Мард қолур майдон ичинда

122

Кураш қадимдан Шарқ халқларида мардлик ва ҳалоллик сифатларини шакллантиришда асосий тарбия воситаларидан бири ҳисобланиб келган. «Шоҳнома», «Қобуснома», «Бобурнома» каби асарларда, халқ оғзаки ижоди ҳисобланган достонларда кураш ҳақида, полвонлар ҳақида алоҳида тўхтаб ўтилган. Тарихдан маълумки, Амир Темур қўшинидаги ҳар бир аскар кураш илмини эгаллаши шарт бўлган. полвонлик сифатлари ўзбек халқининг қон-қонига сингиб кетган. Ҳозирги пайтда курашга қизиқиш янада ортиб бормоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 2 октябрдаги «Кураш» миллий спорт турини янада ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида»ги қарори нафақат мамлакатимиз, балки халқаро миқёсда миллий курашимизни янада оммалаштиришда муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда. Хусусан, ўзбек миллий кураши илк бора 2018 йили Индонезия­­да ўтказиладиган ХVIII ёзги Осиё ­ўйинлари дастурига расман киритилгани жаҳон ҳамжамияти эътирофига сазовор бўлган спорт туридан бири эканига далолат.
куни кеча Шаҳрисабз шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Президенти соврини учун Амир Темур хотирасига бағишланган VII халқаро турнирда 30 га яқин давлатдан келган 120 дан ортиқ полвон ғолиблик учун гиламга тушди. Эркаклар ўртасида 73, 81, 90 ва мутлақ, аёллар ўртасида эса 57 ва 78 килограмм вазн тоифаларида беллашган курашчилар орасида энг кучлилар сараланди. Жумладан, аёллар ўртасида 57 килограммгача вазн тоифасида Гулнора Сулаймонова, 78 кг. вазн тоифасида Гулноза Матниёзова, эркаклар ўртасидаги баҳсларда 73 кг. да тожикистонлик Беҳрузий Хўжазода, 81 кг. вазн тоифасида эронлик Илёс Алиакбарий, 90 килограммгача бўлган курашчилар орасида тожикистонлик Комроншоҳ Устопириён ғолиб деб топилди. Мутлақ вазн тоифасида эса ҳамюртимиз Шерали Жўраев эронлик Жаъфар Паҳлавонийга қарши гиламга чиқди. Муросасиз кечган баҳсда қашқадарёлик полвоннинг қўли баланд келди. Мутлақ вазн тоифасида ғолибликни қўлга киритган Шерали полвон Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини — 10 минг АҚШ доллари билан мукофотланди.
— Бу галги мусобақа аввалгилардан кўра қизғин кечди, — дейди қашқадарёлик полвон Шерали Жўраев. — Бир-биридан кучли рақиблар билан муросасиз кечган баҳслар эсда қоларли бўлди.
Турнирнинг ўзига хос кайфиятда кечгани, полвонларнинг ҳалол ғалаба учун курашгани, гилам устидаги қўлланган такрорланмас усуллар мухлислар хотирасида муҳрланди. Айниқса, яримфинал босқичида мутлақ вазн тоифасида акаси билан юзма-юз келган Илҳом Жўраевнинг Шерали полвон фойдасига гиламни тарк этгани дунёнинг турли давлатларидан келган полвонлар ва ҳакамлар, шунинг­дек, кузатувчилар томонидан алоҳида эътироф этилди. Чунки Шарқ халқларигагина хос бу каби одатлар миллий курашимиз жозибасини яна бир карра намоён этиши шубҳасиз.

Аъзамжон АБУЛФАЙЗОВ

 

Бошқа хабарлар