Яхши қўшничилик муносабатлари қардош халқларимиз манфаатларига хизмат қилмоқда

32

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан мамлакатимизга давлат ташрифи билан келган Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 24 апрель куни Хоразм вилоятида бўлди. 

Урганч халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

Хоразмда ушбу ташрифга алоҳида тайёргарлик кўрилди. Вилоят кўчалари икки мамлакат давлат байроқлари, ўзбек ва туркман тилларидаги қутлов сўзлари билан безатилди. Кўчаларга чиққан минглаб юртдошларимиз юз-кўзидаги хурсандчилик икки дўст давлатнинг барча соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари янада ривожланиб бораётганидан далолат беради. Ўзбекистон – Туркманистон муносабатларининг ёрқин истиқболи рамзи сифатида осмонга оппоқ кабутарлар учирилди.

Ўзбек ва туркман халқларининг тили ва урф-одатлари яқин, маданияти, адабиёти ва санъати уйғун.

Бугунги кунда Хоразм вилоятининг Урганч тумани Ғойбу қишлоғидаги Туркман маҳалласида минглаб туркманлар ўзбеклар билан тинч-тотув, бир оила вакилларидек иноқ яшаб келмоқда. Уларнинг ўз она тилида таълим олиши, урф-одатлари ва анъаналарини ривожлантириши учун барча шароит яратилган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ушбу ҳудудда кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Янгиланган лойиҳадаги уй-жойлар, замонавий мактаб, мактабгача таълим муассасалари, болалар мусиқа ва санъат мактаби, оилавий поликлиника бинолари қишлоқ қиёфасини буткул ўзгартириб юборди. Замонавий ва миллий меъморчилик анъаналари асосида “Ўзбек-туркман” дўстлик уйи бунёд этилди.

Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов халқларимиз дўстлиги рамзи сифатида барпо этилган ушбу иншоотни бориб кўрди. Бу ерда яратилган шароитлар билан танишди. Бинода туркман, ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналарини жамлаган кутубхона, ахборот-ресурс маркази, икки халқнинг кўп асрлик тарихий дўстлигини ифода этувчи музей, турли фан ва санъат тўгараклари хоналари ва қарийб икки юз ўринга эга фаоллар зали жой олган.

Фаоллар залида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Туркманистон – биз учун тарих ва вақт синовидан ўтган, кўп асрлик дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари боғлаб турадиган энг яқин қўшнимиздир. Ҳақиқий дўстлик ва яқин қўшничилик муносабатлари қандай бўлиши лозимлигини биз бошқаларга ибрат қилиб кўрсатиш учун барча имкониятларни ишга соламиз” ҳамда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг “Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар – бир-бирини қадрлайдиган ва ҳурмат қиладиган қардош халқлар, меҳрибон қўшниларнинг мулоқотидир. Ушбу мустаҳкам пойдевор асосида биз бундан буён ҳам халқларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик ва қардошлик алоқаларини ривожлантирамиз ва мустаҳкамлаймиз”, деган сўзлари битилган.

Бу икки халқ вакиллари, айниқса, ёшлари ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Давлат раҳбарлари “Ўзбек-туркман” дўстлик уйи ҳовлисига ўрнатилган туркман халқининг буюк шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий бюсти пойига гул қўйди.

Туркман халқи Алишер Навоий ғазалларини севиб ўқиганидек, ўзбек халқи ҳам Махтумқулини ўз шоиридек ардоқлайди.

Атоқли шоир “Фироғийнинг икки кўзи бор, бири туркман бўлса, бири ўзбегим”, дея икки халқ ўртасидаги қардошлик ва дўстликни меҳр билан тараннум этган эди. Бугун ушбу дўстлик анъаналари янги босқичга кўтарилди.

“Ўзбек-туркман” дўстлик уйи, туркман миллатига мансуб юртдошларимиз учун яратилган имкониятлар туркманистонлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Шундан сўнг Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов “Улли ҳовли” ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрдилар.

