Берилмаган телевизор

269

Ўтган йили Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Арнасой туман кенгаши томонидан тузилган рўйхат асосида кўплар қатори бу аёлга оилавий шароити ҳисобга олиниб, ­микротўлқинли печ совға қилинди. Ўғлининг суннат тўйи ўтказиб берилди. Бу йил эса аёл тўрт нафар вояга етмаган фарзанди борлигини рўкач қилиб, эндиликда касаба уюшмаларидан телевизор сўради…

Касаба уюшмаси кенгаши раиси аризачи аёл билан обдон суҳбатлашди. Ўзини ишга, болаларини боғчага имтиёзли жойлаштиришга кўмак беришга ваъда берди. Суҳбат якунида агар ишга кирса, касаба уюшмалари унинг меҳнат ҳуқуқларини доимо ҳимоя қилиши, таътил пайтлари фарзанд­ларини оромгоҳ, ўзини сиҳатгоҳларга жўнатиши, турли кўнгилочар, байрам, спорт тадбирларига жалб этиши, янги иш жойидаги жамоа шартномаси орқали моддий ёрдам берилиши, мактаб ёшидаги фарзандлари ўқув қуроллари билан таъминланиши каби имтиёзлар тақдим этишини ётиғи билан тушунтирди.
Бу гапдан кейин аёл «текин» телевизор сўраб ёзган аризасидан воз кечди. Ишга кириб, одамларга фойдаси тегишини, мамлакатимиз тараққиёти учун хизмат қилишни афзал кўрди. Меҳнат билан эришилган мулк қадрлироқ бўлишини англади. Ҳозирда у туманда янги барпо этилган корхоналардан бирида иш бошлаган.
Арнасой тумани Жиззах вилоятининг энг олис ва чекка ҳудудларидан саналади. Кейинги йилларда туман агросаноат тизимида ижобий ўзгариш­лар рўй берди. Бунда тармоқ ходимлари касаба уюшмасининг ҳам борлиги қувонарли.
Олти минг нафарга яқин аъзони сафида бирлаштирган кенгашга тажрибали, ўз ишининг билимдони бўлган Нормурод Низомов раҳбарлик қилмоқда.
Туманда ўтган йили кам таъминланган тўққиз оиланинг уйи таъмирлаб берилди. Бундан ташқари, 35 та оилага тўрт фоизлик имтиёзли кредит ажратилди. 34 та оила эса газ плитаси ва баллони билан таъминланди. Чекка ­қишлоқларда истиқомат қилувчи эҳтиёжманд оилаларнинг 111 тасига маиший техника жиҳозлари улашилди. Олти нафар ижтимоий ҳимояталаб беморга дори-дармон олиб берилгани ҳам шундай савобли ишлар сирасидан.
Мисол учун, Навруза Борлиева вилоят кўп тармоқли шифохонасида ўн кун даволанишига тўғри келди. Унинг оилавий аҳволи ўрганилиб, ҳақиқатан ҳам эҳтиёжманд эканлиги туфайли сарфланган дори-дармон учун 3268-сонли Президент фармони асосида уч миллион юз минг сўм пул ўтказиб берилди. Бундай рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин.
Энг муҳими, агросаноат ходимлари касаба уюшмаси бундай ишларнинг ҳаққонийлигини таъминлашда бош-қош бўлмоқда.
Меҳнат қонунчилигининг бузилиши юзасидан мурожаатлар ҳам ижобий ҳал этилмоқда. Масалан, Шерали Холбоев иш берувчининг ўзини ноқонуний вазифасидан озод этгани ҳақидаги мурожаати тегишли тартибда ўрганилганида қонун талаблари бузилгани аниқланди ва бу ҳақда иш берувчига тақдимнома киритилди. Талаб қондирилмагач, ходим манфаатини кўзлаб, фуқаролик судига даъво аризаси киритилди. Суд уни қаноатлантирди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ташаббус ва жонкуярлик бундай эзгу ишларда бош омил бўлмоқда.

Абдуманноп АЗИМОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар