Чўлланиш жараёни: ўсимликлар дунёси ҳалокат ёқасидами?

231

Юртимиз ҳудудининг деярли учдан икки қисми чўл ва чалачўл бўлиб, бу жойлардан қадимдан ўтлоқ ва яйлов сифатида фойдаланиб келинади. Чорвачиликнинг барқарор ривожланишида ана шу минтақалардаги табиий ўсимлик яйловларининг ўрни катта. Улар чорвани йил давомида табиий ва арзон ем-хашак билан таъминлашнинг ягона манбаи ҳисобланади. Афсуски, ҳозирда чўл ва чалачўл ўсимликлар қоплами қониқиш ҳосил қиладиган даражада эмас. Чунки кўп йиллар давомида антропоген омиллар таъсирида яйловларнинг табиий ҳолати инқирозга юз тутаяпти. Энг кучли антропоген омиллар қаторига чорва молларининг боқилишини киритиш мумкин. Бу ўсимликлар қоплами табиий тузилишининг кескин ўзгаришига олиб келмоқда.

«Қизил китоб»га киритилган ўсимлик турларининг қарийб 40 фоизи бевосита чорва молларининг бетартиб ҳамда ҳаддан зиёд кўп боқилиши оқибатида флора таркибидан йўқолиб бормоқда. Аҳолининг табиий манбаларга бўлган эҳтиёжининг ортиб бориши ва улардан фойдаланиш тўғри йўлга қўйилмагани туфайли ҳам шундай ҳол юз бермоқда.
Чорва моллари таъсирида ўсимликлар қопламининг инқирозга учраган ўчоқлари аҳоли масканларининг 3-4 км. радиусдаги майдонлари ва сув манбалари — қудуқлар атрофидаги яйловларда яққол кўзга ташланади. Ушбу жойларда ем-хашак турлари ўрнини табиий яйловлар учун хос бўлмаган бегона ўтлар эгаллаяпти (исириқ, какра, эшакмия, қўзиқулоқ, қуртқасоч ва бошқалар).
Албатта, чўл ва адир яйловларининг ёмонлашуви ўз-ўзидан содир бўлаётгани йўқ. Масалан, чўл яйловлари атрофларида жойлашган Бухоро, Навоий, Ғиждувон, Қоракўл каби ҳудудларда яшайдиган аҳоли яйловларда кенг тарқалган сингрен, қора саксовул, партак, шувоқ турларини ўтин ёқиш ёки ипак қуртининг пилла ўраши ва даста учун илдизи билан чопиб олиб ишлатаётганини нима билан изоҳлаш мумкин?
Бу ҳолат сўнгги йилларда кўплаб кузатилмоқда. Натижада йил сайин яйловларимизда очиқ ёки ўсимлик­лардан холи майдонлар тобора кенгайиб бормоқда. Қизилқум чўлида амалга оширилган тадқиқотлар давомида аҳоли томонидан нафақат шувоқ турларининг чопилиши, балки илдизи билан суғуриб олиш ҳолларига гувоҳ бўлдик. Шувоқ турлари кетмон билан чопилса ёки илдизи билан суғуриб олинса, у қайта тикланмайди.
Бундан ташқари, кейинги 25 – 30 йил давомида Қизилқум, Устюрт каби ҳудудларда бир неча замонавий шаҳар ва посёлкалар қурилиши, автомобиль, темир йўллари, сув, газ қувурлари ўтказилиши оқибатида бир неча минг гектар сифатли ўтлоқ ва яйловларга қирон келди. Қолаверса, маълум ҳудуддаги яйлов ва ўтлоқлар экинлар экиш учун ўзлаштирилиб юборилган. Кўриниб турибдики, инсоният ўзи анг­лаган ҳолда яйловларни кенгайтириш ёки яхшилаш ўрнига улар сифати бузилиши, майдонларнинг қисқаришига хизмат қилмоқда.
Шу тариқа чўлланиш жараёни тобора жадаллашмоқда. Яйлов инқирозининг 44 фоизи чорва молларининг ҳаддан зиёд боқилиши, 25 фоизи буталарнинг ўтин сифатида чопилиши орқали рўй бераётир. Қолган омиллар (қурғоқчилик, шамол эрозияси, саноат-қурилиш ишлари) инқирозга олиб келадиган сабабиятнинг учдан бир қисмини ташкил қилади.
