Пул олинмаслиги керак

137

Савол: Афғон уруши иштирокчиси сифатида шаҳар транспортидан бепул фойдаланиш тўғрисида гувоҳномам бор. Бироқ, яқинда кондуктор «Гувоҳнома фақат давлат транспорти учун ўтади. Хусусий автокорхонага қарашли машинага пул тўлайсиз», деб айтди. Шу тўғрими?

К. МАДАЛИЕВ
Қумқўрғон тумани

Жавоб: «Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида»ги қонунга асосан шаҳар йўловчилар транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқи фақат:
1941—1945 йиллардаги уруш қатнашчилари жумласидан бўлмиш ҳарбий хизматчилар;
1941—1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва урушнинг I гуруҳ ногиронига ҳамроҳлик қилувчи шахс;
1941—1945 йиллардаги уруш даврида фронт ортида фидокорона меҳнати ва бенуқсон ҳарбий хизмати учун орден ва медаллар билан такдирланган шахслар;
Афғонистон Республикасида ва бошқа мамлакатларнинг ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда қатнашган собиқ байналмилалчи жангчилар жумласидан бўлмиш фуқаролар;
ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва контракт бўйича оддий аскарлар ҳамда сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчилар;
Чернобил АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошдан кечирган шахс­лар;
кўзи ожиз ногиронлар ва кўзи ожиз ногиронга ҳамроҳлик қилувчи шахс учун сақлаб қолинган.
Шунингдек, «Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида»ги қонунда «шаҳар йўловчилар транспорти» тушунчаси ҳамда «шаҳар йўловчилар транспортининг мулк шакллари»га аниқлик киритилган. Унга кўра, шаҳар йўловчилар транспорти деганда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатга олинган, шаҳар доирасида йўловчилар ҳамда багаж ташишга мўлжалланган автомобиль ва электр транспорти тушунилади. Шаҳар йўловчилар транспорти ­оммавий ёки хусусий мулк асосида ишлаши мумкин.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Афғон уруши иштирокчилари хусусий автокорхонага тегишли йўналишли шаҳар йўловчилар транспортида (таксидан ташқари) бепул юриш ҳуқуқига эга.

Саволга Сурхондарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлими мудири З. Холов жавоб берди.

Бошқа хабарлар