Кимники боғ, кимники янтоқ ёҳуд томарқадан фойдаланиш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ

547

Урганч шаҳридан Хонқа тумани томон бораркансиз, йўлнинг икки томонидаги боғларга кўзингиз тушади. Қишин-ёзин бу ҳудуддан сархил меваларни харид қилишингиз мумкин. Шу кунларда эса қишлоқ аҳли дарахт ва гул кўчатларини савдога чиқарган.

Суриштириб кўрсак, бу боғларнинг аксарияти Хонқа туманидаги «Гулис­тон» маҳалласи аҳолисига тегишли экан. 1100 га яқин хонадоннинг қай бирига қадам ранжида қилманг, гулга кирган мевали дарахтлар, униб чиқаётган кўкатлар, сабзавотлар кўзингизни қув­натади. Аллақачон карам, помидор кўчатлари ўтқазилган. Аксарият хонадонларда иссиқхоналар барпо қилинган. Чорваси, паррандаси йўқ оилаларни деярли учратмайсиз.
Омонбой Жуманиёзов ҳам ўтган йили «Миллий банк»нинг Хонқа филиалидан 6 миллион 400 минг сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, иссиқхона қурди. Меҳр билан гул, помидор, бодринг экди. Шу кунларда етиштирган гул кўчатларининг савдоси қизғин.
— Помидор ва бодрингимиз ҳам ҳадемай ҳосилга киради, — дей­ди Омонбой ака. — Уч йил муддатга олган кредитимизни ўтган йилнинг ўзида қайтаришга муваффақ бўлдик.
Бироқ ҳамма юртдошларимиз ҳам томорқадан самарали фойдалана оляптими? Давлатимиз ғамхўрлигини суиистеъмол қилиб, томорқаларини ўз ҳолига ташлаб қўйганлар камми? Афсус­ки, бу саволларга ҳар доим ижобий жавоб топиш мушкул.
Гап шундаки, вилоятдаги 249 та хонадоннинг томорқа майдонларидан самарасиз фойдалангани аниқланган. Шу сабабли 111 нафар томорқа ер эгаларининг 12,1 гектар ери ҳокимлик ер захира фондига қайтарилган. Бу хонадон соҳиблари бепарволик, эринчоқлик оқибатида ўзлари ва фарзандларининг ризқини қийди, дегани эмасми?
— «Хосиён» маҳалласидаги хонадонларни ўрганиб юргандик. Ўзини Шокир ака деб таништирган фуқаро оиласи кам даромадли экани, маҳалла фуқаролар йиғини ёрдам бермаётганини айтди, — дей­ди халқ депутатлари Қўшкўпир тумани кенгаши депутати Меҳрибон Тиллаева. — Нега кам даромадлисиз? Томорқангиз йўқми? — деб сўрадим: — Экканимиз билан сув етиб келмаса, меҳнатимиз ҳавога учадими, ундан кўра тинчгина уйда ўтирганимиз маъқул, — деди хонадон соҳиби.
Томорқани бориб кўрдим. Сувсизликдан қақраб ётибди. Ваҳоланки, уникига ёндош томорқалар суғорилиб, аксариятига картошка, пиёз экилган, айримлари эса экин экишга тахт қилиб қўйилган. Сув йўли унчалик узоқ эмас. Ўн мертча ариқ қазилса, олам гулис­тон. Лекин шуни ҳам истамаган ер эгасига нима дейиш мумкин?
Маълум бўлишича, Шокир аканинг иккита забардаст ўғли чет элда. Ҳали олтмишни ҳам қораламаган бу кишининг ишлаш хоҳиши йўқ. Ётиб еган афзалроқ шекилли… Ваҳоланки, «қўлда берганга қуш тўймас», дейдилар. Бир марталик моддий ёрдам олишдан кўра томорқадан самарали фойдаланиш афзалроқ эмасми? Кафтдек жойдан катта даромад олаётганлар қанча.
Томорқасини ўз ҳолига ташлаб қўйган киши нафақат оиласи, балки бошқаларга ҳам нафи тегмаслиги аниқ.
