«Бухорода ҳеч ким ўзини бегона ҳисобламайди»

175

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ҳамкорлигида Тошкентда ўтказилган «Ёш ватaндошлар» халқаро фестивали иштирокчилари Бухорога келди.

Фестиваль қатнашчилари орасида аждодлари тақдир тақозоси билан хорижий мамлакатларда яшаётган, шунингдек, айни пайтда ўша юртларда таҳсил олаётган ҳамда узоқ муддатга ишга кетган 70 нафар ватандошимиз бор эди.
Меҳмонларнинг Бухорога ташрифи Ёшлар марказидан бошланди.
Улар Пойи Калон мажмуи, Лаби ҳовуз ансамб­лига саёҳат қилди. Миллий фольклор дасталари, дорбозларнинг чиқишини томоша қилди. Сумалак ва бошқа миллий таомлар, қандолат маҳсулотлари, миллий ҳунармандлик буюмлари кўргазмаси билан танишди.
— Очиғи, Бухоро ҳақида етарли тасаввурга эга эмас эдим, — дейди аждодлари Намангандан бўлган покистонлик, ҳозирда Англия университетларидан бирида таҳсил олаётган қиз Фирдавс Жамол. — Уни эртакдаги шаҳар дейишлари бежиз эмас экан. Бир-биридан муҳташам, бир-биридан мафтункор обидалар бу юртнинг меъморчилик санъати ўлмаслигидан гувоҳлик беради. Мен миллий кийимлардаги ёшлар, қизалоқлар даврасида роса ўйнадим. Улар билан суратга тушар эканман, кетаётган хорижлик сайёҳлар ҳам сафимизга қўшилди. Бухороликлар даврасида ҳеч ким ўзини бегона сезмас экан. Мен таътилга Покистонга борганимда, яқинларимга Ўзбекистонга албатта боришларини тавсия қиламан.
Тадбир доирасида меҳмонлар учун «Ипак йўли» маросимлар уйида концерт ва миллий либослар кўргазмасидан иборат маданий дастур намойиш этилди.

ЎзА

Бошқа хабарлар