Чорва молларининг катта миқдори, одатда, баҳор ва ёз мавсумларида қиш­лоқлардан узоқроқдаги тоғ олди ҳудудларида ўтлатилади. Кам сонли чорва моллари эса қишлоқ атрофида боқилади. Айниқса, ёз мавсумида сув танқислиги туфайли чорва моллари қишлоқлардан узоқ масофага бормаслиги ва қишлоқдан 3-4 км. радиусдаги майдонларда ўтлаши ўсимликлар қоп­ламининг ­кескин ўзгаришига олиб келмоқда. Маълумки, қудуқлардан йироқ бўлган яйлов майдонларида чорва молларини сув билан таъминлаш Ўзбекистон чўл ҳудудларидаги асосий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Чорва боқилиши босими ёки таъсири масофа бўйича сув манбаларидан узоқлашган сари камаяди ва ўсимлик­лар қопламида қатор ўзгаришлар содир бўлишига сабаб бўлади. Узоқ масофадаги яйлов майдонларида чорва молларининг сув танқислиги сабабли боқилмаслиги ўсимликлар ўсиш фаоллигининг сустлашишига олиб келади, ҳаётчанлик формасини йўқотади, натижада бу яйлов майдонларининг ҳам инқирози тезлашади.
Кези келганда турлар таркибида зарарли, заҳарли ҳамда чорва моллари томонидан ейилмайдиган бегона ўсимликларнинг узоқ йиллар давомида кўпайиб бораётганини ҳам таъкидлаш жоиз. Бу эса ўсимлик­лар қопламининг чорва боқилиши таъсири остида кес­кин ўзгаришини исботлайдиган яна бир далилдир.
2012 — 2017 йиллар Қизилқум чўлида амалга оширилган геоботаник тадқиқотлар шуни кўрсатдики, чўлланишни вужудга келтираётган асосий куч табиий ва антропоген омиллардир. Ўтказилган тадқиқотлар экосистемаларнинг чўлланиши ўз-ўзидан бўлмаслигини тасдиқлади. Асосий антропоген омиллар — янги кўллар пайдо бўлиши, тупроқ эрозия­­си, йўллар, карьерлар, шўрланиш, чорва молларининг меъёридан ортиқлиги, янги шаҳар ва қишлоқларнинг кенгайиши, бута ва дарахтларнинг ёқилғи сифатида чопилиши, манзарали, доривор, зиравор ўсимликларнинг режасиз териб олиниши, йўл қурилиши, янги ерларнинг ўзлаштирилиши бўлиб, булар натижасида яйловлар маҳсулдорлиги пасайиб, турлар сони камаймоқда. Тўқай экосистемасида ўзгаришлар юз бериб, иккиламчи ўзгарган антропоген фитоценозлар ҳосил бўлмоқда.
Энг кучли чўлланиш қишлоқ ва қудуқ атрофи, чорва моллари доимий бир жойда боқиладиган яйловларда кузатилди. Бундай майдонлар кейин­чалик ўсимликлар қоплами билан тикланмайдиган тақир жойларга айланиши тажрибадан маълум. Энг кучсиз чўлланиш ҳудуднинг шимолий қисми қишлоқлардан анча узоқ масофада бўлгани сабабли чорва молларининг камлиги, антропоген омилларнинг кам таъсири натижасида кучсиз пайҳонланган. Бирламчи пайдо бўлган шувоқлар ўрнида иккиламчи исириқзор, қуртқасочзор, қўзиқулоқзор, эшакмиязор жамоалари пайдо бўлгани кузатилди. Шунингдек, галофит тўқай ўсимликларидан бўлган юлғун, оқ чангал, оқ чинғил, шўражриқ, бир йиллик шўралар аниқланди. Бундай мисол ва сабабиятларни санашда узоқ давом этиш мумкин. Мақсадимиз — яйлов инқирози туб аҳоли турмуш тарзининг жиддий муаммосига айланаётгани, бунга бундан буён асло йўл қўйиб бўлмаслигидан огоҳлантиришдир.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, инсон томонидан яйловларга нисбатан ўтказилаётган босимнинг ортиб бориши шароитида табиий ўсимлик ресурсларидан оқилона фойдаланиш долзарб вазифадир. Бунда тегишли талаб ва қоидаларга амал қилинмаса, яқин келажакда бу табиий бойликларнинг қайтарилмас ҳолатга келиши аччиқ ҳақиқатдир. Бинобарин, мамлакатимизнинг табиий яйловлари маҳсулдорлиги ва сифатини яхшилаш бирламчи юмуш ҳисобланади. Бунинг учун чорва молларини фасллар бўйича алмашлаб боқишни йўлга қўйиш лозим. Чунки ҳамиша бир жойда мол боқилаверса, ўтлоқлар тез ишдан чиқади. Шунинг­дек, чорва молларини суғориш учун режали равишда сув қудуқлари сонини кўпайтириш талаб этилади. Камҳосил, деградацияга учраган яйловлар ўрнида олимлар тавсия қилаётган усуллар билан сунъий яйлов ва пичанзорлар ташкил этиш мақсадга мувофиқ.

Тошхоним РАҲИМОВА,
биология фанлари доктори,
профессор

Бошқа хабарлар