Яхшилик ўлмайди

242

Йиллар мобайнида қилинган меҳнат ва саъй-ҳаракат кун келиб ўз мевасини беради. Яхшидан боғ қолади, деганларидек куюнчаклиги, билими ва жафокашлиги билан кўплаб инсонлар қалбидан жой эгаллаган устоз Ропижон Қудратов ҳозирда дўстлари, шогирдлари ва яқинлари томонидан муносиб хотирланиб келинмоқда.

Р. Қудратов кўп йиллар меҳнат фаолиятини Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида олиб борди. У бир қанча илмий рисола, мақола ва адабиётлар муаллифи. 2001 — 2006 йилларда институт ректори вазифасида ишлади. У раҳбарлик қилган даврда институтнинг мавқеи юксалиб, таҳсил олаётган талабаларнинг мамлакат ва жаҳон ареналарида қўлга киритган совринлари янада ортди. Шунингдек, таълим даргоҳидаги биноларни қайта қуриш, аудиториялар ҳамда ўқув-спорт ­мажмуаларида етарлича шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди.
Эндиликда Ропижон домланинг хотираси институт жамоаси ва талабалар кўнг­лидан чуқур жой эгаллаган. Унинг барча хайрли ишлари ва яхшиликларини муносиб хотирлаш мақсадида институт (эндиликда университет) томонидан ҳам катта эътибор қаратилган.
Жумладан, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ҳар йилгидек жорий йилда ҳам Ропижон ­Қудратов хотирасига бағишланган енгил атлетика бўйича университет очиқ чемпионати бўлиб ўтди. Унда 7 та олий ўқув юртидан 8 та жамоа ҳамда шахсий биринчиликда иштирок этган спортчилар қатнашди. Устоз номини ёд этиш ҳамда хотирасига муносиб ҳурмат кўрсатиш мақсадида ҳар бир талаба ёш ва спортчи бор шижоатини ишга солиб, майдонда ўз салоҳиятини намоён этди. Икки кунлик беллашувда 312 та иштирокчи спортнинг саккиз тури бўйича қатнашди. Шундан 225 таси ўғил ва 87 таси қиз бўлиб, уларнинг ҳар бири ўз таълим муассасаси номини муносиб ҳимоя қилди.
— Хотира — муқаддас. Шу боис ҳам устозимиз номини ёд этдик, ҳам тенгқурларимиз билан дўстона беллашдик, — дейди 100 метрга югуриш бўйи­­ча биринчи ўрин соҳиби, Қарши давлат университети талабаси Жалолиддин Ҳамроқулов. — Мусобақа ниҳоятда қизғин ўтди. Ҳар бир жамоа ва ҳар бир иштирокчи ўз устида ишлагани, турнир учун алоҳида тайёргарлик кўргани сезилиб турди. Муҳими, ушбу тадбир орқали эл корига яраган инсон ҳеч қачон унутилмаслигининг яна бир бор гувоҳи бўлиб турибмиз.
Мусобақа натижасига кўра, умумжамоа ҳисобида 1- ва 2-ўрин мезбон университет жамоаларига, 3-ўрин Самарқанд давлат университетига насиб этди. Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Сулаймон ҲАЙДАРОВ.
Икром ҲАСАНОВ олган сурат.

Бошқа хабарлар