Муносиб шароит ва юксак эътибор ходимларни янги марралар сари руҳлантирмоқда

130

«Деҳқонобод калий заводи» масъулияти чекланган жамияти республикамиздаги йирик ва истиқболли корхоналар сирасига киради. Буни мазкур корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг аксарияти хориж мамлакатларига экспорт қилинаётганидан ҳам билса бўлади.

Масалан, 2011 йилда 180 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, бу кўрсаткич 2017 йилга келиб 280 минг тоннага етди. Маҳсулотни хорижга сотиш 2011 йилда 143 минг тоннани ташкил этган бўлса, ўтган йилда бу рақам 245,54 минг тоннага етди. Заводда ишлаб чиқарилган калий хлорид минерал ўғити Хитой Халқ Респуб­ликаси, Қозоғистон, Туркманистон, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур, Малайзия, Шри-Ланка, Ироқ, Озарбайжон, Грузия, Арманис­тон, Туркия, Молдавия, Вьетнам, Украина ва Африка мамлакатлари бозорларига кириб борди.

«ҒАМХЎРЛИКДАН БОШИМИЗ  ОСМОНГА ЕТДИ»

Қаерда меҳнаткашларга етарли шарт-шароит­лар яратилса, қўллаб-қувватланса, ўша жойда меҳнат зафарларига эришишга бўлган рағбат ортиб бораверади. Мазкур корхонада ҳам бу борада диққатга сазовор ишлар амалга оширилмоқда. Чунончи, Наврўз байрами тантаналари доирасида ходимларни қўллаб-қувватлаш, улар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида фаолияти йўлга қўйилган ижтимоий объектлар фикримизни тасдиқлаб турибди.
Жумладан, жорий йил январь ва февраль ойларида ходимларнинг корхона ҳисобидан Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларига саёҳати ташкил қилинди. Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан корхонада фаолият кўрсатаётган 184 нафар аёлга совғалар тақдим этилди. Наврўзи олам шодиёналари ҳам қатор хайрли тадбирларга уланиб кетди. Тумандаги эҳтиёжманд оилаларда яшовчи 2 нафар имконияти чекланган фуқарога махсус аравача топширилди.
Юртимизда ёш оилалар, хусусан, имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитлар яратиш борасидаги тизимли саъй-ҳаракатлар ҳам барчани хушнуд этмоқда. Корхона томонидан ташкил этилган Наврўз шодиёналарида завод ходимларидан 5 жуфт ёшларнинг никоҳ тўйи ўтказилиб, ҳар бир оилага биттадан телевизор ва 1 млн. сўмлик омонат жамғарма дафтарчаси берилди.
— Бугун Сайгулхон билан тўйимиз бўлди, — деди биз билан суҳбатда корхона ишчиси Хуршид Хуррамов. — Қолаверса, халқимизда «Оиланг тинч — юртинг тинч», деган гап бор. Айём кунлари завод оилавий ётоқхонасида 10 та уй-жойга эҳтиёжманд бўлган оилага хоналар ажратилди. Замонавий мебеллар билан жиҳозланган шинам ва қулай хоналарда ёш оилаларнинг яшаши учун барча шароит муҳайё.
Шу куни эҳтиёжманд оилалар фарзандларидан 10 нафарининг суннат тўйи ўтказилиб, тўйболаларга 500 минг сўмлик омонат жамғарма дафтарчаси, велосипед ҳамда тўй сарпоси совға қилинди.
— Оқиртма қишлоғида яшаймиз, — деди тўйбола Абдуғани Абдуллаевнинг бувиси Хурсанд момо Шоймардонова. — Неварамнинг ­ота-онаси ногирон. Оилавий шароитимиз ҳисобга олиниб, кўрсатилган ғамхўрликдан бошимиз осмонга етди. Савоб иш ҳеч қачон ерда қолмайди. Корхонанинг янада ривожланишини тилаб, дуолар қилдик.

