Табиат бахш этган илҳом

219

Манзара — рангтасвирдаги шундай жанрки, рассом қаламида у баъзида табиат гўзаллиги, баъзида эса турмуш, ҳаётнинг инъикоси сифатида, яна бошқа бир ҳолатда башариятнинг мингйиллик фалсафий мушоҳадалари кўринишида гавдаланади. Истеъдодли ёш рассомлардан бири Умиджон Тўхтасинов ижодида манзара жанрининг ўрни алоҳида аҳамиятга эга.

Табиат гўзалликларидан завқланган ҳолда яратилган асарлар рассом ижодининг ўзаги десак, асло муболаға эмас. Ижодкор ўз манзараларида табиатни табиий ҳолатда тас­вирлайди, бу каби ечим орқали табиатнинг соф гўзаллигига томошабин эътиборини тортади. Унинг «Куз ёмғири», «Хиёбонда куз», «Гуллаган бута», «Баҳор», «Сирдарёда қиш», «Дарё соҳили» асарлари табиат ҳодисаларидаги гўзалликни ўзида акс эттирган.
Ёш ижодкор ижодида турмуш манзаралари ҳам табиат билан уйғунлашган. Рассомнинг бу услубдаги туркум асарлари беихтиёр импрессионистлар ижодини эсга солади. Мисол учун айтсак, «Табиат қўйнида», «Хиёбон манзараси», «Ёмғирли бекат» каби асарлари импрессионизм руҳи билан суғорилган.
Борлиқнинг фалсафий манзарасини яратиш, ҳаёт ҳақидаги мушоҳадаларни рангтасвирда акс эттиришда рассом ўз услубига эга экани билан бошқалардан ажралиб туради. Бу каби қарашлар унинг «Куйнинг яралиши» триптихи, «Кўҳна тамаддун» каби асарларида ўз ифодасини топган.
«Куйнинг яралиши» триптихи рассомнинг олам ҳақидаги фалсафий мушоҳадаларини намоён этиши билан яққол ажралиб туради. Ижодкор барча нарсанинг ибтидосини нуқтада кўради. Нуқта — бу ҳаётнинг бош­ланиши, оламнинг яралиши, ижодкор юрагидан туғилаётган куйнинг ўзига хос рамзи. Нуқта қўйилгач, янги жумла бошланади. Айнан нуқтадан сўнг ўзга янги бир нарса дунёга келади. «Куйнинг яралиши» триптихидаги биринчи картинанинг «Нуқта» деб аталиши ҳам бежиз эмас. Нуқта орқали асар пайдо бўлиши ифодаланган. Триптихдаги иккинчи асар «Юрак ритми» деб номланади. Рассом ҳаётни оқ ва қора клавиш­лардан иборат пианинога ўхшатади. Унда яхшилик ва ёмонлик, муҳаббат ва нафрат, эзгулик ва ёвузлик, бахт ва бахтсизлик доим ёнма-ён юради. Мусиқа эса инсон қалбидан яралади, юрак уришининг ўзи илоҳий бир мусиқа. Инсон ҳаётидаги ҳар бир воқеа унинг қалбида қандайдир кечинма тарзида ўз изини қолдиради. Одамзод севади, севилади, нафратланади, қайғуради, ташвишланади. Буларнинг барчаси юрак ритмида ўз ифодасини топади. Инсон қалби орқали ҳис қилинган туйғулар жо бўлган, юракдан чиққан куйни бошқа бегона инсон юраги ҳам сўзсиз тушуна олади. Рассом «Юрак ритми» номли мазкур картинасида, асосан, оқ ва қора ранглар уйғунлигида ҳаётни тасвирлашга ҳаракат қилади.
Триптихдаги учинчи картина «Ёмғир симфонияси» деб номланади. Табиат мўъжизаларга бой. Биз ҳар куни кўрадиган оддий табиат ҳодисалари куйнинг яралиши учун илҳом манбаи ҳисобланади. Ёмғирнинг ерга урилиб тушаётган томчиларида янги куйнинг ноталари мужассамдек гўё. Рассом томошабин нигоҳини айнан шу манзарага қаратади. Куй — илоҳий мўъжиза. Уни ҳис қилиш ва яратиш учун эса табиатни англай олиш лозим.
Мусаввир бир-бирининг изчил давоми бўлган уч картинада ҳам содда услубни танлайди. Мураккаб элементларсиз содда шакллар ва ранг ёрдамида ўз ғояларини очиб беришга ҳаракат қилади. Рамзлар орқали ўз мушоҳадаларини ифодалайди. «Ёмғир симфонияси» картинасидаги қанотларини парвозга ёйиб учаётган оппоқ кабутар — ёмғир томчиларидан илҳомланиб яратилган куй рамзи бўлса, «Юрак ритми» асаридаги пианинонинг оқ-қора клавишлари ҳаётдаги қарама-қаршиликлар рамзи сифатида гавдалантирилган.
Умиджон Тўхтасиновнинг «Кўҳна тамаддун» картинасида қадимий дунё манзараси ўз аксини топади. Башарият ер юзида яшар экан, замон ва даврлар ўзгарди. Қадимий цивилизациялар юзага келди, ривожланди, юксалди ва ер билан яксон бўлди. Инсон эса ҳамон яшашда давом этмоқда. Ўтмишга назар келажак учун янги қадамларни қўйиш учун асос бўлади. Картинадаги ранглар мутаносиблиги ва уйғунлиги асар мувафаққиятини таъминлашга хизмат қилган. Асар сюжети марказида давомийликни таъминловчи чиғирни зўр бериб айлантиришга уринаётган инсон образи мужассамлашган. Инсон яралибдики, олға боришга, яшаш учун курашишга, муаммоларни енгиб ўтишга жон-жаҳди билан уринади. Турмуш деб аталмиш чиғирни айлантираверади. Неча авлодлар алмашди, аммо турмуш чиғирини айлантиришга уриниш ўзгармади. Давр­лар, замонлар, маданиятлар ўзгарди, янгиланди, аммо инсон ҳамон ўша-ўша. «Кўҳна тамаддун» картинасида рассомнинг ҳаёт, олам, борлиқ ҳақидаги фалсафий мушоҳадалари яна бир карра ранг ва тасвирда жонланган.
Рамзлар орқали фикрларни ифодалаш ёш рассомда ўзгача тасвир услуби куртак ёзаётганидан далолатдир. Рассом ижодида табиат манзараси гўзалликларини тасвирлаш билан бирга ҳаёт, олам, башарият, борлиқ манзарасини акс эттириш, бу ҳақдаги ­фикрлари, хаёлларини томошабинга етказишга уринишлар кўзга ташланмоқда. Демак, рассом ижоди ўзининг янги палласини бошламоқда.

Гулираъно ОРИФЖОНОВА,
Камолиддин Беҳзод номидаги
Миллий рассомлик ва дизайн
институти докторанти

Бошқа хабарлар