Малакали кадрлар муносиб шарт-шароитда камол топади

269

— Беш йилдан буён ўқишга киролмагандим, — дея гап ­бошлади ўтган йили Чирчиқ давлат педагогика ­институтига Аниқ ва табиий фанлар факультети биология ўқитиш методикаси йўналиши бўйича қабул қилинган паркентлик Зулайҳо Юлдашева. — Ёшлигимдан ўқитувчи бўлишни дилимга туккандим. Аммо, ҳар гал институтга киришимга 4-5 балл, бир сафар эса 0,3 балл етмай қолган. Президентимизнинг қарорига биноан Чирчиқда янги институт ташкил этилгани туфайли орзум ушалди.

З. Юлдашева ўтган ўқув йилида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетига ҳужжатларини топширган. Аммо бу сафар ҳам омади чопмай, талаба бўлишига 3 баллгина етмай қолган. Унинг бахтига Чирчиқда Тошкент вилоятида доимий яшаётган, Тошкент давлат педагогика университети ва бошқа турдош олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириб «йиқилган», мос ва турдош таълим йўналишлари абитуриентларининг ўқишга қабул қилиниши унинг ­орзуси ушалишига имкон яратди.
Куни кеча талабаларга Наврўз совғаси сифатида Чирчиқ давлат педагогика институти янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди. Унда илм маскани ўқитувчилари, ходимлар, талабалар, нуфузли олий таълим даргоҳи профессор-ўқитувчилари, Тошкент вилоятидаги таълим муассасалари, жамоат бирлашмалари вакиллари иштирок этди.
Институт ректори Fофиржон Муҳамедов йиғилганларни қўшалоқ байрам билан табриклади. Ташриф буюрган меҳмонлар — Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Тошкент вилояти ва Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги, жамоат ташкилотлари ходимлари сўзга чиқиб, институтни илғор олий таълим муассасасига айлантириш ишида яқин ҳамкор ва елкадош бўлажакларини билдирдилар.
Меҳмонлар янги ўқув биносида ташкил этилган шароитлар, ўқув хоналари, спорт зали, анжуманлар зали билан яқиндан танишдилар.
Айтиш жоизки, мазкур таълим муассасаси Президентимизнинг 2017 йил 27 июлдаги «Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори натижаси бўлиб, айни пайтда институтда 3 та аниқ ва табиий фанлар, педагогика, тарих, тиллар факультети ва уларнинг таркибида 6 та кафедра фаолият юритмоқда. Юздан ортиқ малакали профессор-ўқитувчилар кундузги бўлимнинг 19 та таълим йўналишидаги 726 нафар, махсус сиртқи бўлимнинг 7 та таълим йўналишларидаги 837 нафар талабага таълим бермоқда. 82 та ўқув аудиторияси, замонавий жиҳозланган 3 та лаборатория хонаси, 3 та компьютер синфи, 200 ўринли талабалар турар жойи, 2 та 100 ўринли ошхона, 2 та ёпиқ спорт зали ва 3 та очиқ майдондан иборат спорт мажмуаси толиби илмлар ихтиёрида.
— Ушбу қарорнинг қабул қилиниши Тошкент вилояти туманлари ва қишлоқларидаги таълим муассасаларини юқори малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, халқаро мезонлар даражасига мос олий маълумотли педагог кадрлар тайёрлашни ташкил этиш ва таълим сифатини таъминлаш, шунинг­дек, ёшларнинг олий таълим билан қамрови даражасини ошириш имкониятини яратишда яна бир муҳим қадам бўлди, — дейди институт ректори Fофиржон Муҳамедов. — Шунингдек, Чирчиқ давлат педагогика институтининг махсус сиртқи бўлимига бошланғич таълим ва спорт тарбиявий иши, мактабгача таълим, жисмоний маданият, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси, мусиқа таълими, педагогика ва психология каби еттита таълим йўналиши бўйича 837 нафар талаба қабул қилинди. Улар методик ва ўқув адабиётлар билан таъминланди.
— Ҳозир икки карра хурсанд­­ман, — дейди К.Тиллабоев. — Биринчиси, шу даргоҳнинг илк талабаси бўлганим бўлса, иккинчиси, биз талабалар учун барча қулайликка эга ўқув масканининг фойдаланишга топширилганидир. Ўқув хоналари ёруғ ва шинам. Энг асосийси, ҳар бир хона таълим йўналиши бўйича замонавий жиҳозлар билан жиҳозланган. Албатта, яратиб берилган ­шароитлардан унумли фойдаланган ҳолда, келажакда ўз мутахассислигимиз бўйича етук кадр бўлиб, юртимиз равнақига ўз ҳиссамизни қўшиш ниятидамиз.
Мамлакатимизда таълим соҳасида бўлаётган бундай ўзгаришлар жамиятимиз равнақига ижобий таъсир қилиши шубҳасиз. Бу эса интеллектуал салоҳиятни оширишда, давлат таълим стандарти талабларига жавоб бера оладиган, рақобатбардош кадрлар тайёрлашда муҳим омил ҳисобланади. Бундан кўринадики, республикамизда таълим-тарбия сифати ва самарадорлиги замон талаблари билан ҳамоҳанг тарзда амалга оширилаётир.

Жамшид Эргашев,
«Ishonch» мухбири.

Бошқа хабарлар