Буюк соҳибқирон, адолат ва қудрат соҳибига эҳтиром

260

Амир Темур — халқимиз тарихидаги бутун жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган буюк шахсдир.
Мустақиллик йилларида маънавий тикланиш ва янгиланиш жараёнида Амир Темур бобомизнинг муборак номи, бой мероси, хотираси ва тарихий сиймоси ҳам тикланди. 1996 йил мамлакатимизда Амир Темур йили деб эълон қилинди, Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланди, Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида муҳташам ҳайкаллари қад ростлади. Улуғ бобомиз шарафига орден таъсис этилди. 2011 йили Биринчи Президентимизнинг таклифи ва сўзбошиси билан «Темур тузуклари» асари мукаммал ҳолда, юксак сифат билан янгидан чоп этилди.

Амир Темур таваллуд топган кунни халқимиз улуғ аждодимиз хотирасига эҳтиром сифатида ҳар йили кенг байрам қилиб келади.
Анъанага кўра, 9 апрель куни пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда парламент аъзолари, вазирлик ва идоралар вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, олимлар, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик, юртимизда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси Н.Ҳабибуллаев, Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Е.Утембаев, Темурийлар тарихи давлат музейи директори, тарих фанлари номзоди ­Х.Файзиев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Н.Жўраев ва бошқалар Амир Темур сиймоси адолат, тинчлик, фаровонлик, тараққиёт тимсоли бўлиб, қудратли салтанат барпо этган, давлатчилик борасида бой амалий ва назарий мерос қолдирган, илму фан, бунёдкорлик, маданият, маънавият ривожига кенг йўл очган буюк аждодимизнинг ҳаёт йўли бугунги авлодлар учун ҳам ибрат мактаби эканини таъкидлади.
Амир Темур ва темурийларнинг давлатчилик, илм-фан, маданият, бунёдкорлик каби соҳалардаги улкан ва бой меросини ўрганишга қизиқиш жаҳон миқёсида тобора ортиб бормоқда. Юртимизда ва хорижда темурийларнинг дунё цивилизацияси равнақига қўшган улкан ҳиссасига оид кўплаб асарлар яратилмоқда, илмий тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Булар Соҳибқирон шахсияти ва уни етиштирган замин, тарихий шарт-шароитга доир янги-янги қирраларни кашф этишда муҳим аҳамият касб этаётир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, сиёсий, иқтисодий, илм-фан, ижтимоий-маданий соҳаларни ривожлантириш, тинчлик-осойишталикни, миллатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, бунёдкорлик ва халқ манфаатларига хизмат қилиш борасидаги ишлар улуғ аждодимиз Амир Темур фаолиятига мазмунан ҳамоҳанглиги билан аҳамиятлидир.
Зеро, буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг бунёдкорлик соҳасидаги тарихий хизматларини, муҳташам иморату иншоотлар қурдиргани, шаҳарларни тиклагани, салтанат пойтахти Самарқандни ҳар томонлама равнақ топтиргани, саройлар, масжидлар, мадрасалар, мақбаралар қурдиргани, шаҳар ташқарисида боғ-роғлар ва бўстонлар барпо эттиргани, фан, маданият ва санъат аҳлини ўз ҳомийлигига олиб, уларга иззат-икром кўрсатгани, халқларнинг ўзаро савдо-иқтисодий, маданий алоқаларини йўлга ­қўйишга шароит яратгани неча асрлардан буён авлодларга буюк маърифатпарварлик намунаси бўлиб келаётган бўлса, Президентимизнинг бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатлари нафақат халқимиз, балки бутун дунёда юксак эътирофга сазовор бўлмоқда.
Соҳибқирон бобомиз ўз тузукларида ­«Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир» деган бўлса, бугун мамлакатимизда тадбиркорлик, ишбилармонликни жадал ривожлантириш, тадбиркорларга кенг шароит ва имтиёзлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Темур бобомиз «Куч — адолатдадир!» дея хитоб қилган бўлса, бугун ҳам адолат, халқпаварлик, бағрикенг­лик давлатимиз раҳбари юритаётган сиёсатнинг устувор тамойилларидандир.
— Амир Темур шахси бетакрор, у инсоннинг ҳаёти ва фаолияти миллий давлатчилигимиз тарихида олтин даврни ташкил этади, — дейди тарих фанлари доктори Шоҳиста Ўлжаева. — Мус­тақиллик йилларигача улкан салтанат тузган қуд­ратли бобомизнинг фақат ҳарбий юришлари бир томонлама ўрганилиб келинган бўлса, миллий истиқлолга эришгачгина ул зотнинг тинчликка, тараққиётга қўшган ҳиссаси кенг тадқиқ этила бошланди. Европа ва Осиёни бирлаштирган ҳукмдор сифатида салтанати остидаги давлатларнинг ўзаро савдо-иқтисодий, маданий алоқаларини ривожлантиришга ҳисса қўшган, бунёдкорлик, илм-фанга ҳомийлик қилган. Унинг даврида барча соҳалар жадал ривожланган. Бугун улуғ бобомизнинг ишлари авлодлар томонидан муносиб давом эттирилаётир.
— Буюк саркарда бобокалонимизнинг ҳаёти, ҳарбий-сиёсий фаолияти, жанговар санъати, ватанпарварлик, халқпарварлик, мардлик ва жасорат фазилатлари биз авлодларда доим ҳавас ва ҳайрат уйғотади, — дейди Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот-технологиялари университетининг махсус факультети 4-босқич талабаси Шуҳрат Каримов. — Биз Соҳибқирон Амир Темур бобомизга муносиб авлод бўлишга, мард, юртни чин дилдан суядиган инсон бўлишга интиламиз.
«Темурбеклар мактаби» ўқувчилари томонидан ҳарбий машқлар намойиш этилди. Амир Темур ҳайкали пойига гуллар қўйилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов иштирок этди.

* * *

Шу куни Темурийлар тарихи давлат музейи­­да санъаткорлар ва болалар ансамбллари иштирокида миллий куй-қўшиқлар ижро этилди. Темур ва темурийлар даврига оид «Тангаларда акс этган тарих» деб номланган кўргазма намойиш қилинди.
Бундай тадбирлар Қорақалпоғистон Респуб­ликаси ва барча вилоятларда бўлиб ўтмоқда.

Байрам АЙТМУРОДОВ,
ЎзА мухбири

Бошқа хабарлар