Улуғларга муносиб эҳтиром

224

Яқиндагина Президентимизнинг «Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай ­Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида»ги қарори чиққан эди. Орадан ҳеч қанча фурсат ўтмай «Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарор эълон қилинди. Ҳар икки ҳужжат қўшни қардош халқларнинг улуғ сиймоларига халқимизнинг улкан меҳр-муҳаббати, эътироф ва эҳтироми, давлатларимиз ўртасидаги муносабатларда янги давр бошланганининг ёрқин ифодаси бўлди.
Қарорда таъкидланганидек, Чингиз Айтматов нафақат қирғиз эли, айни пайт­­да бутун туркий мамлакатлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрли сиймодир. У Ўзбекистоннинг улкан дўс­ти, минтақамиз тинчлиги ва осойишталиги, келажаги ва равнақи, халқларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни ­мустаҳкамлаш, уларни асраш йўлида фидокорона меҳнат қилган адолат ва ҳақиқат куйчиси эди. Халқимизнинг шаъни ва обрў-эътиборини катта минбарлардан туриб мардона ҳимоя қилган бу зот давлатимиз томонидан «Дўстлик» ва «Буюк хизматлари учун» орденлари билан тақдирлангани ҳам бунинг ­яққол исботидир.

Беш банддан иборат қарорда юбилейни юқори савияда нишонлаш белгиланган бўлиб, жумладан «Чингиз Айтматов ва Ўзбекис­тон» номли хотира китоби тайёрлаш ва нашр этиш, адиб ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш, асарлари асосида янги спектакллар саҳналаштириш ва бадиий фильм суратга олиш, пойтахтимизнинг марказий кўчаларидан бирига унинг номини бериш, Паркентдаги 33-мактабда бюстини ўрнатиш, илмий конференция, Ўзбек Миллий академик драма театрида ижодий кеча, жойларда таниқли шоир, ёзувчи, олимлар иштирокида учрашувлар ўтказиш, тадбирларни кенг ёритиб бориш кўзда тутилган.
Чингиз Айтматов асарлари 200 га яқин мамлакатда катта нусхада чоп этилган. Бу иш ҳозир ҳам давом этмоқда. «Жамила», «Бўтакўз», «Биринчи ўқитувчи», «Сарвиқомат дилбарим», «Момо ер», «Алвидо, Гулсари!», «Оқ кема», «Эрта қайтган турналар», «Соҳил бўйлаб чопаётган олапар», «Чингизхоннинг оқ булути», «Болалигим» қиссалари, «Асрни қаритган кун», «Қиёмат», «Кассандра тамғаси», «Чўққида қолган овчининг оҳу зори», «Руҳ улуғворлигига қасида», «Тоғлар қулаганда» романлари нашрдан чиқиши ҳамоноқ нафақат ўз юрти, балки жаҳон миқёсида муҳим маданий-маърифий воқеа дея эътироф этилган, бошқа тилларга ўгирилиб, кўплаб нуфузли мукофотларга сазовор бўлган эди. Адиб кўп­лаб ҳикоялар, ўткир публицистик мақолалар, драматик асарлар, киносценарийлар муаллифи ҳамдир.
Яна бир мароқли факт. Чингиз Айт­матов ижоди, ҳаётига бағишлаб ёзилган мақола, эсдалик, эссе, диссертация, китоб ва тадқиқотлар жамланиб, устма-уст тахланса, адибнинг бўй-бастидан ҳам ошиб кетиши аниқ. Ўзбекистонлик ёзувчи ва шоирлар Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Зулфия, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Асқад Мухтор, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Саид Аҳмад, Аҳмад Аъзам, Муҳаммад Али, олимлардан Иззат Султон, Озод Шарафиддинов, Ҳамидулла Болтабоев, Иброҳим Ғафуров, журналист Аҳмаджон Мелибоев ва бошқаларнинг машҳур адибга бағишланган мақола, тадқиқот, маърузалари ва таржимонларнинг меҳнатларини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Чингиз Айтматовнинг деярли ҳамма асари пешма-пеш ўзбек тилига таржима қилинган ва нашр этилган. Адиб ўз вақтида «Мен ихлос билан китобларимни ўзбек тилига ўгирган дўстларимга, айниқса, адабиётшунос, таржимон Асил Рашидовга ташаккур айтмоқчиман. Чунки менинг асарларимни Асилжон ўзбекчага худди мен қирғиз тилида ёзгандай жарангли таржима қилди. Мана шунинг ўзи ҳам дўстликнинг куч-қудратидир», дея эътироф этганди.
«Ўзбек халқининг тақдирини ўз тақдиримдан ажратиб қаролмайман», «Қадим ўзбек маданиятининг Ўрта Осиёга кўрсатган таъсирини кўҳна Византиянинг Русга кўрсатган таъсири билан қиёслаш мумкин», «Агар Ўзбекистоннинг ҳамма пахтасини жамулжам қилиб вагонларга ортиладиган бўлса, Ердан то Ойга қадар етадиган эшелон зарур бўларди, бунинг муболаға жойи йўқ»… Томчида қуёш акс этгани сингари афоризмга айланган ушбу пурҳикмат сўзлар адибнинг юртимизга, халқимизга буюк муҳаббати, садоқати ифодасидир.
Шу ўринда адибнинг публицистикасига алоҳида тўхталиб ўтмасликнинг сира иложи йўқ. Негаки, даврнинг разведкачиси, сўзи, овози, солномачиси бўлган бу жанр кейинги йилларда янада муҳим аҳамият, долзарблик касб этаётир.
Чингиз Айтматов қишлоқ хўжалик инс­титутида ўқиб юрган кезларидаёқ газеталарга хабар, лавҳа, мақолалар ёзиб, қаламини чархлаб борган ва не саодатки, умрининг охирига қадар журналистикага, публицистикага содиқ қолди. «Литературный Киргызстан» журналига бош муҳаррир, «Правда» газетасининг Ўрта Осиё респуб­ликалари бўйича ўз мухбири бўлиб ишлаган кезлари ёш, ғайратли, изланувчан Чингиз минтақа бўйлаб кўп кезар, интервьюлар олар, маҳоратини ошириб борар, корреспонденция, очерк, мақола, лавҳалар ёзарди. Ён дафтарига тушган битиклар, мароқли суҳбатлар, монолог, диалоглар ҳикоя, қисса, роман, драма ва сценарийлар ёзишида ҳам қўл келди, характерлар тилига кўчди. Илк қиссалари босилиб, айниқса, «Жамила» «Новый мир» журналида эълон қилиниб, француз, ўзбек, қозоқ ва бошқа тилларга ўгирилиб, муаллифни таниқли қилгач, энди кўпроқ ундан интервью оладиган, суҳбатга чорлайдиган бўлишди. Табиатан одамохун, кўнг­­ли очиқ, феъли кенг, суҳбатлашишга мойил адибга газета, журналлар, радио, телевидение, кинохроникадан мухбирлар, ҳамкасб ёзувчи, мунаққид, таржимонлар тез-тез мурожаат этиб туришар, ҳар бир интервьюси, суҳбати ўзига хос воқеа сифатида овоза бўлиб кетарди. Мақола, суҳбатлари собиқ Иттифоқ, хорижнинг бир қатор нуфузли нашрларида босилар, ўзи кўпгина нашрларнинг таҳририят жамоатчилик кенгаши аъзоси эди. Адибнинг публицистикаси махсус китоблар ҳолида нашр этилган, шунингдек, уч жилдлик, етти жилдлик, ўн жилдликларидан ўрин олган.
1989 — 1990 йилларда Айтматов ­Мос­к­­­­­­вада нашр этиладиган «Иностранная литература» журналини бошқаради. Қизиғи шундаки, таҳририятнинг 17 нафар аъзоси, қирғиз адибининг ўзи иштирок этмаган бўлса ҳам, уни ғойибона бош муҳаррирликка сайлашган, катта ишонч билдиришган.
Чингиз Айтматов публицистикаси бадиий асарлари сингари мафтункор ва жозибадор, қамровли ва ҳузурбахш, мароқли ва пурҳикмат, бир сўз билан айт­ганда, жасорату маҳорат ҳосиласи. Очерк ва эсселари, мақола ва хатлари, суҳбат ва нутқлари қамрови кенглиги, маъноси теранлиги, оҳори тўкилмаган, кутилмаган далил ва мисоллар, босиқ, эҳтиросли, чўнг ва чўғдор фикрларга, санъаткорона мушоҳада, фалсафий муҳокама, публицистик мулоҳазаларга бойлиги, тили соддалиги, ширадорлиги, образлилиги, рангдорлиги, сўз ва ибораларнинг аниқлиги, мантиқан далилланган ва ишонарлилиги каби кўплаб фазилатлари билан ажралиб туради. Ва бу публицистика ҳаётий ва ижодий таж­рибаси катта, билими, савияси жуда кенг, жаҳон адабиёти хазинасини кўп ва хўп ўқиб мағзини чаққан, фуқаровийлик туйғуси кучли, инсонлар, мамлакатлар тақдирига дахлдор, дунё воқеаларидан яхши хабардор, олам зарбини юраги қаъридан ўтказган, далил, ҳодиса, жараёнларга замонавий онг, сайёравий тафаккур уфқи ва юксаклигидан қараб ҳукм чиқарган, баҳо берган етук, истеъдодли ёзувчининг дилномалари эди. «Олтин дарвозалар», «Анъаналарнинг ўзаро алоқадорлиги», «Маънавий таянч», «Бари барчага дахлдор», «Одамийлик… дефицитми?», «Она тили мўъжизаси», «Сўзга ажратилган бир соат», «Ҳаёт қадр-қиммати», «Инсонга ишонаман», «Кўзимиз очилиши баҳоси», «Қайта қуриш, демок­ратия — омонлик дарахти», «Заминимизга зил кетяптими?», «Тўхтатиб қолинган вақтми? Узайтирилган ҳаёт» каби кўп­лаб мақола, суҳбатлари фикримиз далилидир.
Экология, аҳлоқ, маънавий қадриятлар, маданиятлар ҳамкорлиги, миллийлик ва байналмилаллик, лисоний сиёсат, тарих, Амир Темурга муносабат каби жиддий, нозик масалалар, уларнинг турли жиҳатлари хусусида энг эътиборли, асосли, адолатли, ҳалол, мақбул гапни собиқ марказий матбуот саҳифалари, эфир ва экранда биринчилардан (кўпинча биринчи) бўлиб Чингиз Айтматов жасорат билан айтганди. Одатан қисқа, бир неча саҳифалик интервью жанрини япон ва қозоқ шоирлари Дайсаку Икэда ҳамда Мухтор Шохонов билан интервью-қисса, интервью-романга айлантирган ҳам Чингиз Айтматов бўлди.
Машҳур адиб бадиияти, публицис­тикаси, инсоний фазилатлари ҳақида юртимиз олим, адиб, журналистлари кўп нарса ёзишган, ёзиляпти. Ўзим ҳам бир неча мақолалар ёзганман. 2004 йил Москвада нашр этилган «Ковчег Чингиза Айтматова» номли китобдан «Сайёравий тафаккур адиби» номли салкам икки босма табоқли мақолам ўрин олганидан, ёзувчининг ўзи назардан ўтказиб, маъқул топганидан бахтиёрман.
Адиб юбилейини «Чингиз Айтматов ­публицист ва мунаққид» деган янги китоб билан кутиб олмоқчиман. Зеро, жаҳонга машҳур адиб ва жамоат арбобининг ҳаёти ва ижоди билан дахлдорликдан ҳамиша фахрланаман.

Сайди УМИРОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, ёзувчи, публицист

Бошқа хабарлар