Дарс ўтсаккина, болалар билимли бўлади

474

Эрталаб дарс машғулотларини ўтиш учун синфга  киришим билан, котиба йўқлаб келди. — Шошилинч, директор чақиряпти… Ўқувчиларга тинч ўтиришни тайинладиму, қабулхонага ошиқдим. Қарасам, қўшни синфларда дарс бош­лаган ҳамкасбларим ҳам шу ерда экан.

— Топшириқ бўлди, — деди директор. — Ўнта ўқитувчи ­аэропорт йўлини, ўнта ўқитувчи стадионга борадиган катта кўча бўйидаги ариқни тозалайди. Фақат тезроқ, ҳокимликдан вакиллар кутиб туришибди.
— Дарс нима бўлади?
— Илтимос, мени хижолатга қўйманглар. Биринчи марта эмас-ку! — дея хўрсинди директор. — Нима, мен шуни ўз хоҳишим билан қиляпманми?
Муҳокама қилиб туришга вақт йўқ. Синф бурчагига яшириб қўйган эски халатим ва супургини қўлга олиб, ҳашарга шошиламан.
Очиғини айтишим керак, илгарилари бундай ҳолатлар деярли ҳар куни такрорланарди. Якшанбани тўлиғича кўча супуришга бағишлардик. Ёзги таътилни ҳам ҳашарда ўтказган вақтларимиз кўп бўлган. Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан таълим ва тарбияга берилаётган эътибор, қолаверса, ободонлаштириш бошқармаларининг ташкил қилиниши, ҳақ тўланадиган жамоат ишларининг жорий этилиши мушкулимизни анча осонлаштирди.
Бироқ ҳудудда бирон катта тадбир ўтказиладиган бўлса, барибир, асосий хизматни ўқитувчи билан шифокор қилишга мажбур. Агар бўйин товласак, «дарсни яхши ўтамаганимиз» ёки «ички меҳнат тартиб-қоидаларини бузганимиз» учун жазо олишимиз мумкин.
Баъзида ота-оналар «ўқитувчилар саводсиз, боламга яхши билим бермайди, шунинг учун репетиторга фалон пул тўлаб ўзлаштиришини яхшилаяпман», деб нолишади. Аслида, ўқитувчилар саводсиз бўлгани учун эмас, дарс ўтишга вақти бўлмагани учун болаларга етарлича билим бера олмайди.
Агар муаллим ўз вақтида дарс ўтса, мавзуни ўқувчига тўлиқ тушунтирса, таълим сифати ошишини ким билмайди дейсиз?
Бугун эрталаб мактабга келсам, дув-дув гап:
— Президентимиз нима деганини эшитдингизми? Энди ўқитувчилар ҳеч қандай жамоат ишларига жалб қилинмайди. Ўзимизнинг асосий фаолиятимиз билан шуғулланамиз — болаларга таълим ва тарбия берамиз.
Очиғи, кўзимга ёш олдим. Бу эътибор ўқитувчигагина эмас, бутун миллатга, унинг келажагига бўлган эътибор, аслида. Президентимизнинг ушбу масала юзасидан билдирган фикрлари мамлакатимиз равнақига тўғаноқ бўлаётган айрим ижтимоий-иқтисодий, маънавий муаммоларга барҳам беради.

Малоҳат ТИЛЛАЕВА,
Урганчдаги 18-сонли мактаб ўқитувчиси

Бошқа хабарлар