Сиз касаба уюшмасини биласизми?

364

Ушбу савол сизни ўйлантириб қўйдими? Хаёлингиздан ходимларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватловчи, бандлик, меҳнат муҳофазаси йўналишларида ҳамкор ва таянч бўлишга қодир жамоат ташкилоти ўтган бўлиши аниқ. Аммо санаторийларга бериладиган йўлланмалар-у турли байрам муносабати билан уюштириладиган тадбирларни ўйлаганлар ҳам йўқ эмас, албатта. Демоқчимизки, ҳар бир соҳа ҳамиша тарғиботга эҳтиёж сезади. Умуман олганда, бугунги ахборот технологиялари асрида барча ташкилот ва муассасалар ўз фаолияти ҳақида одамларни мунтазам хабардор этиб бориши давр талабига айланди.

Аслида ҳам катта-катта ташаббуслар асосида амалга оширилаётган хайр­­ли ишлар кўпчиликда хайрихоҳлик уйғотиши табиий. Жумладан, касаба уюшмалари ўзининг асосий вазифалари — меҳнаткашлар манфаатларини ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда, аҳолининг турли қатламларига мўлжалланган қатор акциялар, форумлар, меҳр-мурувват тадбирларини мамлакатимиз миқёсида доимий равишда ўтказиб келади. Бунинг нечоғлик ижтимоий аҳамиятга эга эканини касаба уюшма кўмагида наф кўрган инсонлар қувончида ҳам кўришимиз мумкин.
Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши ташаббуси билан пойтахтдаги касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчи ўқувчилари ўртасида «Сиз касаба уюшмасини биласизми?» кўрик-танлови ташкил этилмоқда.
Ушбу кўрик-танлов таълим муассасалари битирувчи ўқувчиларининг касаба уюшмаси тўғрисидаги билимини ошириш, уларни мамлакатимиз Конституцияси ва меҳнатга оид қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг эркин фикрлаш қобилияти ва нутқ маданиятини ўстириш, фаол фуқаролик позициясини янада мустаҳкамлашга қаратилган. Шунингдек, ўқувчиларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ва касб касалликларининг олдини олиш, жамоа шартномаси аҳамиятини тушунтириш, уларни касаба уюшмалари фаолиятига кенг жалб этиш ва рағбатлантириш масалалари ҳам эътиборга олинган.
Танловнинг саралаш, тармоқ ва якуний босқичи апрель-май ойларида бўлиб ўтади.Саралаш босқичи апрель ойининг 23-санасига қадар давом этади. Тармоқ босқичи эса апрель ойининг 23 – 28 кунлари ўтказилади. Танловнинг якуний босқичи тармоқ босқичи ғолиблари иштирокида май ойида якунланади.

Акмал ТОШЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар