Иззат ва эҳтиром гултожи

26

Президентимизнинг шу йил 5 апрелда имзолаган «Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори нафақат Ёзувчилар уюшмаси фаолияти, балки мамлакатимиз маънавий муҳити тубдан янгиланишига хизмат қилади, десак асло муболаға бўлмайди.

Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда мамлакатимизда кечаётган шиддатли янгиланишлар ижод аҳлига мислсиз илҳом бахш этиб, янгидан-янги қаҳрамонлар, мавзулар кашф қилинишига сабаб бўлмоқда. Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси билан Тошкентда Адиблар хиёбони бунёд этилди, Ёзувчилар уюшмасининг янги биноси қад ростлади, ҳудудларда адабиётимизнинг ёрқин ва ўлмас сиймолари номидаги мактаблар ташкил қилинди. Мухтасар айтганда, бемисл ғамхўрликдан нафақат пойтахтда яшаб ижод қилаётган шоир ва ёзувчилар, балки энг чекка ҳудудлардаги ижод аҳли ҳам баб-баравар баҳраманд бўлмоқда. Бугунги кунда вилоятимизда 17 нафар Ёзувчилар уюшмаси аъзоси қизғин ижод билан машғул. Ҳавас­кор қаламкашлар, ёш ижодкорлар сафи тобора кенгаймоқда.

Президентимиз Хоразм вилоятига ҳар ташрифларида биз ижодкорлар билан учрашиб, дилдан суҳбатлашадилар. Айтиш мумкинки, кейинги йилларда буюк аждодларимиз ҳақидаги тарихий романлар салмоғи ортгани давлатимиз раҳбари берган илҳом маҳсулидир. Қурбон Муҳаммад­ризонинг «Абу Райҳон Беруний» роман-трилогиясининг икки китоби, Қўзи Давлатнинг «Мозийдан садо» трилогияси, Комил Авазнинг «Комил Хоразмий», Сотим Авазнинг «Мангулик жамоли» романлари ана шу суҳбатларда ўртага ташланган ғояларнинг бадиий ифодаси экани айни ҳақиқат.
Давлатимиз раҳбарининг ижод аҳлига эҳтироми, ўз навбатида, маҳаллий раҳбарларни ҳам китобхонликка, адабий жараёндан хабардор бўлишга, одамларни мутолаага тарғиб қилишга ундамоқда.
Ғамхўрликдан энди куртак ёзаётган ниҳолларимиз — ёш ижодкорларимиз, айниқса, мамнун. Зомин анжумани кўплаб ёш истеъдодларни кашф қилмоқда. «Биринчи китобим» рукнида хоразмлик тўрт нафар ижодкорнинг илк китоби «Ижод» фонди ҳомийлигида бепул чиқарилди. Тез кунларда яна бир ёш шоиранинг шеърий тўплами дунё юзини кўради.
Давлатимиз раҳбари ҳар бир ижодкор иккитадан шогирд тайёрлаши лозим, деган фикридан рағбат олиб, мен ҳам муносиб шогирдлар тайёрлашга астойдил ҳаракат қилаяпман. Бу йил 13 йил деганда биринчи марта адабиёт йўналишида хоразмлик қиз Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди. Бунда, шак-шубҳасиз, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимимизнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор.
Ўйлайманки, «Ижод» фондининг ҳудудий бўлимлари ташкил қилиниши, бўлимларга автотранс­порт воситалари ажратилиши, «Дўстлик клублари» ташкил қилиниши жойлардаги университет ва институтлар имкониятларидан беғараз фойдаланишимиз, шунингдек, саломатлигимизга бўлган эътибор бизга куч-қувват, илҳом бахш этади, меҳнатга ундайди, ­масъулиятимизни янада оширади.
Ғамхўрликка жавобан сермазмун асарлар яратиб, юртдошларимиз маънавиятини бойитишга, бунёдкор, интилувчан ёшлар сафини кенгайтиришга ва бу орқали жамиятимиз равнақига ўз ҳиссамизни қўшамиз. Ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлашни кучайтириш учун бор имкониятни ишга соламиз.
Навоий, Огаҳий каби буюк сўз санъаткорлари ўз ижодлари билан ўзбек халқини дунёга танитганлар. Биз ҳам халқимизга хос бетак­рор фазилатларни, амалга оширилаётган беқиёс бунёдкорликларни ўз асарларимизда тараннум қилиб, мамлакатимизни бутун жаҳонга машҳур қилишни ният қилмоқдамиз.

Гавҳар ИБОДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Хоразм вилояти бўлими
масъул котиби

Бошқа хабарлар