Сакура — ҳаёт рамзи

47

Ҳамкасабалар билан тушлик қилиб бўлгач, ишхонамиз атрофини бир айланиб келиш одатимиз бор. Куни кеча боғни айланиб юриб, дуч келганимиз бир гўзалликдан беихтиёр кўзимизни узол­май қолдик. Сўнг билдикки, у сакура дарахти экан. Сакура шундай виқор билан савлат тўкиб турибдики, «бу ҳаётда яшашни мендан ўрган», деяётгандек туюлди бизга.

Японларнинг ривоят қилишича, Тоғлар худоси Қуёш худосининг набираси Нинигига қизларидан бирига уйланишни таклиф этади. Шунда Ниниги ўзича ўйлаб кўрди: «Агар унинг катта қизига, яъни «Баланд чўққи»га уйлансам, келгуси авлодимнинг ҳаёти ­тошлар каби қаттиқ, ­мустаҳкам ва абадий бўлади. Кичик қизи Яшнага уйлансам, авлодимнинг ижтимоий келиб чиқиши қандай бўлишидан қатъи назар, умри қисқа бўлади-ю, аммо уларнинг ҳаёти сакуранинг гуллари каби гўзал ва мафтункор бўлади…». Ниниги Яшнани танлади ва япон императорларининг аждодига айланди.
Аммо… гўзалликнинг умри боқий бўлмаганидек, ҳаёт ҳам оқар сувдек тез оқиб ўтади, уни англолмай ҳам қоласан киши. Шу боисми, сакуранинг тўкилаётган гулларини туғилувчан ва ўзгарувчан умрнинг рамзига қиёслаш мумкин.
Токиодаги марказий боғлардан бирида ҳар йили Ханами байрамининг расман очилиши бўлиб ўтади. Бу маросимда нафақат таниқли давлат арбоблари, балки император оила аъзолари ҳам иштирок этади. Байрам кези шаҳардаги боғ ва хиёбонлар тумонат одамга тўлади. Қаерда сакура дарахти бўлса, шу ерда одамлар оқими кўпроқ бўлади. Айниқса, куннинг иккинчи ярмида, қоронғу ўз пардасини ташлаганида, сунъий равишда ёритилган сакура ўзгача фусунга эга бўлади. Ўйин-кулги авжига чиқади, йигит-қизларнинг танишувлари, бизнесменлар ва сиёсатчиларнинг келишув ва битими айнан Ханами байрамларида амалга оширилади.
Келинг, азизлар, САКУРА каби бу оқар сувдек ҳаётимизда ўзимиздан фақат яхши ном ва гўзаллик қолдирайлик!

Дилором ХУДОЙБЕРГАНОВА

Бошқа хабарлар