Анжуманга қизиқиш катта

118

Жорий йилнинг 24-26 апрель кунлари Касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан ҳамкор ташкилотлар иштирокида ўтказиладиган «Ҳаракатлар стратегияси ва кучли ижтимоий сиёсат: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси» мавзусидаги халқаро конференция олдидан брифинг ташкил этилди.

Унда журналистларга халқаро анжумандан кўзланган мақсад ва унинг мазмун-моҳияти, конференция якуни бўйи­­ча қабул қилиниши кўзда тутилган тавсия­лар тўғрисида таҳлилий ахборот ва маълумотлар тақдим этилди.
Брифингда ушбу анжуманни ўтказиш ғоя­­си Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси (ХКУК), Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг Умумевропа ҳудудий кенгаши, Халқаро иш берувчилар ташкилоти томонидан тўла қўллаб-қувватлангани, конференция ишида мазкур нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатларнинг касаба уюшма марказлари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дунё миқёсида обрў-эътиборга эга бўлган хорижий экспертлар ва олимлар иштирок этиши алоҳида қайд этилди. Конференцияда 30 дан ортиқ мамлакатдан нуфузли хорижий экспертлар ва олимлар, шунингдек, Ўзбекистон Рес­публикаси Парламенти аъзолари, мамлакатимиздаги суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари, вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, республика ва хорижий оммавий ахборот воситалари ҳамда Ахборот агентликлари журналистлари қатнашади.
Халқаро конференцияни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад — муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва ҳаётга изчил татбиқ этилаётган «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривож­лантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйи­­ча Ҳаракатлар стратегияси» асосида фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш борасида шу кунгача амалга оширилган тизимли ислоҳотлар ва уларнинг ижобий натижасини, мамлакатимизнинг янги иқтисодий ва сиёсий қиёфасини халқаро ҳамжамиятга намоён этиш, хорижий экспертларни катта кўламдаги ижобий ишлар билан яқиндан таништириш ҳамда мазкур йўналишдаги халқаро тажрибани ўрганиш, шунингдек, аҳолини кучли ижтимоий ҳимоялаш соҳасида давлат органлари, касаба уюшма ташкилотлари, Савдо-саноат палатаси ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш истиқболларини белгилаб олишдир.
Тадбирда ялпи мажлисдан бир кун аввал хорижий иштирокчиларнинг Самарқанд, Бухоро ва Тошкент вилоятларига ташрифлари режалаштирилгани маълум қилинди. Бу меҳмонларга мамлакатимизда олиб борилаётган кучли ижтимоий сиёсат ва инсон манфаатлари йўлидаги ислоҳотларнинг натижаларини оддий одамлар ҳаёти мисолида кўриш имконини беради. Хусусан, хорижликлар соғлиқни сақлаш таълим муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти билан яқиндан танишиб, ижтимоий инф­ратузилма объектлари, аҳолининг кам таъминланган тоифалари учун қурилаётган арзон уй-жой мажмуалари, меҳнат жамоалари ва аҳоли хонадонларида бўладилар. Шунингдек, тарихий обидаларга ташриф уюштирилади.
Брифингда халқаро конференция бевосита ижтимоий-меҳнат масалаларини ҳал этиш билан шуғулланувчи анжуман иштирокчиларининг таклифлари, фикрлари ва тажрибаларини конструктив муҳокама қилиш учун халқаро майдон вазифасини ўташи алоҳида таъкид­ланди. Анжуманнинг айнан шу форматда ўтиши Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятга очиқлигини, мазкур йўналишда илғор халқаро ва хорижий тажрибани ўрганиш ҳамда ҳаётга татбиқ этишга ҳамиша тайёр эканлигини намоён этади.
Таъкидландики, Халқаро анжуманнинг биринчи Ялпи мажлиси 25 апрель куни «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасининг «Амир Темур» конференц-залида ўз ишини бошлайди.
Ялпи мажлисдан сўнг иштирокчилар 4 гуруҳга бўлинган ҳолда секциялар бўйича йиғилишларда иштирок этадилар. Секциялар ­бўйича йиғилишлар «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасининг «Амир Темур» ва «Самарқанд» залларида ҳамда «Xalqaro Hamkorlik Markazi» АК Халқаро бизнес марказининг «Навоий» ва «Тошкент» залларида бўлиб ўтади.
Секция йиғилишларида аҳолининг реал даромадлари ва бандлиги даражасини ошириш орқали ижтимоий ҳимояни кучайтириш, фуқаролар ва улар саломатлигини ижтимоий ҳимоя­лаш, арзон уй-жойлар қуриш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инф­ратузилмаларни ривожлантиришнинг мақсадли дастурларини амалга ошириш, фан ва таълим соҳасини ривожлантириш истиқболлари, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш йўналишларидаги ишлар хусусида фикр юритилади.
26 апрель куни ялпи мажлис ва секциялар бўйича йиғилишлар давом эттирилади. Ялпи мажлисда секциялар модераторларининг тақдимотлари эшитилади ҳамда халқаро конференция­нинг якуни бўйича Тавсиялар қабул қилинади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси Матбуот хизмати

Бошқа хабарлар