Халқ билан ҳамнафаслик фаолиятимиз асосидир

37

Одамлар орасида бўлиш, уларнинг дардини эшитиш, оғирини енгил қилиш ҳар бир раҳбар ва мутасаддининг асосий вазифасидир. Халқ билан бирга бўлиш элнинг кўзи кўраётган камчиликларни осонгина илғашига ёрдам беради, уларни қийнаётган муаммоларни ҳис қилишига туртки бўлади. Ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш бўйича респуб­лика ишчи гуруҳининг Поп туманига ташрифи шу нуқтаи назардан ғоятда самарали бўлди.

Ишчи гуруҳ вакиллари ҳудудда хонадонма-хонадон юриб, аҳоли билан бевосита мулоқот қилди. Турли масалаларга доир таклиф ва шикоятлар тингланди. Фаол ташаббуслар умумлаштирилди, муаммоларнинг аксариятига жойнинг ўзида ечим топилди. Айрим муаммолар таҳлили эса кишини фикр қилишга, давлат ҳамда жамият олдидаги бурч ва мажбуриятларини янада чуқурроқ ҳис этишга ундагани ҳам айни ҳақиқат.

Бой берилган ташаббус  300 та иш ўрнини йўқотди

«Нуробод» МФЙ ҳудудидаги ўрганишлар чоғида собиқ Иссиқлик ишлаб чиқариш корхонасининг қаровсизликдан хароба аҳволга тушиб қолган бино ва иншоотлари мавжудлиги аниқланди. Поп тумани ободонлаштириш бош­қармасига қарашли бўлган 10,9 гектар майдондаги бинолар серғайрат, ташаббускор тадбиркорга муштоқ турибди.
— Ҳозирги кунда 2 нафар тадбиркорга 1,1 гектар ер майдони ажратиб берилган. 1 гектар 20 сотих ерни «Поп дон маҳсулотлари» корхонаси ижарага олган, — дейди туман ободонлаштириш бошқармаси бош ҳисобчиси Раҳматжон Холдоров. — Аммо улар ижара тўловларини тўламаяпти. Мазкур бинони сақлаш, қўриқлаш харажатлари корхонамиз зиммасида. Амалда бу ердан ҳеч қандай иқтисодий даромад олинмайди. Шу мақсадда мазкур иншоотларни тадбиркорларга бериш юзасидан таклифларни ўргандик. Бир неча талабгор келди, ҳужжатлаштириш учун туман ҳокимлигига юбордик. Шу ер имконияти бор одамга берилса, қанчадан-қанча киши ишли бўлиши тайин.

Ишчи гуруҳ аъзолари масаланинг иккинчи томонига ҳам жиддий ёндашишди. Маълум бўлишича, 2017 йилда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш, натижада 300 та иш ўрни яратиш мақсадида «Дилроза Боҳир» хусусий корхонаси томонидан ушбу бинога қизиқиш билдирилган.
— 4 та йўналиш — тўқимачилик, ун ишлаб чиқариш, мева-сабзавотларни сақлаш учун музхоналар ҳамда иссиқхоналар ташкил этиш бўйича бизнесни йўлга қўйиш борасида туман ҳокимиятига таклиф билан чиқдик, — дейди корхона иш юритувчиси Боҳир Орипов. — Бироқ туман ҳокимлиги вилоятга, вилоятдан пойтахтга жўнатишди. Пойтахтдан олган жавобимиз эса қонунга мувофиқ бўлди: мазкур биноларни аукционда сотиш ҳам ёки «ноль» қийматида бериш ҳам туман ҳокимлиги ихтиёрида. Бироқ амалда сансоларликдан бошқа ҳеч нарсага эришмадик. Шу сабабли ўзимизга чегарадош Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрига бўш бино излаб бордик. У ерда бизга бутунлай ­бошқача муносабатда бўлишди. Бўш бинолар рўйхати тақдим этилди. Улардан бирини танлаб, бугунги кунда фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш мақсадида таъмирлаяпмиз. Таъмирлаш ишларига 1 миллиард сўм атрофида маблағ сарфладик. Бизнес режамизни Поп тумани ҳокимлиги иқтисод бўлимига тақдим этганимизда ҳам токи технологияларни келтиргунча харажатлар ўз ҳисобимиздан, қолган ишлар банк томонидан берилажак кредит ҳисобига бўлишини маълум қилган эдик. Тез орада ангренлик 300 нафар йигит-қизни иш билан таъминлаймиз. Бу иш ўз туманимизда бўлганида биз учун ҳам фойда, ҳам савоб бўларди. Агар ҳозир ҳам бинони «ноль» қийматида беришса, 200 нафар кишини иш билан таъминлашга мўлжалланган аниқ режамиз бор.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, мазкур вайрона ҳудудга кирсангиз, икки хил манзарадан ҳайратга тушасиз. Бир тарафда абгор ҳолат, иккинчи тарафда деҳқонларнинг тошдан ҳам гул ундира олишини кўрсатувчи манзара. Корхона ҳудудидан ажратилган 53 сотихли майдонда 7 та иссиқхона барпо этган Маҳмудхон Маматхонов доимо ҳаракатда. У 2012 йилда ҳудуднинг тош-шағалли қисмини иссиқхона сифатида фойдаланиш учун олган эди. Бу ерга тупроқ олиб келиб, фойдаланишга яроқли ҳолатга келтирди, қудуқ ковлатиб, сув чиқарди. Сувдан оқилона фойдаланиш учун еттита иссиқхонада ҳам томчилаб суғориш тизимини йўлга қўйилган. Битта лимонарий, қолганларида помидор, бодринг, кўкатлардан яхши даромад олинмоқда.
— Меҳнат қилган ҳеч қачон кам бўлмайди, — дейди М.Маматхонов. — Ишлаб ҳам даромад топасиз, ҳам саломат бўласиз. Чунки ҳамма ёмонликнинг ортида бекорчилик, дангасалик туради. Фарзандларимга доимо шуни таъкидлайман. Туманнинг бошқа ҳудудида ҳам 1,9 гектарлик боғим, 30 бошга яқин қўй-қўзи, 10 бош сигир-бузоқларим бор. Бундан ташқари, маҳалламиздаги 15 нафар аёлни мавсумий иш билан таъминлаймиз.

