Сейфдаги ариза иш бермади

52

Урганч шаҳридаги 36-сонли «Олмабоғ» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Н.Каримов ва йиғин масъул котиби М.Маткаримова ўртасида ўтган йили қиш ойларида бироз келишмовчилик юзага келди. — Ишлаш ёқмаётган бўлса, аризангизни ёзинг,— деди раис. Котиб ҳам жаҳл устида ариза ёзиб берди.
Иш бор жойда тортишувлар бўлиши табиий. Раис ва масъул котиб ўртасидаги келишмовчилик узоқ чўзилмади. Ўзаро муросага келишиб, ишга шўнғиб кетишди. Бироқ узоқни кўзлаган раис масъул котибнинг аризасини ҳар эҳтимолга қарши сейфига ташлаб қўйди. Орадан етти-саккиз ой ўтиб, раис «тўғри иш қилгани»га амин бўлди. Гап шундаки, 2017 йилнинг 11 сентябрида улар ўртасида яна келишмовчилик юзага келди.

Шунда маҳаллақўм сейфдан аризани олди-да, тагига шу куннинг санасини ёзди. Тепасига эса «Аризаси қаноатлантирилсин, ишдан бўшатилсин» дея «муносабати»ни қайд этди. Шу куннинг ўзида М.Маткаримовани ишдан бўшатиш ҳақида буйруқ тайёрланди. Буйруқда М.Маткаримованинг аризаси ва маҳалла фуқаролар йиғини кенгашининг мажлиси асос қилиб кўрсатилди. 12 сентябрь куни далолатнома тузилди. Унда баён этилишича, М.Маткаримова ишдан бўшатилгани ҳақидаги буйруқ билан таништирилган, у эса буйруқдан бир нусха олгани ҳолда буйруқ билан танишгани тўғрисида имзо чекишдан бош тортган.
13 сентябрь куни М.Маткаримова вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига ўз иш ўрнига тиклаш юзасидан ариза билан мурожаат қилди.
Ҳуқуқшунослар дастлаб муаммони ўзаро келишув асосида ҳал этишга ҳаракат қилишди. Маҳалла фуқаролар йиғини раисига қонун талаблари тушунтирилди. Жумладан, меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ Меҳнат Кодексининг 99-моддасига зид равишда чиқарилгани билдирилди. Бироқ вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасининг тақдимномаси рад этилди.
Шундан сўнг, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судига ишга тиклаш, мажбурий бекор юрган вақти учун иш ҳақи ва маънавий зарар ундириш ҳақида даъво аризаси билан мурожаат қилди. Суд аризани қаноатлантирди. 2017 йил 30 октябрдаги ҳал қилув қарори билан «Олмабоғ» маҳалла фуқаролар йиғинининг 2017 йил 11 сентябрдаги 4-сонли буйруғи ғайриқонуний деб топилиб, М.Маткаримовани ишга тиклаш, мажбурий бекор юрган вақти учун 1 056 500 сўм, етказилган маънавий зарар учун 400 000 сўм ундириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди.
Маҳалла фуқаролар йиғини раиси суднинг ушбу ҳал қилув қарорини бажаришни истамади. Апелляция тартибида суд­­га шикоят аризаси берди. Қайта кўриб чиқилган суд мажлисида 2017 йил 30 октябрдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилди. Ҳозирда М.Маткаримова ўз иш фаолиятини давом эттирмоқда.
Бу каби ҳолатлар кўпчилик иш берувчилар меҳнат қонунчилигини яхши билмасликларини кўрсатмоқда. Шу боис касаба уюшмалари томонидан бошланғич касаба уюшма қўмита раислари ва иш берувчиларнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш мақсадида режа асосида корхона, ташкилот ва муассасаларда амалдаги меҳнат қонунчилигига оид меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларга риоя қилишга доир кўплаб семинар тадбирлари уюштирилмоқда. Улар келгусида ўз самарасини бериши шубҳасиз.

Миркамол БОЛТАЕВ,
Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси етакчи юристконсульти

Бошқа хабарлар