— Кеча бозорда бир кило помидор ва бодрингни 30 минг сўмга харид қилдим, — дейди урганчлик Гулчеҳра Матвафоева. — Ахир, ўтган йили давлатимиз қанчадан-қанча фуқароларга айнан иссиқхоналар учун имтиёзли кредитлар ажратган эди-ку? Бунинг натижасида ўтган йили шу кунларда помидорнинг нархи 10 минг сўм, бодринг­ники 5-6 минг сўм атрофида эди. Бу йилги нарх-навонинг қимматлиги кредит олганларнинг ҳаммаси ҳам давлатимиз ишончини оқламаганидан далолат бермайдими?
Дарҳақиқат, бозор қонунияти шафқатсиз. Қайси маҳсулот мўллиги, қайсиси эса тақчиллигини нарх-наводан билиб олиш мумкин.
Ўтган йили тижорат банклари томонидан лимон етиштириш ва иссиқхона қуриш учун ажратилган имтиёзли кредитлар, кам даромадли оилаларга чорва ва паррандаларнинг берилиши, табиийки, иқтисодий имкониятларни янада кенгайтирди. Бунга мисоллар кўп. Бироқ, айрим фуқароларнинг масъулиятсизлиги, «Кредитимни қайтардим, бўлди-да» қабилидаги ёндашувлари юртдошларимизнинг ҳақли эътироз­ларига сабаб бўлмоқда.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, ҳозирда томорқадан самарасиз фойдаланаётган фуқароларга фермер, деҳқон хўжалик­лари ва томорқа ер эгалари кенгашлари томонидан огоҳлантириш хатлари берилган. Айримларига тегишли ташкилотлар, маҳалла-кўй, тижорат банклари томонидан амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Натижада 138 нафар томорқа эгаларининг 20,8 гектар майдондан самарасиз фойдаланиш ҳолатлари бартараф қилинди.
— Томорқа ерлари бўлган 15985,7 гектар майдонда кузги бошоқли дон экилган, — дейди Хоразм вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Б. Қувоқов. — Шунингдек, 3113,4 гектар ерга пиёз, 1638,4 гектарга карам, 2011,2 гектарга сабзи, 4615,5 гектарга картошка ва бошқа маҳсулотлар экиш режалаштирилган. Бу йилдан бош­лаб барча туманларда «Томорқа хизмат» МЧЖлар фаолият бошлагани томорқа эгаларига ҳукуматимизнинг яна бир ёрдами бўлди. Ушбу ташкилот орқали аҳолига экин экиш, ерларга ишлов бериш, уруғлик, минерал ўғитлар билан таъминлаш каби хизматлар кўрсатилади.
«Қарс икки қўлдан чиқади» ­дейди доно халқимиз. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликдан самарали фойдаланиш ҳар бир томорқа эгасининг ўзига боғлиқ. Ерни увол қилаётган, янтоғ-у ажриқ бостириб қўйган фуқаро қўшниларининг боғларига бир қараб қўйса, ёмон бўлмас эди. Ишга уқувли инсонларнинг ҳовлиларида аллақачон дов-дарахтлар гуллади. Кўкатлар, сабзавотлар ниш ура бош­лади. Буларни кўриб, зора айрим томорқа эгалари қалбида ҳам меҳнатга рағбат уйғониб, қақраб ётган ерини суғориш, нимадир экиш иштиёқи уйғонса…

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«Ishonch» мухбири

Таҳририятдан: Мамлакатимиз Президентининг «Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчиликни жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонини ўқиб, мағзини чаққан жуда кўпчилик ўзи учун тегиш­ли хулосаларни чиқариб олганига шубҳа йўқ. Бу эса қишлоқларимиз янада файзли,­ дас­турхонимиз тўкин ва энг муҳими, бозорларимизни тўлдириб турган ноз-неъматлар янада ҳамёнбоп бўлишини таъминлашга хизмат қилади.

Бошқа хабарлар