Меҳнат кодекси огоҳлантиради: чекиш «чўнтак» учун зарарли

20

Савол: мамлакатимиз қонунларига кўра иш жойида, белгиланмаган ҳудудларда чеккани учун ходимларга жарима қўлланилиши мумкинлигини эшитдим. Қандай жойлар чекиш тақиқланган ҳудуд деб ҳисобланиши тўғрисида маълумот берсангиз.

О. БЕРДИАЛИЕВ,
Кармана тумани

Жавоб: Дарҳақиқат, 2015 йил 29 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга асосан белгиланмаган жойларда тамаки маҳсулотларини истеъмол қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилди.
Унга кўра иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган жойларда, шу жумладан, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида ва бошқа жамоат жойларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш (бундан тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жойлар ва (ёки) хоналар мустасно) — энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, мазкур қонунда маҳаллий ва узоқ масофага қатнайдиган поездларда, дарё кемаларида белгиланмаган жойларда, шаҳар атрофига қатнайдиган поездларнинг вагонларида (шу жумладан, тамбурларида), шаҳар ичида, шаҳар атрофига, шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда қатнайдиган автобусларда, шунинг­дек, таксиларда, йўналишли таксиларда ҳамда шаҳар электр транспортида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш — энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми миқдорида, ҳаво кемаларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш — энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилган.
Шу ўринда жавобгарликка тортиш қоидабузарликни аниқлаган иш берувчи томонидан амалга оширилиши мумкин эмаслигини таъкидлаб ўтиш керак. Мазкур ҳолатда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 248-моддасига мувофиқ жавобгарликка фақатгина ички ишлар ходимлари тортиши мумкин.

Саволга транспорт, йўл вакапитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши бош юристконсультиШ. Худойбердиевжавоб берди.

Бошқа хабарлар