«Бизга ишонч билдиришди»

«Дунёда номинг қорага чиқишидан ёмони йўқ. Худди ҳамма қўлини бигиз қилиб кўрсатаётгандек туюлaверади кишига. На ейиш-ичиш ва на ётиш-туришда ҳаловатинг бўлади. Бир марта адашиб қўйилган қадаминг алами йиллар давомида ҳаётингга раҳна солаверса, бундан ёмони йўқ экан». Кўзда ёшу дилда ҳақ билан айтилган бу сўзларнинг қанчадан-қанчаси бугун қувончга эврилмоқда.

— Турли бузғунчи оқимга қўшилганларни рўйхатдан чиқаришнинг ўзи билан иш битмайди, — дейди вилоят ҳокими ўринбосари
Ҳ.Маткаримов. — Уларнинг ижтимоий ҳаётга мослашувини таъминлаш, доимий даромад топишига ёрдам бериш масаласи ҳам эътиборимизда. Чунки инсон ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этилса, атрофдагиларга меҳр кўзи билан қарай бошлайди, ҳаётга қизиқиши ортади. Шу мақсадда рўйхатдан чиқарилганлар билан тизимли ишларни амалга оширишни йўлга қўйдик.

Эҳтиёжига қараб, томорқадан унумли фойдаланиши учун дастлабки сармояни шакллантиришга ёрдам қилмоқдамиз. Парранда, қорамол олишига кўмаклашмоқдамиз.
Аъзамжон Тошматов (исми-шарифи ўзгартирилган) Корея Республикасига 2000 йилларда ўқишга бориб, бу ердаги олий ўқув юртида таҳсил олиш жараёнида билиб-билмай турли диний экстремистик оқимлар аъзолари билан мулоқотга киришиб қолади. Ҳаётидаги бу ўзгаришлар Ўзбекистондаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан ўрганилиб, унга жиноий қидирув эълон қилинади.
Бундан хабар топган Аъзамжон Тошматов ўзи билан боғлиқ барча материалларни Ўзбекистон томонига тақдим этади. Аммо тайинли жавоб ололмагач, ватанга қайтмасликни ягона чора сифатида қабул қилади ва Кореяда меҳнатини давом эттиради.
У ўтган йили давлатимиз раҳбарининг диний эътиқод ва ҳуқуқлар борасидаги ­сиёсатидан хабар топиб, порталга хат билан мурожаат қилади. Шундан кейин уни қийнайдиган муаммо атрофлича кўриб чиқилади ва она юртига қайтса, жиноий таъқиб қилинмаслигига ишончи ўйғонади. Иқтисод фанлари доктори бўлган йигит нафақат диний оқимларга мансублик рўйхатидан чиқарилди, балки ундан мамлакат тараққиёти учун ҳисса қўшиш борасида таклиф ва мулоҳазалар билан иштирок этиш имконияти яратилди.
— Очиғи, ўзга юртларда сарсон-саргардонликдан ортиқ азоб-изтироб бўлмаса керак. Икки нафар фарзандим Кореяда туғилди. Президентимизнинг хориждаги ёшлар ҳам Ўзбекистон тараққиёти учун ўз илми, билими ва тажрибаси билан хизмат қилса, барча шароитларни муҳайё қиламан, деган мурожаати қалбимга катта ўт ёқди, — дея тўлқинланиб сўзлайди А.Тошматов. — Ватанимга қайтгач, тергов жараёнларида барча нарсага ойдинлик киритилди.

Ҳозир пойтахтдаги нуфузли олий таълим даргоҳида меҳнат қилаяпман. Шу билан бирга инвестициялар бўйича давлат дастурлари лойиҳаларига жалб қилинганман. Таълим соҳасини такомиллаштириш бўйича ҳам лойиҳа тайёрлаяпман. Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга сидқидилдан ҳисса қўшаётганимдан мамнунман.

«Пиллакаш» МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи Аҳроржон Маманазаров ҳам тўғри йўлдан адашиб, турли бузғунчи оқимларга қўшилиб қолган. Шу сабабли умрининг ўн олти йилини панжара ортида ўтказишга мажбур бўлди. Озодликка чиққач, тадбиркорликни йўлга қўйди.
Уйида шоли ва буғдой тегирмонларини қурганидан сўнг иши бироз юришди. Ҳозирги пайтда у томорқасида иссиқхона ташкил этиб, тарвуз кўчатларини буюртма асосида деҳқонларга етказиб бераётир. Айни кунда 47 000 туп тарвуз кўчати тайёр, йигирма беш минг кўчат учун махсус идишларга уруғ қадалмоқда. 5 минг дона бодринг кўчати ҳам униб чиқди. Кўчатлар сотувидан 7,6 миллион қўшимча даромад олишни мўлжаллаган. Кўчатлар томорқанинг биринчи ҳосили бўлиб, ундан кейин яна икки маротаба экинлардан даромад олинади. Ҳовлисида 20 туп бодом, 10 туп гилос қийғос гуллаб турибди.
— Отамнинг кўзларидаги меҳрни кўриб, шунча йиллик гул умрим ҳавога совурилганидан афсусланаман. Олий маълумотли муҳандис-дастурчи эдим, — дейди Аҳроржон Маманазаров. — Ишлайдиган одам қадр топадиган юртда яшаяпмиз. Кам рентабелли ерлардан олиш учун туман ҳокимлигига ариза билан чиқдим. Ер ажратилса, ёнғоқ ва бодом экаман. Тадбиркорлик туфайли олаётган фойдамиз йил сайин ошаётганидан ғайратим ичимга сиғмай кетаяпти. Катта қизимни унаштириб қўйдим, яқинда тўй қилмоқчиман.
Омилкорлик, ҳалол меҳнат, сабр-қаноат ва бамаслаҳат қилинаётган ишлар натижасида оила шу йил савдо дўкони очди. Унинг ичида китоблар савдоси йўлга қўйилган. ­Кимёвий ўғитлар ва дорилар, уруғлар сотиладиган, уларга энтомологик хизмат кўрсатувчи ўсимликлар клиникаси ҳам ишлаб турибди.
— Яқин атрофдаги 6 та маҳалламизда китоб дўкони мавжуд эмас эди, — дейди сотувчи Ҳуснида Қодирова. — Шу йил 10 мартдан иш бошладик. Ҳозир сотувда 60 тадан ортиқ номдаги китобларимиз бор. Таниқли адиб ва шоирларимизнинг қаламига мансуб бадиий асарлар билан бир қаторда деҳқончилик, боғдорчилик, асалари­чилик, томорқа маданиятига оид қўлланмалар ва кўргазмали материалларга талаб жуда катта.
Ишчи гуруҳи томонидан 77 та маҳалла йиғинидаги 22 041 та хонадонга уйма-уй кириб чиқилди. Турли йўналишларда 11 283 та муаммо аниқланди. Энг муҳими, барча саъй-ҳаракатлар одамларнинг розилигини олиш, уларнинг ҳаётдан мамнун бўлишига хизмат қилмоқда.

Дилдора РАҲМОНОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар