Қарс икки қўлдан

151

Сафимиздаги 12 та цех ташкилотларига бириккан салкам 400 нафар аъзонинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишда «Термиз халқаро аэропорти» ДУК раҳбарияти билан 2017 – 2021 йилларга ­мўлжаллаб қабул қилинган жамоа шартномаси қўл келмоқда. Касаба уюшма қўмитаси фаолиятини янада кенгайтиришда ижтимоий шерик­лик муносабатлари муҳим рол ўйнаётир.

Иш ҳақи, пенсионерларимиз ҳамда ёш фарзанди бор аёлларимизга тегишли нафақа пуллари белгиланган муддатда берилаяпти. Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик варақаларига тўланадиган нафақа, хизмат сафари харажатлари, биринчи маротаба никоҳдан ўтаётган ёшларга моддий ёрдам, оиласида фарзанд туғилганда белгилаб ­қўйилган бир марталик суюнчи пулларида ҳам узилишлар йўқ. Ҳалол ва ­виждонан меҳнат қилган ходимларни рағбатлантириш ­доимо диққат марказимизда.
Муҳими, самарали меҳнат учун зарур бўлган шарт-шароитлар меъёрий ҳужжатлар орқали кафолатлаб қўйилган. Жумладан, ювиниш-­кийиниш хоналари қайтадан реконструкция қилиниб, янги санитария-техника ускуналари билан таъминланди, дам олиш хоналари талаб даражасига келтирилди.
Цех касаба уюшма гуруҳларимиз етакчиларининг спортни ривожлантириш борасидаги ­саъй-ҳаракатлари, айниқса, таҳсинга лойиқ. Мусобақа совриндорлари муносиб тақдирланмоқда. Ҳар бир байрамда соҳада ишлаб, нафақага чиққан нуронийлар, иш вақтида жароҳат олиб касб касаллигига чалинган сафдошларимиз, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиниб, беминнат ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Жамоамизда туризмга эътибор тобора ортиб бормоқда. Ўтган йилда аъзоларимиздан 50 нафари қадимий ва нав­қирон Самарқандда, яна 50 нафари вилоятимиздаги улуғ алломалар Ал-Ҳаким ат-Термизий ҳамда Имом Исо ат-Термизий маж­муаларида бўлишди. Ишчиларнинг болаларини оромгоҳларда дам олдириш, ходимларга соғлигини тиклаш учун сиҳатгоҳларга йўлланмалар бериш, уларнинг олий ўқув юртларида тўлов шартномаси асосида ўқиётган фарзандларига кўмаклашиш алоҳида эътиборда. Дарвоқе, жамоамизда ишловчи 65 нафар хотин-қизга жамоа шартномаларида қатор имтиёзлар белгиланган бўлиб, хусусан, қарамоғида ёш болалари бор аёлларимизнинг иш вақти бир соатга қисқартирилган.
Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, аъзоларни ижтимоий ҳимоялаш борасидаги самарали фаолият иш унумдорлиги ортишига хизмат қилмоқда.

Зиёвиддин НАЖМИДДИНОВ,
«Термиз халқаро аэропорти» ДУК касаба уюшма қўмитаси раиси

Бошқа хабарлар