Ўн еттинчи асрга оид ушбу мажмуада Президентимиз ташаббуси билан кенг кўламли таъмирлаш ва реставрация ишлари амалга оширилди. Бунда бинонинг асл тарихий ҳолатини сақлаб қолишга ҳаракат қилинди. Салкам бир гектар майдонни эгаллаган мазкур обида ҳимоя қўрғони билан ўралган. У бу ерда истиқомат қилган оилалар хавфсизлигини таъминлаган. Бу ерда, шунингдек, туркман халқининг миллий маданиятига тегишли осори-атиқалар бор. Мажмуада сайёҳлик ва зиёрат туризмини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Йигирма ўринли меҳмонхона қурилди. Туркман ўтовлари ўрнатилди.

Сайёҳлар бу ерда тегирмонларда ун ва гуруч тайёрлаш ҳамда улардан турли мазали таомлар пишириш, тандирларда хоразмча ва туркманча нон ва патир ёпиш жараёнининг гувоҳи бўлиши мумкин.

Президентлар қалъада сақланаётган, ўзбек-туркман халқларининг қадимий тарихидан ҳикоя қилувчи нодир экспонатлар билан танишдилар. “Улли ҳовли” мажмуаси отхонасидаги машҳур ахалтеке зотли отларни бориб кўрдилар.

Ўзбек ва туркман мумтоз қўшиқларидан намуналар ижро этилди.

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида “Ичан қалъа” ҳамда Нуриллабой мажмуасини зиёрат қилди.

Олий мартабали меҳмонга ушбу қадамжолар тарихи, бу ерда сайёҳликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берилди.

Очиқ осмон остидаги музей деб эътироф этиладиган “Ичан қалъа”да жойлашган Паҳлавон Маҳмуд мақбарасида буюк аждодимиз хотирасига қуръон тиловат қилинди.

Президентлар Шерғозихон мадрасасини ҳам кўздан кечирди. Бу масканда таълим олган алломалар шарафига ташкил қилинган музей фаолияти билан танишди. Ушбу мадрасада ўз даврида Маҳтумқули Фироғий ҳам уч йил таҳсил олган.

Мажмуада шоир шеърларига басталанган мумтоз қўшиқлар ижро этилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимиздаги барча тарихий шаҳарлар қатори Хива шаҳрининг ҳам тарихий-меъморий ва туризм салоҳияти изчил ривожлантирилмоқда. Ҳудуддаги бебаҳо маданий ёдгорликлар асл қиёфасини йўқотмаган ҳолда таъмирланиб, атрофи ободонлаштирилмоқда.

Хусусан, Нуриллабой тарихий мажмуаси реконструкция ва реставрация қилинди. Ресторан, қабуллар уйи, галерея, амфитеатр барпо этилди.

Бу аждодларимизнинг бой тарихий мероси, маданияти ва санъати намуналарини асраб-авайлаш, халқимизнинг юксак бунёдкорлик салоҳиятини дунё жамоатчилигига кенг намоён этишга хизмат қилмоқда.

Туркманистон Президенти аждодларимизнинг бунёдкорлик закоси, улар меросини асраб-авайлаш борасида бугун амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди.

Куннинг иккинчи ярмида Урганч шаҳридаги Хоразм вилояти мусиқали драма театрида Ўзбекистон – Туркманистон санъат усталарининг концерти намойиш этилди.

Унда Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов иштирок этди.

Бу ўзбек ва туркман халқлари маданияти бир-бирига яқинлигининг яна бир намоёни, мамлакатларимизнинг замонавий ва мумтоз санъати билан кенг танишиш учун қулай имконият бўлди.

Шу билан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга ташрифи ниҳоясига етди.

Урганч халқаро аэропортида Туркманистон Президентини Ўзбекистон Президенти кузатиб қўйди.

Туркманистон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи ва унинг доирасида имзоланган ҳужжатлар, бўлиб ўтган маданий тадбирлар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик яхши қўшничилик ва қардошлик тамойиллари асосида мустаҳкамланиб бораётганини яққол намоён этди.

ЎзА
Бошқа хабарлар