Хўжакўрсинга уруғ унмайди

208

Ер — ризқу-насиба, барака манбаи. Қадим-қадимдан бир парча ери бор киши ўзини туганмас бойлик соҳиби санаган. Балки шу тарбия боисми, ерга меҳр қон-қонимизга сингиб кетган. Диёримиздаги серҳосил ерларнинг аксарияти аҳолига томорқа сифатида тақсимланган бўлиб, биргина Самарқанд вилоятида 605 минг 800 та хонадон тасарруфида 60 минг гектардан ортиқ томорқа мавжуд.

Ҳавасланмай иложингиз йўқ. Хусусан, Жомбой тумани «Қўнғирот» маҳалласида яшовчи Алишер Жониқуловлар оиласи ҳовлидаги 10 сотихлик табиий иситиладиган иссиқхонада қишин-ёзин турли хил сабзавотлар етиштириш билан машғул.
— Бу йил бодрингнинг ўзидан ўн беш миллион сўмдан ортиқ даромад олдик, — дейди хонадон бекаси Мавжуда Жониқулова. — Бундан ташқари, бозорга кўкат, редиска, помидор ҳам чиқаряпмиз. Ернинг орқасидан рўзғоримиз обод.
Деҳқон омилкор бўлса, тошда гул ундиради. Иштихонда ҳам томорқага меҳр қўйиб, ундан барака топганлар кўп. Хусусан, давлатимиз раҳбари ташриф буюрган Хина қишлоғи аҳолиси томорқадан оқилона фойдаланиш ҳадисини олган. Бу ерда яшовчи 450 дан ортиқ оилаларнинг талай қисми иссиқхоналарда маҳсулот етиштиришни йўлга қўйган.

