиз, хайриятки, бу йил электрда кўп узилишлар бўлмади. Аммо бир ўзимга ўчоқ осиш қийин­чилик туғдирарди. Газ баллоним бор, аммо плитам йўқлиги учун ундан-мундан вақтинчага олиб ишлатиб турардим. Ишчи гуруҳ келиб «биздан нима ёрдам?» деб сўрашганида, ичимда бир нарса оловлангандек бўлди. Эртасигаёқ касаба уюшмасидан совға деб, плита келтириб беришди.

***

«Навбаҳор» МФЙда яшовчи пенсионер Мадина Файзиева ҳам касаба уюшмаси томонидан газ плитаси билан таъминланди. Шунингдек, унга «Ниҳол» сиҳатгоҳида саломатлигини тиклаши учун имтиёзли йўлланма берилди.

***

— Ишчи гуруҳнинг ўрганиш чоғидаги «Нима ёрдам қилайлик?» деган саволига «Ишлашим учун имконият яратиб беринглар, дегандим», — тўлқинланиб сўзлайди «Поп» МФЙ Обод кўчасида истиқомат қилувчи Маҳлиё Ҳозиралиева. — 69 ёшли онам доимий қаровга муҳтож. Уч марта инсультни бошдан ўтказди. Ёлғиз ўғлим билан эртаю-кеч парвонамиз. Шу пайтгача тикувчилик билан шуғулланиб, рўзғор теб­ратганман. Бироқ замонасига лойиқ, янги-янги чок машиналари пайдо бўлди. Менинг оддий қўл машинада тикканларим рақобатга бардош беролмай қолди. Буни қарангки, ниҳоят армоним ушалди. Поп тумани тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси раиси Зокиржон Шарипов 23 тур чок тикадиган замонавий тикув машинасини олиб келиб берди. Бу яхшиликни ҳеч қачон унутмайман. Насиб қилса, жиянларим, қўшни қизларни ёнимга олиб, цех очмоқчиман.

***

Худди шундай саховат «Пиллакаш» МФЙда истиқомат қилувчи Дилафрўз Ҳакимовага ҳам кўрсатилди.
— Туманимиздаги ип-йигирув фабрикасида меҳнат қиламан, — дейди Д.Ҳакимова. — Фаолият смена асосида йўлга қўйилгани учун икки кун ишлаб, бир кун дам оламан. Бўш вақтимда кўрпа, кўрпача, ётоқ жилд тикиш билан шуғулланиб даромад топмоқчиман.
Дарвоқе, оилада 3 нафар фарзанд вояга етаяпти, харажатлар эса борган сари кўпайиб бормоқда. Дилафрўз опа ишдан кейин фойдали меҳнат билан шуғулланишни ният қилиб юрган бўлса-да, моддий имконияти туфайли қўли қисқалик қилаётган эди. Бир кун ичида унга тикув машинаси келтириб берилгани, уйда ўтириб қўшимча фойда олишга, рўзғорини бутлашга яхши шароит яратилганидан мамнун.
Умуман олганда, ишчи гуруҳлар тавсияси билан Поп туманида касаба уюшмаси томонидан эҳтиёжманд­ларга 5 та газ плитаси, 2 та тикув машинаси ҳадя қилинди. Шунинг­дек, санаторийларга йўлланмалар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги «Аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш бўйи­­ча қўшимча чоралар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераётир. Муҳими, кўрсатилган ёрдамлар натижасида жорий йил 15 март ҳолатига ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 260 та рўйхатда турган кам таъминланган оилаларни маҳалла фуқаролар йиғинлари орқали рўйхатдан чиқаришга эришилди.
Жорий йилда қарорда кўзда тутилган тадбирлар учун 106 та оилага 1 млрд. 209 млн. сўм маб­лағ сарфланиши кўзда тутилган. Бунда уй-жойи бўлмаган ёки авария ҳолатидаги ва эскириб қолган уйларда яшовчи оилаларга арзон бошпана қуриб бериш, таъмирга муҳтож оилаларнинг уйини таъмирлаш, маиший техника (газ ва электр печлар, холодильниклар, тикув машиналари)ни олиб бериш ҳамда оғир касалликлар мавжуд бўлган тақдирда тиббий хизматлар ҳақини тўлаш каби беғараз ёрдамлар кўрсатилади.
Энг асосий мақсад, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш орқали уларга яхши ҳаёт тарзини яратиш ҳамда даромад топишга иштиёқ уйғотиш, ташаббусларни рағбатлантиришдан иборатдир.

Дилдора РАҲМОНОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар