Бундан буён ҳар ким ўз иши учун жавоб беради

700

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сирдарё вилояти фаоллари билан учрашувда айтган очиқ ва аччиқ сўзлари барчамизни ҳушёр торттирди.

Давлатимиз раҳбари Сирдарё вилояти фаоллари билан учрашув чоғида ўтган ойда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида мажбурий меҳнатга жалб этилган мактаб ўқитувчисининг фожиали ўлими хақида гапириб, барча даражадаги мутасадди раҳбарларни ходимлар, айниқса, бюджет ташкилоти ходимлари бўлган ўқитувчи ва шифокорларни ҳамда талаба-ўқувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этиш Президент ва у олиб бораётган сиёсатга хиёнат эканини, бундан буён мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай турига йўл қўйган раҳбарлар қонун олдида жавоб беришини таъкидлаб ўтди.

Куни кеча Вазирлар Маҳкамасида ҳукумат раҳбари томонидан «Ҳудудларда дала ва тозалаш, ободонлаштириш ишларига тиббиёт ва таълим муассасалари ходимлари, талабалар ва ижтимоий соҳа вакилларини жалб этишни тақиқлаш ва ушбу ҳодисаларга йўл қўйган барча даражадаги ҳокимлар ва раҳбарларнинг шахсий масъулият ва жавобгарлигини оширишга қаратилган чораларни белгилаш» масаласига қаратилган видеоселектор бўлиб ўтди.
Йиғилишда бюджетдан ойлик олиб ишлайдиган мактаб ва коллежлар ўқитувчилари, тиббиёт ходимлари, мактаб ва коллеж ўқувчиларини нафақат пахта йиғим-теримига, балки ҳудудларни тозалаш ва ободонлаштириш, ҳаттоки ноқонуний қурилган биноларни бузиш ёки бошқа қурилиш ишларига жалб этиш ҳолатлари ­кўплаб учраётгани қаттиқ танқид остига олинди. Ушбу масала бўйича тегишли мутасаддиларнинг ҳисоботлари эшитилиб, йиғилиш сўнгида мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишига йўл қўйган раҳбарларга нисбатан қаттиқ интизомий таъсир чоралари кўрилиши ҳақида огоҳлантирилиб, қатор топшириқлар берилди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда жамиятимизда айрим «тадбиркор» раҳбарлар томонидан текин куч сифатида бюджет ташкилотлари ходимларини тозалаш, ободонлаштириш ишларига жалб этиш урф тусига кириб қолган эди. мамлакатимизда 1997 йил 30 августда Халқаро меҳнат ташкилотининг «Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисида»ги Конвенцияси ратификация қилинган. Миллий қонун ҳужжатлари ҳам мазкур Конвенция­­га мос келади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланиши белгилаб қўйилган. Меҳнат қилишнинг ихтиёрийлиги «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасида ҳам ўз ифодасини топ­ган. Меҳнат кодексининг 7-моддасида мамлакатимизда мажбурий меҳнатнинг барча тури тақиқланиши белгилаб қўйилгани, кейинги йилларда пахта йиғим-терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ­бўйи­ча халқаро экспертлар иштирокида Учинчи томон мониторингида иштирок этувчи миллий экcпертларимиз томонидан мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича миллий мониторинг ўтказиб келинаётган бўлса-да, бундай ҳолатлар охиригача бартараф этилмагани ҳеч кимга сир эмас. Буни қарангки, миллий мониторинг гуруҳи экспертлари тумандаги қишлоқ врачлик пунктларига боришганда, 20-25 нафар ходим ишлайдиган ҚВПларда бор-йўғи 3-4 нафар ходим бўлар эди. Бошқа ходимлар қаердалиги сўралганда улар патронаж хизмати учун ҳудудга чиқиб кетгани айтилар эди. Ваҳоланки, ҚВПга соғлиғи бўйича мурожаат қилиб келган фуқаролар билан суҳбатлашилганда, пахта мавсуми бошлангандан буён тиббиёт ходимлари ўз иш жойида эмаслиги юзасидан норозилик билдирилар эди.

Ўтган йили давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидан қайтганидан сўнг Олий Мажлис Сенати ҳузурида мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича алоҳида комиссия ташкил этилди. Президентимиз топшириғига асосан, 2017 йил кузида ўқувчи ва талабалар пахта далаларидан қайтарилди. Аммо жойлардаги аксарият раҳбарлар бундан хулоса чиқариш ўрнига, то ҳануз ўқитувчилар билан шифокор ходимларни кўча тозалашдан тортиб, эски уй-жойларни бузишгача бўлган ишларга жалб этиб келаётир.
Республика кенгашининг «Ишонч телефони»га тиббиёт ходимларидан ўз хизмат вазифасига алоқаси бўлмаган бошқа ишларга туман, шаҳар ҳокимларининг оғзаки топшириқлари билан жалб қилиш ҳолатлари юзасидан мурожаатлар сони кўпайиб бораётгани бежиз эмас, албатта. Ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қиладиган ташкилот сифатида ўз муносабатларимизни билдириб ташкилот раҳбарига, туман ҳокимликларига юқоридаги тадбирлар амалдаги қонунчиликка зид эканлигини, оқ халатли тиббиёт ходимларининг хизмат вазифаларига туман, шаҳар ҳудудини ободонлаштириш вазифаси киритилмаганлигини ва зудлик билан ушбу ҳолатга барҳам бериш талаблари қўйилса-да, шу пайтгача бармоқ билан санарли ҳоллардагина муайян натижаларга эришилмоқда эди.
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда барча соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарлари, касаба уюшмаси фаоллари иштирокида кенгайтирилган видеоселектор ўтказиб, бундан буён тармоқда ходимларнинг мажбурий меҳнатига йўл қўймаслик масаласи муҳокама этилди ва келгусидаги иш режаси тасдиқланди.
Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, хусусан, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси томонидан куни кеча кучга кирган «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонун талаблари асосида мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишига йўл қўймаслик юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш белгилаб олинди.
Мана, ниҳоят, Президентимизнинг ташаббуси ва махсус топшириғи билан бундай номақбул таж­рибага чек қўйиладиган бўлди. Бундан, албатта, одамларнинг соғлиғини ўйлайдиган, уларнинг бахт­­ли ва соғлом ҳаёт кечириши учун туну кун хизмат қилишга тайёр бўлган, халқ фаровонлиги йўлида белини маҳкам боғлаб, эл-юрт равнақи йўлида сидқидилдан хизмат қилишни ўзининг бурчи деб билган шифокорлар, ҳамширалар бағоят мамнун бўлдилар.
Фикрим якунида айтмоқчиманки, корхона ва ташкилотлар, ўқув муассасалари раҳбарлари томонидан мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатлари юз берса, бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 1092, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг 0371 код билан 256-43-58 рақамли «ишонч телефони»га қўнғироқ қилиш мумкин.

Фарҳод ХАНАПИЯЕВ,
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика
кенгаши раиси

Бошқа хабарлар