Олимлар давлатимиз эъзозида

188

Олимнинг меҳнатини қадрлаган давлат ва жамият ҳар томонлама равнақ топиши инсоният тарихида аллақачон ўз исботини топган. Ислом динининг муқаддас китоби бўлмиш Қуръони ­Каримда ҳам илмга даъват қилиниб, олимларнинг фаолияти юксак баҳолангани бежиз эмас. Айниқса, ҳозирги техника ва инновацион технологиялар даврида илм-фаннинг равнақига эришмасдан туриб, фаровон турмуш тарзини яратишнинг асло иложи йўқ.

Жорий йилнинг 5 апрелида ­«Республика олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорининг қабул қилиниши бу борадаги ишларни, айтиш мумкинки, янги сифат босқичига олиб чиққани билан аҳамиятлидир.
Зеро, мамлакатимизда таълим ва илм-фан тизимини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган изчил ва кенг кўламли ишлар ижтимоий-иқтисодий ва соҳа тармоқларини жадал ривожлантиришга қодир янги, юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш учун зарур шарт-шароитларни яратиш йўлида муҳим омил бўлиши шубҳасиз.
Қарорда таъкидланганидек, шу йил 1 сентябрдан бошлаб 81 та олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва 136 та илмий-тадқиқот ­институтлари илмий ходимлари таркибининг барча базавий лавозим маошлари миқдори сезиларли даражада оширилади: бу 38 минг тадан ортиқ олий таълим муассасалари (28,1 минг нафар), илмий-тадқиқот муассасалари (8,0 минг нафар) ходимлари ва 1,9 минг нафар докторант шундай имтиёздан баҳраманд бўлади демакдир. Илмий унвон ёки илмий даражасига эга бўлган олий малакали ва илмий-педагогик кадрлар меҳнатига ҳақ тўлаш тизимининг табақалаштирилиши ҳам айни муддао бўлди. Рағбат олий таълим муассасалари илмий ходимлари, профессор-ўқитувчилар таркиби ҳамда илмий тадқиқот институтларининг илмий ходимларини ўз билим ва касбий кўникмаларини янада оширишга хизмат қилади, албатта.
Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимлари мазкур қарорни мамнуният билан қарши олишди. Уларнинг кучига-куч, ғайратига-ғайрат қўшилди десам, асло муболаға эмас. Амалга оширилаётган илмий-амалий ишларимизнинг кўлами янада кенгайиши баробарида уларнинг сифат ва самарадорлиги ҳам ортишига ишончим комил. Бунинг учун иқтидор ва имкониятларимиз етарли.
Университетда илм-фан ривожига ўз ҳиссасини қўшаётган олимлар, докторантлар, ­мустақил тадқиқотчилар, магистрантлар ва иқтидорли талабалар кўплаб топилади.
Ҳозирда мавжуд кафедраларда 23 та ихтисослик бўйича 65 нафар таянч докторант (PhD) ва 4 та ихтисослик бўйича 4 нафар докторант (DSc) илмий-тадқиқот ишлари билан машғул.
Масканимизда фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчилар, илмий ходимлар ҳамда ёш олимлар фан ва технологиялар тараққиётининг устувор йўналишларига мос равишда Давлат илмий-техник дастурлари доирасидаги фундаментал, амалий ва инновация лойиҳалари бўйича кенг кўламли илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Бажарилаётган илмий-тадқиқот ишларининг асосий мақсад ва вазифалари ишлаб чиқариш корхоналарининг долзарб техник, технологик ҳамда ­хомашё муаммоларининг ечимига қаратилган бўлиб, хусусан, Давлат илмий-техника дастурлари доирасида 51 та илмий лойиҳа, шунингдек, 12 та фундаментал, 30 та амалий, 2 та инновацион, ёш олимларнинг 7 та фундаментал ва амалий ­лойиҳалари бўйича илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилаётир. Мазкур илмий лойиҳаларнинг бажарилишида 400 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилар, 60 нафардан ортиқ докторант ва ёш тадқиқотчилар, 200 нафардан ортиқ иқтидорли талаба ва магистрантларнинг фаол қатнашаётгани ютуқларимиз бардавомлиги гаровидир.
Президент қарори мамлакатимиздаги олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот ­муассасаларининг илмий салоҳиятини халқаро мезонлар даражасига олиб чиқиш, илм масканларининг нуфузини ошириш ва моддий-техник базасини мус­таҳкамлаш, таълим сифати ва самарадорлигига замин яратади. Шунингдек, иқтидорли, илмга чанқоқ талабаларни илмий иш, ижодий фаолият билан мунтазам шуғулланишга жалб этишнинг чинакам пойдевори бўлди. Ўз нав­батида, илмий салоҳият эгаларининг ҳам илм-фан йўлида фидокорона меҳнат қилиши, илм-маърифат йўлида жонбоз­лик кўрсатиши талаб этилади. Зотан, ўқиш, изланиш ва илмий-тадқиқот тараққиётисиз ёрқин келажакни тасаввур этиб бўлмайди.

Садриддин ТУРОБЖОНОВ,
Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ректори

Бошқа хабарлар