Ширинлик ичидаги «ХАВФ» ёхуд болалар егуликлари сифатига ким жавоб беради?

318

Болаларни хурсанд қилиш жуда осон. Биргина эркалатиш, мақтов билан уларнинг ширин
табассумига сазовор бўлишингиз мумкин. Баъзан эса ширинлик ёки ўйинчоқлар билан сийлагимиз  келади. Бироқ бу борадаги танловни амалга оширишда имкониятимиз қандай,
деган савол ҳаммасидан муҳимроқдир.

Имконият деганда маблағни эмас, маҳсулотлар борасидаги хилма-хиллик ва уни танлаш жараёнини назарда тутмоқдамиз. Бугун болаларга  мўлжалланган егуликлар бисёр. Уларнинг севимли маҳсулотлари бўлган ширин сақичлар, рангли ичимликлар, қотирилган нон («кириешки»), маккажўхори қаламчалари каби маҳсулотларни исталган жойдан топиш мумкин. Бироқ болаларга мўлжалланган егуликлар сифатини тартибга солиш, ишлаб чиқаришда амал қилинадиган қатъий тартиб-қоидаларга кучли эҳтиёж бўлгани ҳолда тегишли мутасаддилар «сукут» сақлашмоқда.
Бу сукутнинг давомийлиги эса ёш авлоднинг  жисмонан зарар кўриши учун етарли бўлиб қолмасмикан, деган хавотир она  сифатида мени қаттиқ ўйлантиради. Кимдир эътироз билдирар: маҳсулот сифати қониқтирмаса, уни олиб бермаслик мумкин-ку, дея. Бироқ… Мактабдаги тушлик
учун берилган пулга болангиз ҳамиша сиз тайинлаган нарсани олармикан, деган
истиҳола ҳам бор-ку?! Нима яхши, нима ёмонлигини ажратолмайдиган болаларни
баъзан ўйинчоқ, баъзан егулик тарзидаги «хавф» ичига қўйиб юборишдан кўра
ана шу хатарларни таг-туги билан бартараф этганимиз афзал эмасмикан?
Бир пайтлар «келин тушди» маросимида болалар, қиз-жувонларга сочқи улашиларди. Сочқи ичида болапичоқ, зиракчалар, кўзмунчоқлар ва албатта, қуйма сақичлар бўларди. Сочқидаги қуйма сақични фақатгина ёш келинларга беришарди. Болалигимизда сақич чайнаётган эркакни кўрмаганмиз. Чунки хотинларга хос саналган одат эркаклар учун ор эди. Шунингдек, ўзбекчиликда бировнинг олдида, айниқса, катталар олдида кавшаниш одобсизлик саналган. Даставвал, сақични ўғил болага эрмак сифатида бердик. Кейин улар одатланишди. Энди эса катталарнинг олдида бу одатни уят ҳисоблаган миллат қизлари кўчада сақичдан оғзида шар ясаб, «пақиллатиш»дан хижолат чекишмаяпти. Йигитлар эса худдики, қизлардек, сақичбоз­ликка берилишяпти.
Сақич чайнаётган эркаклар бундан 20 йиллар олдин бола эди. «Нима бўпти, бола-ку?!» деган бепарволик билан қарадик бу ишимизга. Оддий иш эса одатга айланди. Заифаларга хос одатнинг бирисини қилди, индамадик, бошқасига интилди, хаспўшладик. Энди эса мардона фазилати камайиб бораётган шунақа йигитларни оилабошига айлантирмоқдамиз. Бу оталар ўз ўғилларига нимасини ибрат қилиб кўрсатишади? Бу туришда миллатнинг умумий қиёфасида қайси чизгилар ёрқин рангларда тасвирланишга муҳтож бўлиб қолади?
Бу маҳсулотнинг яна бир зарарли томони бор. Эътибор қилсангиз, фаррошларнинг энг кўп «раҳмати» ҳам шуни ишлаб чиқарувчиларга бўлади. Чайналган сақичларни нимагадир ахлат қутиларида эмас, кўпинча, стол-стуллар тагида, кўча йўлакларида учратамиз.
Энг ёмони, уларнинг соғлиққа зарарли эканидир.
— Қабулимга келувчи оналарга фарзандига сунъий маҳсулотлар олиб бермаслигини доимо уқтираман, — дейди болалар шифокори Фахриддин Мансуров. — Сунъий маҳсулотлар ривожланаётган бола организми учун ниҳоятда зарарли. Чунки улар таркибида махсус эмульгаторлар, бўёқлар бўлади. Ёш организм мазкур кучли кимёвий моддалар билан курашолмай, сурункали касалликларга чалиниши мумкин. Хусусан, болаларга сақич олиб бериш умуман мумкин эмас. Чунки унинг таркибида шакар миқдори боланинг оғиз бўшлиғига шикаст етказиши, сунъий ранг эса аллергия чақириши мумкин. Қолаверса, болаларнинг аксарияти сақични резинка эмас, конфет сифатида тушунади ва ютиб юборади. Мазкур маҳсулот ошқозонда ҳазм бўлмай, ичакларга ўтади. Энг хавфли томони, ичакка ёпишиб қолиб, уни чиритишгача олиб келиши, бу билан боланинг ҳаётини хавфга қўйиши ҳам мумкин.
Бир неча йиллар олдин Сингапурда вагон эшигига ёпиштирилган сақич туфайли мудҳиш ҳалокат юз берган. Шундан сўнг мамлакатда сақичлар сотуви тақиқланган. Сақични саломатлик нуқтаи назаридан врачлар рухсат берган беморгина чайнаши мумкин. Бу билан мамлакат иқтисодиётида ҳеч қандай йўқотиш юз бермади. Аксинча, санитария-тозалов ишларига кетадиган муайян маблағ иқтисод қилинмоқда.