Шу туманда истиқомат қилувчи Ўнғол ака эски танишимиз. Самимий, дилкаш одам. Томорқасида етиштирган нақд ҳандалакдек анорларини кўрган жойимиз бор. Гап асноси ўз-ўзидан томорқа мавзуига тақалди. Илгари томорқаси ва даромадидан мақтанадиган акамиз, негадир, бирдан мунғайиб қолди.
— Ука, бир уятли иш бўлиб ўтган, — деди Ўнғол ака хомуш тортиб. — 2015 йилда агрофирмадан кредит эвазига картошка уруғи харид қилган эдик. Ҳосил пишиб етилса, хирмон кўтарсак, қарзни узиш бизга чикора эди. Аммо иш чаппасига кетди. Уруғ нобоп чиқди. Уруғга ҳам, меҳнатимизга ҳам куйиб қолдик. Қарздор одам бошини кўтара олмас экан. Агрофирма раҳбарлари кредитни ундиришга кўп келди. Шу-шу уларни кўрсам, мазам қочади. Ҳали-ҳануз бу ташкилотни очганлар бизни кредитни узмаганликда, биз эса уларни сифатсиз уруғ етказиб берганликда айблаб юрибмиз.
— Бу йил картошка экдингизми, уруғни қаердан олдингиз? — деб сўраймиз ундан.
— Бу йил ҳам экканмиз. Уруғни бозордан олдик, — дейди у. — Тўғри, бироз қимматроқ. Аммо қурбимиз етганича ҳаракат қилаяпмиз.
Ўнғол акадан эшитганимиз гап илгари ҳам қулоғимизга чалинган эди. Шунинг учун масалага ойдинлик киритиш мақсадида Иштихон туманидаги «Иштихон агро продукт» МЧЖ раҳбари Зокир Бобоқулов билан боғландик. Унинг айтишича, мазкур ташкилот айни чоғда фаолият кўрсатмаётган экан. Чунки корхона «Микрокредитбанк» туман филиалидан уруғлик учун олган 128 миллион сўмлик кредит қарздорлигини ёпишнинг иложини тополмаган.
— Банк филиали ҳисобимизга маблағ ташлаб бермаган, — дейди Зокир ака. — Лекин қорамол ва товуқларни ҳамда картошка уруғини банк тавсия қилган ташкилотдан олганмиз. Етказиб берувчини улар танлаган. Кредитга олинган моллар ва товуқлар ўзини оқлади. Бироқ картошка уруғлиги талаб даражасида чиқмади. Биз бир килограмм ҳам картошка уруғини исроф қилмасдан маҳаллалар кафиллигида томорқа эгаларига етказганмиз. Аммо ердан ўйлаган ҳосилини ололмаган томорқа эгалари олдида юзимиз шувут бўлиб қолди.
— Манфаатларингизни ҳимоя қиладиган, зарарни қоплайдиган ташкилотлар, хусусан, суғурта компаниялари билан шартнома тузилмаганмиди? — сўрашда давом этамиз ундан.
— Банк қошида очилган «Агроинвест суғурта» компанияси билан шартнома имзолаганмиз, — дейди у. — Уруғлик сифатсиз чиққач, бир неча маротаба ушбу ташкилотга мурожаат қилдик. Аммо орадан беш-олти ой ўтгач, суғурта ташкилоти тугаб кетганини эшитдик. Айланма маблағга эга бўлмаган ва қарздор бўлиб қолган корхонамиз ишни тўхтатишга мажбур бўлди.
Иштихонда томорқа хўжалигига кўмак кўрсатишга мўлжалланган 8 та агрофирманинг иши ана шу тариқа якун топган. «Ҳақиқат агро продукт» МЧЖ раҳбари Толиб Тўрақуловнинг эътироф этишича, у ўтган йили 31 тонна картошка уруғини томорқа эгаларига тарқатган. Аммо улардан олинган кредитни қоплаш учун сариқ чақа ҳам йиғиб олишнинг имкони топилмаган. Бунга сифатсиз уруғ сабаб бўлган. Қисқа қилиб айтганда, Иштихон тумани бўйича томорқа эгаларига етказиб берилган 645 миллион сўмлик картошка уруғлигидан деҳқонлар бармоқ тиш­л­­аб қолган.
Афсуски, вилоятнинг барча туманларидаги не-не умидлар билан очилган агрофирмалар йўқ жойдан бўйнигача қарзга ботиб, ўзини «банкрот» деб эълон қилишга мажбур бўлганлигини эшитиб ўйга толамиз.
Пайариқ туманида иш бошлаган ­«Чоштепа агро мева» МЧЖ бошлиғи ­Рустам Суяровнинг таъкидлашича, унинг ташкилоти 20 миллион сўмлик маҳсулотни икки маҳалла ҳудудида яшовчи шахсий томорқа эгаларига етказиб берган. Улар ҳам банк маб­лағ йўналтирган ташкилотнинг сифатсиз уруғи ­­боис қарзга ботган.
— Агрофирмалар сифатсиз уруғ туфайли томорқачилар олдида уятли бўлди, бу ҳам етмагандек қарзга ҳам ботди, — дейди Рус­там Суяров. — Унинг раҳбари сифатида ўз номимга банкдан кредит олиб, юзага келган қарздорликни узиб келаяпман.
Пахтачи туманидаги «Султонобод томорқа агро» МЧЖ ҳам «Микрокредитбанк» ва унинг қошида бир кўриниб ғойиб бўлган суғурта корхонаси туфайли ўз фаолиятига чек қўйганини билдирди.
Хуллас, Самарқанд вилоятида томорқадорларга кўмак кўрсатиш мақсадида ташкил этилган 132 та агрофирма ана шу тахлитда инқирозга учради. Эндиликда кредит эвазига ваъда қилинаётган уруғликдан кўпчиликнинг чўчиб тургани ҳам бежиз эмас.
Шу маънода Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 мартдаги «Деҳқон ­хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори айни муддао бўлди. Бундан буён катта иштиёқ билан иш бошлаётган «Томорқа эгалари иттифоқи» ҳам томорқа эгаларининг ишончли ҳамкори бўлишига умид боғлашмоқда. Зеро, «қарс» икки қўлдан чиқади. Шундай эмасми?

Нурилла ШАМСИЕВ

Бошқа хабарлар