Қулайлик ва соғлом рақобат ютуқлар гарови

20

1990 йилда Хатирчи туманидаги биринчи фермер хўжалиги сифатида иш бошлаганимизда 40 гектар майдонда деҳқончилик қилар эдик. Бугунги кунга келиб 83 гектар ерни ўзлаштирдик.
Хўжалигимиз пахта, ғалла ва мева-саб­завот етиштириш билан бирга қоракўлчиликни ҳам йўлга қўйган. 2015—2017 йилларда 1 миллиард 570 миллион сўмлик даромад, 570 миллион сўмлик соф фойда олдик.

Хўжалигимизда 150 бош қорамол парваришланмоқда. Айни кунларда Германиядан яна 40 бош «Голштин» зотли қорамол олиб келиш тараддудидамиз. Яқинда Навоий шаҳрида сутни қайта ишлаш цехи, «Биллур» кафесининг қуриб ишга туширилганини ҳам айтиб ўтиш жоиз.
Президентимизнинг «Ўзбекистон Респуб­ликасида мева-сабзавотчиликни жадал ривож­лантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони янги режаларимизга қанот бағишлади.
Унга мувофиқ 2018 йилда ҳар бир ҳудудда мева-сабзавот кластерлари барпо этилиши ва 2019 йилдан бошлаб мева-сабзавот етиштиришга ихтисослаштирилган барча туманларда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг кластер усули қўлланилишини ўқиб, хурсанд бўлдим. Чунки эндиликда экспортга чиқариладиган маҳсулотларимизни сотиш янада осонлашади.
Ҳозир 3 гектар ерга экилган саримсоқпиёздан тўрт тонна ҳосил олишни мўлжаллаяпмиз. Маҳсулот июнь ойида Россия давлатига экспорт қилинади. Шунингдек, 4 гектар ерга гилос кўчатини ўтқаздик. Аҳамиятлиси, бир гектар ерга пахта экиш ўрнига экспортга йўналтирилган гилосдан юз баробар ортиқ фойда олиш мумкин экан. Маҳсулотни кластер тартибида тез ва ортиқча чиқимларсиз экспорт қилиш имконияти яна бир қулайлик саналади.
Дарҳақиқат, қишлоқ хўжалиги соҳасида клас­тер тартибининг жорий этилиши деҳқон-фермер учун айни муддао бўлди. Хориж тажрибасидан маълумки, бу тизим соғлом рақобатни юзага келтиради. Ҳудудни ривож­лантириш учун клас­терли тузилмаларни ­шак­л­­­­­лантириш қўшимча иш ўринларини яратиш, маҳаллий бюджет даромадларини ошириш, ваколатларини тақсимлаш, фермер ва бошқа тадбиркорлик субъектларининг инновацион фаоллигини ошириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш каби янги имкониятларни тақдим этади. Буни фаол фермерлар аллақачон тушуниб етган.

Маҳсуда НАЗАРОВА,
«Назар бобо» фермер хўжалиги раиси,
«Дўстлик» ордени соҳибаси

Бошқа хабарлар