ИНТЕРВЬЮ

241

Турди Мурод унча-мунча хиргойи қилиб, одамлар кўзига кўрина бошлагандан бери уни ҳали радио, ҳали телевизорга чақириб қўйишмайди. Ичида «жон-жон» деб турса-да, ёлғондакам бормай юрди. «Ўлиб турган экан» дейишмасин-да… Бир неча бор таклиф этишгандан сўнг охири «кўнди» ва радиога қандайдир эшиттириш учун суҳбатга борди. Журналист қиз соч турмагини бироз тўғрилаган бўлди-да, унинг қаршисидаги ўриндиққа чўкди ва суҳбатдошига қараб сўради:

— Хўш, тайёрмисиз?
— Тайёрман.
— Унда бошладик. Саволларимга аниқ, лўнда ва эркинроқ жавоб беришга ҳаракат қилинг. Тингловчилар учун шуниси қизиқ. Демак, биринчи савол: Турди Мурод ака, санъатга қандай кириб келгансиз?
— Шу… оддий, эшикдан кириб келавердик, ҳи-ҳи-ҳи! Ўзингиз айтгандек, эркинроқ бўлай деяпман-да.
— Вой-бў, ҳалитдан-а? — дея унга қўшилиб қиқирлайди бошловчи қиз. — Яхши-яхши, мана, кулишиб ҳам олдик. Энди саволга жавоб беринг, сизни кутишяпти…
— Да, короче…
— Иложи бўлса, ўзбекча гапиринг. Ахир, биз студиядамиз.
— Ҳа, мен болалигимда жуда кўп касбларни танлаб кўрганман. Унисини айтсам ҳам «бўлмайди» дейишарди, буниси айтсам ҳам. Хуллас, роса бошимни қотиришган. Охири, «мана бўлмаса» дедим-да, қўшиқчи бўлишга жазм этдим. Додам раҳматли мени шу йўлдан қайтараман деб жаврай-жаврай кети-иб қолдилар у ёққа…
— Э, аттанг, бугун юлдузлардан бири бўлганингизни кўриш насиб этмабди-да. Нега сизни бу йўлдан қайтармоқчи бўлди у киши?
— Ким билади дейсиз? Доим бир гапни такрорлардилар, ҳозир эслайман. Ҳа, мана бундай: «Отанг қузғун, онанг қузғун, сен кимдан ўзғун?».
— У нима дегани?
— Билмадим, ничево не понятно! Вот, сизам тушунмадизу… Менам ўша пайт ҳам тушунмаганман, ҳозир ҳам тушунмайман. Какой-то маталми-ей, мақолми-ей…
—Ўзи авлодингизда санъаткорлар ўтганми?
— Йўқ, фақат мен чиқдим.
— Унда балки шуни назарда тутгандир ҳалиги мақол билан…
— Ну-ну, қитмир саволлар бериш журналистларга теккан касалликми дейман?
— Ахир, додангиз бекорга жаврамагандир, демоқчийдим-да. Ҳа, майли, кейинги савол: Ҳозир қандай қўшиқ ёки клип устида ишлаяпсиз?
— А, кстати, додамга бағишлаб қўшиқ ёздим. «Додажон» деб номланади.
— Сўзи кимники, қайси шоирники демоқчиман?
— Ўзимники.
— Куйи-чи?
—Тоже ўзимники.
— О-ҳо, универсалман денг!
— Между прочим, ҳозир кўпчилик шунақа қиляпти.
— Хўп, ўша янги қўшиғиздан бир чимдим жонли ижро эшитайлик. Тингловчилар ҳам шуни истайди.
— Э, нима деяпсиз, опоқи, мен тайёр эмасман бунга.
— Биринчидан, мен сизнинг опоқингиз эмасман. Биз студияда ўтирибмиз, чайқов бозорида эмас. Иккинчидан, ҳар бир қўшиқчи бунга тайёр бўлиши керак!
— Договорда бунақаси йўғиди-ю (секингина журналистнинг қулоғига шипшийди).
— Қайси договорни айтяпсиз?
— Менга телефон қилиб, таклиф қилганизда нега айтмадиз, фонограммамни олиб келардим.
— Унда сўзларини шеър қилиб ўқий қолинг. Ахир, бизгаям фон керак.
— Ладно, озгина куйга соламан. Бошладик, ёрдамлашворинг (қўлини қисир-қисир қилиб ўйнатади).
Отанг ким ошқовоқ, онанг ким носқовоқ,
Сенга ким қўйибди ноз-фироқ?!
Ҳе-е, кўзлари мунчоқ,
Ҳе-е, сўзлари тўмтоқ…
— Қойил, бунақасини биринчи бор эшитишим. Ростдан ўзиз ёздизми?
— А, вернее, буям додамни маталларидан. Только кейинги икки қатори мани ижодим. Фольклор-да бу, ҳозир урф бўлди-ю…
— Фольклоримиз ҳам жа бой эканда-е!
— Не говори, хоҳлаганча ижод қилиш мумкин.
— Хўш, клипи қандай бўлади, энди бу қўшиғизни?
— Клипниям додасини топганмиз…
— Клипам додангизникими?
— Не, зўрини ишладик демоқчийдим. Значит, бир томонда қизлар ўйнайди, иккинчи томонда йигитлар чапак чалиб туради. У томонда кампирлар сумалак пиширади, бу томонда чоллар карта ўйнайди…
— Вой-бўй, катта ижодий жамоа денг!
— Фольклорда ўзи шунақа бўлади-да. Короче, фонимизга гап йўқ!
— Мендаям бошқа гап йўқ. Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат. Менимча, радиотингловчилар учун ҳам қизиқарли эшиттириш бўлди.
— Значит, суҳбатимиз қачон эфирга кетади?
— Биринчи апрель куни кутаверинг!
— Биринчи апрель? Э, шошманг, бугун-ку биринчи апрел, значит бу… нима ўзи бу, интервьюми ё алдоқчи сюрприз?
— Ахир, бу ҳазил-ку! Азиз мухлислар, сиз ҳам буларнинг барини ҳазилга йўйинг…

Холида ФАЙЗИЕВА

Бошқа хабарлар