«Қарзим кўпдир элдан, юртимдан…»

54

Ўтиб кетган яқин инсонларинг, айниқса, ота-­онанг ҳар бир қадамингни, ҳатто нафас олишингни кузатиб туришгандек туюлади. Уларнинг ёруғ хотираси, қалбингдаги ўчмас сиймолари олдида ҳамиша ўзингни­ ­масъул ва масрур сезасан. Отамни нимадир ­сабаб, нимадир воқеа билан ҳар куни эслайман.

Отам — Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шуҳратнинг асл исми-шарифи Алимов Ғулом Аминжон ўғли. Отамиз ҳаёт бўлганида шу кунларда юзга кирар эди. У киши ўрик гуллаганда туғилган эканлар. Ва шу билан бирга ўриклар қийғос гуллаган кезда — 19 апрелда қамоқдан озод бўлиб, уйга кириб келган. Шу сабабли биз бу кунни отамизнинг қайта туғилган куни, деб биламиз. Отамни қариндошлар, ўша пайтдан биладиганлар Ғуломжон, Ғулом ака деб чақиришарди, ҳозиргача ҳам шундай эслашади. Кейинчалик адабий давра, дўсту ёрлар, шогирдлар Шуҳрат домла деб атаб кетишган. Ҳар бир исмнинг ҳам мўъжаз тарихи бўлар экан, шекилли…

* * *

Бу тарих аслида кўп жойларда эсланган. Мен буни қайта эслаганимнинг сабаби бор. Отам ўзи ҳақида ёзганида, ўша беш йиллик машъум воқеа­ларни «50-йилларда бахтсиз ҳодиса рўй берган», дея бир сатр билан ўтиб кетганлар. Бу нима дегани? Отам ўша пайтдаги бир гуруҳ зиёлилар қатори «ўтмишни улуғлаш» айби билан «учлик» қарори асосида 25 йилга сургунга ҳукм қилинган. Бунга, отамнинг ҳикоя қилиб беришича, педагогика институтида ўқиб юрган пайтларида, ундан кейин ҳам Ҳамид Сулаймон бошчилигида ўзбек мумтоз адабиётининг вакиллари Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, мутафаккир тарихчилар Хондамир, Мирхонд кабиларни ўқитиш бўйи­­ча алоҳида дастурлар ишлаш, ўқув соатларини кўпайтириш, бир сўз билан айтганда, талабаларга улар ҳақида кўпроқ маълумот беришга уриниш йўлидаги ҳаракатлари сабаб бўлган. Отам қатъиятли инсон эди. 1955 йилда оқланиб чиққанидан сўнг эътиқодида собит қолиб, бир йилдан сўнг туғилган кичик акамга Хондамир, менга эса Бобур деб исм қўйганлар. У пайт­­да бунақа исмлар камдан-кам қўйил­арди. Бу билан эътиқодидан, танлаган йўлидан ­қайтмаслигини, аксинча, шу сабот ўзларига бир умр йўлдош бўлишини ўзига хос равишда исбот қилган. Кейинчалик кетма-кет дунёга келган набираларга Комрон, Темур, Боту, Ҳумоюн, Мирхонд дея ўзлари ном танлаганининг ­боиси ҳам шу.
Отамизнинг яна бир ажойиб фазилати шунда эдики, у киши нозик қалб эгаси, ижодкор бўла туриб, ўзи ўша зулм машинасининг ичидан жабр тортиб чиқиб ҳам юракда гина сақлаб қолмади. Бу ёғини охират кунига қолдириб, ўзи инсондек яшай олди. Йигитлик чоғларининг энг маъсум дамлари қамоқхоналарда кечди, лекин бунда бировни ­айбламади.
Отамдан ўзбек адабиёти хазинасига улкан мерос қолди. У киши ўзбек адабиётида роман ёзган адиблар сирасида биринчилар қаторида саналишга муяссар бўлди. У кишидан «Шинелли йиллар», «Олтин зангламас», «Жаннат қидирганлар» ва тугалланмаган «Машраб» романи, бир қатор шеърий китоблари ўз вақтида ўқувчилар қўлига етиб борган. Албатта, бу асарларнинг ҳар бири ҳақида ўз вақтида фикрлар, мулоҳазалар айтилган. Аммо, айниқса, уч романнинг ўз тарихи, мураккаб вазиятлардаги баҳоси бор.
Эл севган адиб Шуҳрат домланинг қарийб ­олтмиш йил давомида дунё юзини кўрган асарларини ҳам, ёзув столи ва шахсий архивида қолган номаълум ижод намуналарини ҳам ўзбек миллий маънавиятидан ажратиб бўлмайди. Ўтган ХХ аср мобайнида ёзилган муайян жанр­даги асарларнинг халқ маданияти тарихидаги ўрни холис белгиланар экан, адиб асарлари ҳам ўзининг муносиб баҳосини олиши шубҳасиз. Ахлоқий пок­лик ва ботиний гўзаллик, қадриятларга садоқат, оғир кунда бардошли, оилада ва жамиятда муроса ва тотувлик учун муқаддас сўз ва қалам билан курашган адиб Катта адабиётга дахлдор мавзуларга қўл урди ҳамда уларнинг ўзига хос талқинини яратди.
«Шинелли йиллар» романи «бахтсиз ҳодиса» рўй бермасдан аввал ёзила бошланган эди. Аммо унинг тугалланиши 55-йиллардан кейинга тўғри келган. Шу романни қайта ишлаб, оққа кўчириш учун отам 47 кун уйдан чиқмай, ёзув столига мук тушиб ишлаган экан. Бу асар ўша пайтда жуда қўлма-қўл бўлиб кетган, ҳатто рус тилига таржима қилиниб, ­Москвада катта ададларда босилган ҳам. Ўшанда собиқ Мудофаа вазирлиги ва китобни чоп этаётган «Воениздат» нашриётидан хат олган. Унда ушбу китобдан келаётган тушумлар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, хусусан, ногиронларни моддий рағбатлантиришга йўналтирилгани ҳақида хабар ёзилган экан. Уруш кўрган, унинг жабрини тортган адиб учун бу, албатта, қувончли ҳол эди.
«Олтин зангламас» романи ўша пайтдаги цензура чиғириғидан энг оғир ўтган роман десак, адашмаган бўламиз. Маълумки, бу роман «Шарқ юлдузи» журналининг бир неча сонларида бобма-боб эълон қилинаётганида кўринмас кучлар томонидан тўхтатиб қўйилган эди. Бунинг бирламчи сабаби асарда қаламга олинган воқеа бўлса, бошқа тарафдан ўша пайтдаги «совет адабиёти»да ҳам, миллий адабиётимизда ҳам Сталинни қоралаган дастлабки асарлардан бири эди. Буни «ҳазм қилиш» раҳбарлар учун осон бўлмагани кундай равшан. Роман жуда машҳур бўлиб кетган ва сўзма-сўз тезкор таржима қилинган. Шу таржимага бир кўзим тушганди. Аслида, «Москвада нашр этамиз» деган баҳона билан олиб кетилган бу таржима қўлёзмаси вақтлар ўтиб архивларда қолиб кетган. Кейинчалик бу асарга яна бир қизиқиш туғилди. Асар асосида фильм яратиш тараддудида отам билан маслаҳатлашишди, сценарий тайёрланди. Лекин негадир бу иш ҳам охирига етмади. Аммо отамнинг асарлари ичида энг кўп ва қайта-қайта нашр этилгани ҳам шу роман бўлса керак.
Учинчи романи — «Жаннат қидирганлар» асари бошидан ҳам қизиқ тарихлар ўтди. Ўзимизга бегона бўлмаган бир кишининг Марказқўмга юборган хатида дадам миллатчиликда айбланган эди. Хуллас, қўлёзма яна цензура тегирмонига тушди, Москвадан вакил келди. Асар Марказқўмда муҳокамага қўйилди. Унда ўша пайтнинг атоқли зиёлилари Иззат Султон, Матёқуб Қўшжонов, Туроб Тўла, Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов каби йигирма нафарга яқин атоқли адиблар, олимлар иштирок этиш­­ди. Мажлисда бир овоздан бу асарда ҳеч қандай миллатчилик руҳи йўқлиги, ўз замонасининг янги мавзудаги яхши бир асари экани эътироф этилган. Шундан кейин «Жаннат қидирганлар» катта нусхада нашр этила бошланган.
Аслида, отамнинг тақдири ҳамиша синовлар, зиддиятлар, мураккабликлар, таз­йиқларга ҳамроҳ эди. Биринчи марта ўтган асрнинг 30-йиллари охирларида «Усмон Носирга яқин киши» сифатида таъқибга олинган бўлса, кейинчалик ҳам гоҳ у кўринишдаги, гоҳ бу кўринишдаги айбловларнинг кети узилмаган. Ўша биринчи тазйиқ бош­ланганда отам ҳарбий хизматга чақирилади, кейин Бокудаги икки ойлик офицерлик курсини тамомлаб, шу билан урушга кетади. Уруш охирлаб қолганда оғир ярадор ҳолда жангдан қайтган.
Кейинги таъқиблар бу, табиийки, 50-йиллар сурони. Ўша воқеалар асносида отам 21 кун терговда бўлган. Кейинчалик Мақсуд Шайхзода билан суҳбатлашганида, у кишига «Домла, мен подвалда ётганимда камеранинг панжара босилган дарчасида ёқасида ипи осилиб турган кўйлакни кўргандек бўлдим», деганлар. Бу гапни айтишларидан мақсад у пайт­ларда Шайх ака ёқаси ипли украинка кўйлак кийиб юрган. Агар Шайхзоданинг ўша йиллардаги суратларига эътибор берсангиз, аксариятида шунақа бичимдаги кўйлакларда расмга тушган. Икковларининг суҳбатидан улар ўша кунлари ёнма-ён камераларда ўтириб сўроқ беришгани аён бўлади. Ўша таҳликали ва ғирром кунларда ўзбекнинг зиёлилари, ростгўй фарзандлари бошида мана шунақа ўйинлар, хўрлаш ва айбловлар бор эди.
Баъзилар Шуҳрат домла жуда оғир ҳаёт кечирган, бошидан қора кунлар кетмаган, омадсиз яшаган, рўшнолик кўрмаган, деб ўйлашган, гапиришган ҳам. Тўғри, улар отамга жони ачиб, куюниб айтган. Лекин аслида, матонатли инсонлар, кечиримли кишилар, бардош­­ли, бағрикенг одамларга бундай синовлар доимий ҳамроҳ бўлар экан. Қолаверса, ўзини ҳимоя қила оладиган, ҳақ сўзни айта биладиган кишиларга ҳар қачон ҳам енгил бўлмаган. Лекин буни «омадсиз», «бахтсиз» дейиш нотўғри. Чунки отам шунча синовларга қарамай, доим ижод билан машғул бўлди, охирги 25-30 йил ҳеч қаерда ишламай, фақат ёзди. Шу асосда кўпчиликка машҳур ва севимли бўлган «Дунай соҳиллари», «Кавказ дафтари» туркумлари, «Шайдо кўнгил», «Ҳали тун узоқ» ва «Сенинг севгинг» китоб­лари дунёга келган. Отамнинг адабиётдан куч олиши, ижоддан сабот топиши ҳақида ўйласам, хаёлимга шу шеър келади. Бу мўъжаз шеър отамнинг ҳаёт ва ижод позицияси эди, десам янглишмайман.

Ён, чироғим, тонгга қадар ён,
Ёруғингдан ёрисин жаҳон!
Ён, чироғим, қалбим кутар, ён,
Ён, чироғим, ором олсин жон!

Сен ёниб тур, мен қилай ижод,
Қарзим кўпдир элдан, юртимдан.
Умрим ўтгач, қараб ортимдан
Демасинлар: — Кўрди бўш ҳаёт!

Ён, чироғим, тонгга қадар ён!

Бобур АЛИМОВ

Бошқа хабарлар