Қўл билан бериб…

200

Савол: Танишимга — 15 000 000 сўм қарз бердим. Аммо нотариу­с­­да қарз шартномасини расмийлаштирмадим. Тилхат олиш билан кифояландим. Нотариусда шартномани расмийлаштиришнинг устун томони нимада? Бунда гувоҳлар керакми? Шулар ҳақида маълумот берсангиз.

К. ЭРГАШЕВ,
Норин тумани

Жавоб: Жисмоний шахслар ўртасидаги қарз шартномаси, агар унинг суммаси энг кам иш ҳақи миқдорининг 10 бараваридан ошса, оддий ёзма шаклда тузилиши керак. У қарз олувчининг унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки ашёларнинг муайян миқдори берилганини тасдиқлайдиган тилхати бўлганда ҳам ёзма ­шаклда тузилган деб ҳисобланади.
Шу сабабли агар сиз энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан кам суммани қарзга бермоқчи бўлсангиз, битимни нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди — ёзма қарз шартномаси ёки қарз олувчининг тилхати кифоя. Қарз шартномасини тузиш чоғида қонун гувоҳларнинг бўлишини талаб этмайди.
Агар сиз катта суммани қарзга бермоқчи бўлсангиз, ушбу битимни нотариусда тасдиқлашга ҳаракат қилинг. Нотариус нотариал ҳаракатларни содир этиш учун мурожаат қилувчининг шахсини аниқлаши, юзма-юз суҳбат вақтида фуқароларнинг ҳуқуқий лаёқатини аниқлаши, тарафларнинг ҳақиқий ниятларини белгилаши, мурожаат қилган шахсларнинг илтимосига кўра қарз шартномаси лойиҳасини туза олиши нотариал тасдиқлашнинг ижобий томонларидир.
Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага кўра, қарз шартномаси хоҳлаган нотариал идорада тасдиқланиши мумкин. Унда қарзнинг қайтарилиш муддати, жойи ва мажбурият бажарилиши усуллари ҳақида нотариус томонидан тушунтириш берилгани кўрсатилиши керак. Лозим бўлса, нотариус тарафларнинг хоҳиш-истакларини аниқлаш мақсадида ариза олиши мумкин.
Агар сизда нотариусга мурожаат қилиш имконияти бўлмаса ёки маълум сабабларга кўра шундай қилишни хоҳламасангиз, юрист ёки адвокатга мурожаат қилишингиз мумкин.

Ҳуқуқ ва халқаро ҳаёт бўлими

Бошқа хабарлар