Етти пир нега «қадр куни» зиёрат қилинади?

89

Қаерда бўлмайлик, киндик қонимиз тўкилган жойни қўмсайверамиз. Балки бу дунёнинг ўзига хослиги ва мўъжизакорлиги туфайлидир… Болалигим Бухоройи шарифнинг Шофиркон туманида ўтган. Шу боис унинг ҳар қарич ери мен учун азиз. Тошкентга келганимда эса вилоятимиздаги биз қадрлаб, эъзозлайдиган муқаддас зиёратгоҳ — Етти пир ҳақида кўпчилик билмаслиги мени ҳайрон қолдирди…

Яхши эслайман — доим бизни тергаб юрадиган амакимнинг ўғли бирдан ўзгариб, кўп китоб ўқийдиган бўлиб қолди. Ёшлигим сабабми, очиғи, бу ҳаракатларни аввалига тушуна олмаганман.
Кунларнинг бирида ўйинқароқлигим тутиб, унинг ёнига бордим. Қарасам, ҳар куни барвақт туриб, китоб қучоқлайдиган акам ҳамон уйқуда. Уйғотгим келди, шу пайт янгам шивирлади: «Дарс қилгани келдингми? Кел, бирга тайёрлаймиз. Аканг жуда чарчаган. У ўқишга кирай, деб Етти пирни пиёда зиёрат қилиб келибди».
Эзгу тилак, яхши ният ҳақида онам кўп такрорлайди. Ҳатто кичкиналигимизданоқ отам билан ҳар сафар бозорга борганда, ҳудудга яқин бўлган Етти пирдан бири Хожа Ориф Моҳитабонни зиёрат қилардик.
Университетга кириш учун тайёрланиб юрган кезларим, бир гуруҳ ҳамқишлоқлар билан «Қадр куни»да Етти пир сари отландик. Дастлаб, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг зиёратгоҳига юзландик. Ғиждувонийнинг 9 ёшидаёқ Қуръони каримни ёд олганлиги, 10 ёшидан дарвешларнинг зикрларида фаол иштирок этгани ҳақидаги маълумотлар барчамизни лол қолдирди. У ўз таълимотини ваъзлари орқали тарғиб қилган ҳамда қатор рисолалар ёзган. «Одоби тариқат» («Тариқат одоби»), «Рисолайи соҳибия» («Дўстлик рисоласи») асарлари шулар жумласидан.
Ғиждувоний қадамжосидан кейинги пирнинг зиёратгоҳи томон йўл олдик. Одамларнинг кўплиги, айниқса, хорижлик меҳмонларнинг ҳам зиёратга келганини кўриб ҳайратимиз ортди.
Хожа Ориф Моҳитабон Шофиркон туманидаги Ревгар қишлоғида туғилган. Қаб­­ри эса туман марказида жойлашган. У Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг тўртинчи халифаси ҳисобланади.
Ҳазрати Аъзам Даҳбедийнинг «Мақомоти Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» асарида айтилишича, ҳазрат Хизр алайҳиссалом Ғиждувоний ҳузурларига келарди ва шу пайт, ажабки, унинг ҳамма шогирдларини уйқу домига тортди. Суҳбат тугаб, Хизр алайҳиссалом кетганларидан сўнг шогирдлар беихтиёр уйғониб кетишди. Толиблар орасида энг ёши Хожа Муҳаммад Ориф ар-Ревгарий Хизр алайҳиссаломнинг суҳбатидан баҳраманд бўлай деб кўзларига туз сепади ва оғриқнинг зўридан уйғоқ қолади ҳамда суҳбатни тинглагани маълум бўлади. Бу ҳолни кўриб, Хизр алайҳиссалом: «Сиз Ориф бўлгайсиз, иншооллоҳ!», — дейди. Хизр алайҳиссалом нафасининг баракотидан ул зот дунёга Хожа Ориф номи билан машҳур бўлдилар. «Орифнома» номли китоб ҳам у кишига мансуб бўлиб, унда авлиёлик аломати ҳақида ҳам сўз юритилиб, бунда авлиёлик аломати учта: биринчиси — баланд даражани эгаллаганда ҳам камтар бўлмоқ; иккинчиси — сабру тоқати етгунча парҳез қилмоқ; учинчиси — кучи етгунча инсоф қилмоқ эканлиги айтилади.
Кейинги авлиё Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий Вобкент туманидаги Анжир Фағни (ҳозирги номи Анжирбоғ) қишлоғида туғилиб, шу ерда вафот этган. Унинг қаб­­ри устига ҳозирда мақбара бунёд этилган бўлиб, ёнида ҳовуз ва жоме масжиди қад ростлаган. Али Сафийнинг «Рашоҳоту айнул ҳаёт» китобида ёзилишича: «Хожа Али ар-Ромитаний Хизр алайҳиссаломдан: «Шу асру айёмда пир деб кимнинг этагидан тутса бўлади?» деб сўраганида, Хизр алайҳиссалом: «Шу асру айёмнинг муршиди Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийдир», деган эканлар. Шу сабаб Хожа Али ар-Ромитаний Хожа Маҳмудга мурид бўлганлар.
Сўнгра Хожа Али ар-Ромитаний Хожаи Азизон мақбараси томон йўл оламиз. Тўртинчи пиримиз Ромитаннинг Қўрғон ­қишлоғида таваллуд топган. Касби тўқувчи бўлгани боис ҳам «Иймон нима?» деган саволга «Узмоқ ва уламоқ», деб жавоб берган эканлар. Яъни, бу дунёдан узилмоқ ва Ҳаққа уланмоқдир.
У ердан чиқиб, кейинги пир — Бобойи Самосий зиёратгоҳида бир мунча вақт туриб қоламиз. Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий Ромитаннинг Самос қишлоғида таваллуд топган. У кунларнинг бирида кураш майдони ёнидан ўтаётиб Амир Кулол деган паҳлавонни кўриб қолади ва уни маънавий майдонга чорлайди. Шундан сўнг Амир Кулол ҳазратнинг хизматларига кирганлиги айтилди. Биргина ушбу ривоят орқали ҳам Самосийнинг маънавий олами нақадар юксаклигини билиш мумкин.
Олтинчи пир эса айнан Саййид Амир Кулол. Тўлиқ исми Саййид Амир Калон бўлиб, Бухоро яқинидаги Сухор қишлоғида туғилган. У шариат аҳкомларини пухта эгаллаган ва атрофига 114 авлиёни жамулжам қилиб, диний таълимни кенг ёйишга улкан ҳисса қўшган. 2007 йилда Саййид Мир Кулол қабри устида маҳобатли мақбара қад ростлаган.
«Мақомоти Амир Кулол»да нақл қилинишича, Амир Кулол мужаррад(бўйдоқлик) даврида тенгқурлари билан чопонларини юва туриб, уларга айтибдилар: «Эй ёронлар, чопонларни пахса девор устига ёймайлик, чунки у ердаги тиканларга озор берилур. Зинҳор дарахтлар шохига илмайлик, шохлар эгилиб, жабр бўлур. Заминга ҳам ташламайлик, ўт-ўланлар ҳалок бўлур». Бу гапларни эшитиб, не қиларини билмаган биродарлари сўрашибди: «Амир, сиз чопонингизни қандай қилиб қуритасиз?». Ҳазрат дебди: «Мен чопонимни устимга ташлаб, офтобрўяда қуритаман. Эй ёронлар, агар пахса девордан бир парча узилиб ерга тушса, ё дарахт шохи синса, ё чорва ейдиган ўтларга зарар етса, Худованд­­га не узр билдирурмиз? Зинҳор номашруъ (шариатга зид) ишлар қилманг. Чунки кичик гуноҳ такрорланаверса, дўзахга олиб борур».
Шунча юрган бўлсак-да, ҳеч кимнинг юзида чарчоқ сезилмасди. Аксинча, тетиклик ва руҳий қувват олгандек йўлимизда давом этардик.
Еттинчи пир Ҳазрати Саййид Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ибн Саййид Жалолиддин бўлиб, бу зот Қуръони карим ва пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларини халққа етказган ва ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган. Баҳоуддин Нақшбанд 1318 йилда Бухоро шаҳри яқинидаги Қасри Ҳиндувон қишлоғида туғилган. Аллома она томонидан сиддиқийдир, яъни насаблари Абу Бакр Сиддиққа бориб тақалади. Шарқшунос олим Э. Бертелснинг ёзишича, нақшбанд таълимотининг асосида ихтиёрий равишдаги фақирлик ётади. Шунга биноан, Баҳоуддин Нақшбанд умр бўйи деҳқончилик билан шуғулланган. Кичик майдонга буғдой ва мош экиб, кун кечирган. Уйида эса ҳеч қандай мол-дунё ва бойлик сақламаган. Қишда қамишлар, ёзда эса бўйра устида яшаган. Бутун умрини ўз хоҳиши билан фақирлик ва йўқсилликда ўтказган. Зеро, бу тариқатнинг асл моҳияти: «Дил ба­ ­ёр-у, даст-ба кор» — Қалбинг Аллоҳда, қўлинг эса меҳнатда бўлсин.
Унинг қўл кучи билан кун кўришни маъқул кўргани, топганини етим-есир, бева-бечораларга инъом этганлиги, ҳукмдорлардан доимо ўзини йироқ тутганлиги, ҳеч қачон таъмагирлик қилиб яшамаганлиги то ҳануз барча учун ибрат ва намунадир. Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд томонидан асос солинган Нақшбандия таълимоти Марказий Осиё, Ўрта ва Яқин Шарқ халқларининг ижтимоий, маънавий-маданий ҳаётида муҳим аҳамият касб этиши ҳам бежиз эмас.
Нақшбандийлар савдо-сотиқ, деҳқончилик, ҳунармандлик, бадиий адабиёт, мусиқа, ҳаттотлик, наққошлик, миниатюрачилик ва қурувчилик каби фойдали юмушлар билан шуғулланишган. Шу боис ҳам маърифат ва адабиётнинг йирик намоя­н­далари: Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Аҳмадшоҳ Дурроний, Махтумқули сингари пешволар Нақшбандия йўлини танлаганлар.
Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳидан чиқар эканмиз, руҳий қувват олгандек ўзимизни енгил ҳис этдик. Ўшанда нега Етти пирни кўпинча «Қадр куни»да зиёрат қилишларини англагандек бўлдим…

Муҳаббат УБАЙДОВА,
ЎзМУ талабаси

Бошқа хабарлар