ҚУЛАЙЛИК ВА ИМКОНИЯТЛАР  КЎЛАМИ ОШМОҚДА

Эътиборли жиҳати, «Бешбулоқ» МФЙ ­Кимёгарлар шаҳарчаси аҳолиси учун қирқ ўринли мактабгача таълим муассасаси, кутубхона ва сунъий қопламали футбол майдончаси фойдаланишга топширилди.
— Кимёгар шаҳарчасида асосан ишчилар истиқомат қилишади. Бу ерда мактабгача таълим муассасасининг иш бошлаши эртанги кунимиз учун қўйилган муҳим қадамдир, — дейди корхона касаба уюшма қўмитаси раиси Норсаид Кўчкинов. — Янги кутубхона эса китобсевар инсонлар, зиё истовчиларга яхши совға бўлди. 5000 дан ортиқ китоб фондига эга ушбу масканда мутолаа қилиш учун барча шароит мавжуд.
Президентимизнинг 2017 йил 5 июндаги «Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида жамиятимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратиш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилган эди. Шунга кўра, Бешбулоқда сунъий қопламали майдоннинг ишга туширилиши спортнинг оммавийлигини ошириш билан бирга, ходимларнинг бўш вақтда мароқли ҳордиқ чиқаришига хизмат қилади, албатта.
Ватан тараққиётига ҳисса қўшиш, самарали меҳнати ортидан қадр ва эъзоз топиш — ҳар бир инсоннинг орзуси. Завод маъмурияти ва касаба уюшма қўмитаси томонидан фахрийларга эътиборни янада кучайтириш мақсадида 12 нафар пенсияга кузатилаётган ходимга эҳтиром кўрсатилиб, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Бундан ташқари, «Ҳар кунимиз Нав­рўз бўлсин!» шиори остида ўтган байрам сайилларида дошқозонларда палов тайёрланиб, «Энг мазали байрам оши» кўрик-танлови ўтказилди. Шунинг­дек, «Томорқа — қўшимча даромад манбаи!» шиори остида аҳоли орасида томорқалардан унумли фойдаланишни тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган «Энг намунали томорқа» кўрик-танлови ғолиб­лари ҳам муносиб тақдирланди.
Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила инс­титутини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида жойларда хотин-қизларни, шу жумладан, ногиронлиги бўлган хотин-қизлар билан аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни олиб бориш, уларни қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. «Деҳқонобод калий заводи» МЧЖ таркибида ташкил этилган «Тикувчилик цехи» эса мазкур қарор ижросини таъминлаш йўлидаги ҳаракатлар дебочаси деб айтишимиз мумкин. Бу ерда ишчилар учун зарур махсус иш кийим­лари, қўлқоп ва шу каби маҳсулотлар тайёр­лаш йўлга қўйилган бўлиб, биринчи навбатда, эҳтиёжманд ва ногиронлиги мавжуд хотин-қизлар иш билан таъминланди.

Байрам шукуҳи

— Наврўз — халқимиз томонидан қадимдан ардоқлаб келинган қадриятдир, — деди Ўзбекис­тон халқ бахшиси Қаҳҳор Раҳимов. — Қаранг, байрам муносабати билан қанчадан-қанча эзгу ишлар амалга оширилди. Тўйлар нишонланди, эҳтиёж­манд оилаларга ёрдам кўрсатилди, янги-янги ­масканлар иш бошлади. Булардан фақат фахрланиш, ғурурланиш лозим. Илоҳим, халқимизнинг яхши кунлари, байрамлари кўп бўлсин, элнинг бахти-ю тахтини куйлаб чарчамайлик.
Тантанали маросимлар чоғида Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев, Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Мавжуда Халилова, Қашқадарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Эсон Ражабов, «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раиси Январ Иноятов, Деҳқонобод тумани ҳокими Зоир Алиқулов, «Деҳқонобод калий заводи» ­масъулияти чекланган жамияти бош директори Ҳамидулла Шерматов йиғилганларни айём билан муборакбод этиб, самимий тилаклар билдиришди.
Дорбозларнинг ҳаяжонли томошалари, таниқли санъаткорлар томонидан ижро этилган дилбар куй-қўшиқ ва рақслар, турли спорт мусобақалари Деҳқонободдаги байрам шукуҳига янада тароват бахш этди. Озод юртга ярашган ободлик ва кўркамликдан кўнгиллар ўсди, эртанги кунимизга бўлган ишонч ва умидлар янада мустаҳкамланди.

Акмал АБДИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар