«Шошманг, ўйлаб кўринг!..» ёхуд эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ асоратлари

753

Ҳузуримда 45 ёшлардаги аёл ёнида қизи билан бошини эгиб ўтирибди.
— Доктор, илтимос, қизимнинг фарзанд кўришига ёрдам беринг, оиласи бузилиб кетмасин.
Келинчак эндигина 18 ёшда бўлса-да, уч марта ҳомиласидан айрилган. Оиласидагилар бу ҳолат яна такрорланишидан хавотирда. Маълум бўлишича, қиз ўн еттига тўлиб-тўлмай турмушга чиққан. Бу пайтда у коллежнинг учинчи босқичида таҳсил олаётган бўлган.
— Нега бунча шошилдингиз? — деб сўрадим онасидан.
— Қуда томон қўймади. Кекса бувиси бор экан, неварамнинг тўйини кўрай дебди. Дадасининг оғайниси эди. Биз ҳам рози бўлаверибмиз. Бундай бўлишини билганимизда, асло кўнмас эдик.

Мен шифокорлигим боис туйғуларимни ичимга ютган ҳолда онага қизини эрта турмушга бериб катта хато қилганини тушунтирдим. Бўлажак она фарзандини қўлига эсон-­омон олиши учун бор касбий маҳоратимни ишга солдим. Аёл неваралик бўлди. Гарчи муаммо ижобий ечим топ­ган бўлса-да, бу воқеа хаёлимдан кўп вақтгача кетмади. Чунки бу эрта никоҳ билан боғлиқ биргина муаммо эмас. Эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ кўплаб ижтимоий, маънавий, иқтисодий, тиббий муаммоларни келтириб чиқаради. Бунга мисоллар ҳам етарли. Бугунги кунда қайси даврада бўлмай, ким билан суҳбатлашмай, албатта, ушбу мавзуга тўхталаман. Бундай никоҳнинг салбий оқибатларини мисоллар ёрдамида тушунтиришга ҳаракат қиламан.
Йигит-қизларнинг турмуш қуриш ёши оила мустаҳкамлигига таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан бири саналади. Афсус­ки, айрим ота-оналар кўпинча фарзандининг келажак тақдири, бахт-саодати ҳақида ўйламай, ҳали балоғат ёшига етмаган қизини узатиш ёки қариндошимнинг қизи бегона бўлмасин, деб ўғил уйлантириш тараддудига тушади. Бунинг оқибатида қизларни ўн олти, ҳатто ундан кичик ёшда турмушга узатиб юбориш ҳоллари учраб туради. Аммо бу кўпинча бўлғуси онанинг саломатлиги ва руҳияти, қолаверса, ёш оиланинг мустаҳкамлиги, туғилажак фарзанднинг соғломлигига салбий таъсир кўрсатади. Авваламбор, бундай ёшдаги қизларнинг соғлом фарзандни дунёга келтиришида турли муаммолар келиб чиқади. Қизларнинг жисмонан ва руҳан оналикка тайёр бўлмасдан оила қуриши туғруқ жараёнида ўлим хавфи ортишига сабаб бўлади. Бинобарин, эрта ҳомиладорлик ёш она ҳамда бўлажак фарзанд учун ҳар томонлама хавфлидир.
Ёш аёлларда ҳомиладорлик давридаёқ турли патологик, экстрагенитал хасталиклар кучаяди, йўлдош етишмовчилиги, суяклар тизимида рўй берадиган ўзгаришларнинг салбий оқибатлари кузатилади. Эрта ҳомиладорлик аксарият ҳолларда бола тушиши ёки ўлик туғилиши билан тугайди. Бу ҳолат ҳомиланинг нуқсонли ривожланиши сабабли ҳам она, ҳам бола саломатлигига катта хавф туғдиради. Бундай асоратлар кейинги ҳомиладорликнинг одатдагидек кечиши ва туғруқнинг табиий равишда амалга ошишига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли ёш турмуш қурган аёлларнинг фарзандлари жарроҳлик амалиёти орқали дунёга келтирилади. Она қорнида суст ривожланган чақалоқларнинг вазни анча кам бўлади ва афсуски, уларнинг аксарияти узоқ яшамайди. Бу эса ёш онанинг руҳиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Булар саломатлик билан боғлик муаммолар. Эрта турмуш қурганларнинг аксарияти коллеж ўқувчилари экани уларнинг ўқишга тўлиқ қатнаша олмаслигига сабаб бўлади. Демак, бундай қизлар эртага ўзлари ният қилган касб-ҳунарнинг этагидан тута олмайди. Орзулари саробга айланади. Ҳали ёш бўлгани туфайли рўзғор тутишни яхши билишмайди. Оқибатда қайнонадан дакки эшитади. Ота уйи­­да эрка ўсган қиз таъна-дашномларга чидай оладими? Ҳар доим ҳам эмас. Натижада оилавий можаролар юзага келади. Эрта никоҳ оиланинг эрта дарз кетишига сабаб бўлиши мумкин.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш борасида юртимизда ­кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Масалага давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Эрта оила қурган шахслар, шунингдек, бунга йўл қўйган ­ота-оналар, таълим ва диний муассаса ходимлари жавобгарликка тортилмоқда. Оила, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва жиноят кодексларига никоҳ ёши тўғрисидаги қонун талабларини бузганлик, яъни никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга ёки уни эрга бериш ёки уйлантириш, шунингдек, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш учун жавобгарликни белгиловчи қоидалар киритилди.
«Таълим тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасида таълимнинг узлуксизлиги ва изчиллиги, шунингдек, умумий ўрта ва ўрта махсус таълимнинг мажбурийлиги, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасида эса ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларини бажармаслик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.
Бироқ муаммо узил-кесил ҳал бўлиши учун ҳар бир киши масалага онгли равишда ёндашиши зарур. Оила қуриш ўйин эмас. Оила — муқаддас даргоҳ. Фарзандларимизни бу даргоҳ сари бошлар эканмиз, уларнинг маънавий, тиббий, ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан тайёргарликларини инобатга олишимиз шарт.

* * *

— Дўхтир, илтимос, неварам соғлом туғилсин. Катта неварам касалманд. Илтимос…
Ҳузуримда сарғайиб ўтирган отахонга қандай жавоб қайтарай? Тўғри, тиббиёт тобора ривожланмокда. Бундан беш-ўн йил аввал имконсиз туюлган муолажалар амалиётга татбиқ қилинмоқда. Аммо… ҳали тиббиёт қариндош­лар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатларига ечим топгани йўқ. Бундай оқибатнинг олдини олишнинг ягона йўли — унга йўл қўймасликдир.
Бугунги кунда скрининг текширувлари натижалари шуни кўрсатмоқдаки, болалардаги турли хил нуқсонлар, айниқса, асаб тизими ва генетик нуқсонлар айнан қариндошлар ўртасидаги никоҳ туфайли юзага келаётир. Бунинг олдини олиш учун, аввало, ота-оналар етарли тиббий билим ва тушунчага эга бўлиши лозим.
Аммо айримлар қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатларини кўра-била туриб, шошма-шошарлик ва ўзбошимчалик билан қарор қабул қилишади. «Мол-мулким бегонага қолмасин», «Қариндошлик ришталари узилмасин» қабилидаги нотўғри ёндашув кишини боши берк кўчага бошлайди. Фарзанд ногирон туғилса, пешона тери эвазига тўплаган мол-мулк унинг саломатлигини муҳофаза қилиш учун сарф бўлади. Шу ўринда уларга қарата шундай дегим келади: Мулкингизни бошқаришга лаёқати бўлмаган меросхўрдан кўра бегона билан қариндош­лик ришталарини боғлаган, соғлом фарзандлар, соғлом неваралар кўриб, наслингизнинг давом қилишидан кўпроқ манфаатдор бўлмайсизми? Етмиш-саксон фоиз қариндошлар ўртасидаги никоҳ натижасида носоғлом фарзандлар дунёга келади, оилалар ўртасида совуқчилик пайдо бўлади, ёш келин-куёв руҳий тушкунликка тушиб қолади. Кимнингдир ўйламай қилган хатоси туфайли ёш оилалар бузилиб кетади, келин-куёвларнинг ҳаёти издан чиқади.
Мамлакатимизда оила институтини мус­таҳкамлаш, шунингдек, унинг нуфузини ошириш, ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ва соғлом фарзандни дунёга келтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бироқ қариндошлар ўртасида никоҳ ва қизларни эрта узатиш ҳолатлари кузатилаётгани ғоят ачинарли. Чунки улар тўғрилаш имкони бўлмаган салбий оқибатларга олиб келади. Бу эса мазкур масалага янада теранроқ назар ташлаш, янада масъулиятлироқ ёндашиш лозимлигини кўрсатади.
Соғлом авлодни тарбиялашда оиланинг ўрни муҳим ва бетак­рордир. Инсон саломатлиги ва маънавий камолотининг биринчи пойдевори оилада қўйилади. Жамият ривожланиб, маънавий омилларнинг ижтимоий тараққиётидаги ўрни ва аҳамияти ортган сари оиладаги тарбия ва эътибор ҳам кучаяди.
Қизларнинг оиладаги ўрни катта. Чунки аёл суюкли ёр, меҳрибон она. Шунинг учун ҳам қизларни эрта турмушга бериш ўрнига уларни ўқитиш, ҳунар ўргатиш зарур. Опа-сингил, ака-ука билан қуда бўлиб, қариндошлик ришталарини мустаҳкамлайман деганлар адашади. Қариндошлик ришталари қудачилик билан эмас, меҳр-оқибат орқали ­мустаҳкамланади.

Меҳрибон ЮСУПОВА,
тиббиёт фанлари доктори, профессор

Бошқа хабарлар