* * *

Байрамда қадрдонларимиздан бири ўғилларимга шоколадлар совға қилди. Улар орасида машҳур «Киндер-сюрприз» шоколадли тухумлари ҳам бор эди. Катта ўғлимга тухум ичидан робот, кичигига эса далматин кучукча чиқди. Кучукчанинг катталиги нари борса 1,5 см. Сифатли ишланган ўйинчоқлар, ёқимсиз ҳиди ҳам йўқ, дедим-у, ўйнашларига рухсат бердим. Бир неча кундан сўнг ўғлимнинг ўқчиётганини кўриб, ниманидир ютиб юборганини билиб қолдим. Хайриятки, биринчи ёрдам кўрсатиш қўлимдан келади. Томоғидан ўша кучукчани олгунимча, дунё чархпалаги минг марта айлангандек бўлди. Шундан сўнг болаларга мўлжалланган егуликлар ичига нега ноозиқ-овқат маҳсулотларини жойлаштиришар экан, деган ўй миямда айланаверди.
Мақсади егуликнинг сотувини сюрпризлар орқали тезлаштириш бўлган корхоналарда ҳеч қачон сифат ҳақида бош қотирилмайди. Зеро, ҳақиқий сифатли маҳсулот сюрпризларсиз ҳам ўз мижозини топа олади.
Киндер услубида кейинги пайтларда қотирилган нонлар («кириешки»), маккажўхори қаламчалари ишлаб чиқарилмоқда. Уларнинг ичидан чиқадиган ўйинчоқнинг ҳам, егуликнинг ҳам сифатсизлиги, қолаверса, ўйинчоқларнинг бола саломатлиги учун хавфсизлиги жиддий муҳокамага сабаб бўлгулик масала. Аммо бу борада қонунчилигимиздаги бўшлиқ сабаб «уддабурон», «олғир» «тадбиркор»лар отини қамчилашмоқда. Тақиқлашга қонунан асосимиз ҳам, олиб бермасликнинг ҳам имкони деярли йўқ. Савдо шохобчаларининг биридан қочсангиз, бошқасига «тутиласиз». Бундай маҳсулотлар ҳатто мактаб буфетларида ҳам сотилмоқда.
Айрим «кириешки»лар ичига шундай ўйинчоқлар жойлаштириладики, улар осонлик билан бўлакларга ажралиб кетади ёки тиғли жиҳозлар каби ўткир бўлади. Гўдак табиати барча оналарга яхши таниш: кўзига кўринган нарсани оғзига солиш орқали атроф-муҳит билан «тиллашади». Тажрибали шифокорларнинг таъкидлашича, кейинги пайтда айнан шундай егулик ичидаги ўйинчоқ қисмларини қулоғига ёхуд бурнига тиқиб юбориш кичик ёшли болалар орасида кўпайиб бормоқда.
— Сўнгги пайтларда урфга кирган қотирилган нон («кириешки») ҳам сунъий маҳсулот ҳисобланади, — дейди Ф.Мансуров. — Қолаверса, уларга қўшиладиган таъм кучайтиргичлар тўлиғича ­кимёвий қўшимчалардир. Мазкур маҳсулот қоринни тўйдирмайди, балки ошқозонни қуруқдан қуруқ ишлашга мажбур қилади. Натижада ички аъзолар хасталик­лари улғайганда ҳам панд бераверади.

* * *

Болалар егуликларидан ташқари шундай ўйинчоқлар ҳам борки, уларнинг на ишлаб чиқарувчиси, на мувофиқлик сертификати бор. Дўконларда сотилаётган шарлар бунга мисол бўла олади. Уларнинг бадбўй ҳидига чидаб бўлмайди. Пуфлаш жараёнида бевосита шу ўткир ҳиддан нафас олувчи болажонларда нафас йўллари касалликлари ­ривожланиши аниқ.
Дунёда ҳамма нарсани пул билан ўлчаш гумроҳликдир. Айниқса, бу ҳолат гўдакларимиз саломатлиги, келажаги билан боғлиқ бўлса, уни кечириб бўлмайди. Бу маҳсулотларнинг ёрлиқларида на тўлиқ манзил кўрсатилади, на ёзилган рақамлар билан боғланиб бўлади. Бу эса ишлаб чиқариш ва савдо қоидаларига мутлақо зиддир. Ваҳоланки, улар юртимизда ишлаб чиқарилмоқда. Тегишли сертификатсиз маҳсулот ишлаб чиқараётган корхона ноқонуний фаолият юритаётгани кундек равшан. Табиийки, улар электр ёки газ тармоқларига уланган бўлади. Унинг истеъмоли учун тўловларни амалга оширганда қай тартибга амал қилишади? Ёки фаолият учун солиқ тўловлари қаерга тўланади? Бу каби саволлар кўп, аммо жавоблар…
Хулоса ўрнида иккита маълумот: АҚШга киндер-сюрприз шоколадли тухумни олиб кириш, сотиш тақиқланган. Қонуний тақиқ «бола билмай тухум ичидаги ўйинчоқни ҳам еб қўйиши мумкин» деган хулоса асосида жорий қилинган.
Бир неча йил олдин Тошкент ҳайвонот боғи маъмурияти боғ ҳудудига айрим озиқ-овқат маҳсулотларини олиб киришни тақиқлаган. Бунга сабаб сифатида ҳайвонот боғи жониворларининг ўлими кўрсатилган. Маълум бўлишича, ҳайвонлар ошқозонига тиқилиб қолган ўйинчоқлар туфайли ҳалок бўлган. Ўша хабар матнида қуйидаги сўзларни ўқиш мумкин: «Биз одамларнинг ғамхўрлик кўрсатаётганидан мамнунмиз. Лекин айрим озиқ-овқат маҳсулотлари, масалан, конфет, чипс, «кириешки», поп-корн, ширин кулчалар, янги нон ва бошқаларни жониворларга бериш мутлақо тақиқланади».
Кўриниб турганидек, Тошкент ҳайвонот боғи маъмурияти ҳайвонларни болалардан кўра яхшироқ ҳимоя қилмоқда. Биз эса жиммиз. Бу жимлик қачон тугайди? Сиз нима дейсиз, азиз газетхон?!

Дилдора РАҲМОНОВА,
«Ishonch» мухбири

 

Бошқа хабарлар