Тест топшириш қоидаларида янгилик

213

Давлат тест маркази айни пайтда кўпчиликни қизиқтираётган масала — жорий йилги имтиҳон жараёнларига киритилаётган ўзгариш ва янгиликларга ойдинлик киритди.

Тест синовларининг ҳаққоний ва шаффоф ўтиши, ҳар бир абитуриентга етарлича шароит яратилиши ҳамда тест натижаларини эълон қилиш жараёнини ҳар жиҳатдан мақбул тарзда ўтказиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори билан олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовларини ўтказиш тартибига оид низом тасдиқланди.
Унга мувофиқ жорий йилда Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовлари муддати 1 августдан 15 августгача икки нав­батда ўтказилади. Яъни биринчи навбат 8:00 да, иккинчи навбат эса 15:00 да бошланади. Бунда ҳар бир абитуриентга 2 метр квадратдан кам бўлмаган жой ажратилади. Эътиборли жиҳати, ҳар 30 нафар абитуриент учун битта видеокузатув тизими ўрнатилиб, тест ишлаш жараёнларини бевосита абитуриентларнинг ота-оналари ҳам кузатиши мумкин бўлади.

Шунингдек, тест синовлари ва уларнинг миқдорида ҳам ўзгаришлар мавжуд. Бу йилда ҳар бир фан учун 30 тадан тест топшириғи берилади (аввалгидек 36 тадан эмас). Тест топшириқларини бажариш учун (жавоблар варақасини тўлдириш билан бирга) 30 та тест топшириғига 1 соат, 60 та тест топшириғига 2 соат, 90 та тест топшириғига 3 соат вақт берилади.
Ўзгаришлардан яна бири абитуриентлар тест синовлари ўтказиладиган куни бинога тегишли ҳудудга соат 07:00 (иккинчи навбат соат 13:00) гача, бинога 07:30 дан (иккинчи нав­бат 13:30) гача фақат абитуриент рухсатномаси ва паспорти билан шахсни идентификациялаш воситалари ҳамда видеофиксация қурилмалари орқали тартибли равишда кириши лозим. Абитуриент рухсатномасида кўрсатилган сана ва вақтда тест синовларида иштирок этади. Ушбу тартиб қатъий, абитуриент бошқа вақт ва санада тест синовларида қатнаша олмайди.
Тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлар белгиланган иш вақтига мувофиқ, дам олиш кунларисиз ўн бир календарь куни ичида бўлган муддатда апелляция комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда апелляция шикоятини бериш ҳуқуқига эга. Мурожаатдан сўнг бу ҳақда уч кун ичида абитуриент хабардор қилиниши шарт.
Бундан ташқари, мазкур қарор билан бакалавриатга тест синовларисиз, касбий(ижодий) имтиҳонлар орқали ўқишга қабул қилиш бўйича таълим йўналишлари рўйхати ҳам тасдиқланди.
Энг муҳими, жорий йилдан бошлаб абитуриентлар талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани тўғрисида белгиланган тартибда тасдиқланган тест синовлари натижалари имтиҳон бўлиб ўтган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий сайтида эълон қилинади ҳамда олий таълим муассасаларига етказилади.

Сулаймон ҲАЙДАРОВ

Бошқа хабарлар