Қаноатлантирилган даъво

278

2017 йил кўпчиликка омадли келди. Кимдир янги уйга кўчиб ўтди, бошқа бировнинг анча пайтдан буён ечим топмаётган муаммоси ҳал бўлди. Аммо бешариқлик Ю. Мирзаева бу йилни ташвиш билан ўтказди. Гап шундаки, Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасининг «Ю. Мирзаевани ишга тиклаш ва мажбурий бекор юрган даври учун иш ҳақини тўлаб бериш тўғрисида»ги тақдимномаси «Бешариқ пахта тозалаш заводи» акциядорлик жамияти томонидан қаноатлантирилмади. Аслида, воқеа бундай бўлган эди:

Ю. Мирзаева «Бешариқ пахта тозалаш заводи»да 10 йилдан буён турли вазифаларда, 2006 йилдан эса ходимлар бўлими бошлиғи сифатида ишлаб келган. Аммо у ўтган йили сентябрда ишдан бўшатилди. У билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 3-бандига кўра бекор қилинган. Ва бу ҳолат меҳнат дафтарчасига ҳам қайд этилган. Ҳуқуқшунослар МКнинг мазкур моддаси ходимнинг меҳнат интизомини мунтазам бузгани сабабли ишдан бўшатиш тўғрисида эканини яхши билади. Ю. Мирзаева эса касаба уюшма ҳуқуқшунослари томонидан ўтказилган ўрганиш­лар чоғида интизом бузганини тан олмади.
Биринчидан, акциядорлик жамияти раисининг 2017 йил 30 майдаги буйруғига асосан Ю.Мирзаевага нисбатан 5 нафар ходимга «Иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бериш тўғрисида»ги буйруқни вақтида расмийлаштирмагани учун «Ҳайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилган. Аммо бу «айб» иш берувчи томонидан аризалар Ю.Мирзаевага ёзилган санасидан 15 кун кеч тақдим этилгани оқибатида рўй берган. Бундан ташқари, интизомий жазо қўлланишидан аввал ходимдан тушунтириш хати талаб қилинмаган. Ҳолбуки, МКнинг 182-моддасига биноан тушунтириш хати олиниши лозим эди.
Иккинчидан, у 2017 йил 1-, 2-, 21 август кунлари гўё ишга келмаган. Табиийки, бу ҳам интизомни бузиш дея баҳоланган. Ваҳоланки, 21 август куни у жамиятда ўтказилган касаба уюшма қўмитасининг йиғилишида иштирок этгани ҳужжатлар билан тасдиқланди. Шунингдек, табел ва бухгалтерия ҳужжатлари ходимга 1 ва 21 август кунлари тўлиқ иш вақти белгиланиб, иш ҳақи тўлангани, қайд этилган иш кунларида иш ­жойида бўлганини тасдиқлади.
Қонунчиликда ходим айбли хатти-ҳаракатлар содир этганида ҳам меҳнат муносабатларини бекор қилиш тўғрисида камида уч кун олдин хабардор этилиши ёки мутаносиб компенсация тўланиши лозимлиги белгиланган. Бироқ Ю.Мирзаевага эса на огоҳлантириш хати берилган, на компенсация тўланган. Устига-устак, меҳнат дафтарчасига меҳнат шартномаси МКнинг 100-моддаси 2-қисми 3-бандига кўра бекор қилингани тўғрисидаги қайд ҳам киритилган. Бу эса ҳеч бир қоидага мос эмас.
Шундай бўлса-да, касаба уюшмаларининг мазкур ноқонуний ҳолатни бартараф этиш тўғрисидаги тақдимномаси «Бешариқ пахта тозалаш заводи» АЖ томонидан қаноатлантирилмади. Иш судга бориб тақалди. Ю.Мирзаевани ўз лавозимига ишга тиклаш, мажбурий бекор юрган кунлари учун ўртача ойлик иш ҳақи ундириш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси киритилди.
Суд касаба уюшмалари даъвосини асосли, иш берувчининг буйруғини ғайриқонуний деб топиш, фуқаро Ю.Мирзаевани ходимлар бўлими бош­лиғи вазифасига тиклаш, мажбуран бекор юрган вақти учун иш ҳақи ундириш тўғрисида қарор чиқарди.

Орзигул ҚОЗИХОНОВА,
Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлими мудири

Бошқа хабарлар