Бир илдизли икки дарахт

516

Дўстлик — беназир қадрият. Қувончимизни ҳам, ташвишларимизни ҳам дўстларимиз билан баҳам кўрамиз. Кейинги йилларда мамлакатимизда яқин қўшниларимиз билан муносабатларимизнинг янада мустаҳкамланаётгани, миллатлараро тотувлик ва дўстликка асосланган давлат сиёсатининг амалга оширилаётгани энг чекка қишлоқларда ҳам юртдошларимизнинг қувончига сабаб бўлмоқда.

Бугунги кунда Хоразм вилоятининг Урганч туманидаги Ғойбу қишлоғида туркман миллатига мансуб 4000 нафардан ортиқ юртдош­ларимиз умргузаронлик қилади. Қишлоқда таълим туркман тилида олиб борилувчи мактабгача таълим муассасаси ҳамда умумтаълим мактаби фаолият кўрсатади. Қишлоқ мамлакатимиз раҳбарининг эътибор ва ғамхўрликлари натижасида тобора чирой очиб, янада серфайз ҳудудга айланди. Бир йил ичида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида 1 ва 2 қаватли 64 та уй-жой, умумтаълим мактаби ва мактабгача бошланғич муассасаси, шифохона қурилиб, эл ихтиёрига берилди. Икки томонида арчалар, турли ниҳоллар қад кўтарган, гуллар экилган кенг ва равон йўллар, йўлакларнинг кўркамлигини айтмайсизми? Эндиликда бу қишлоқни шаҳарчадан фарқлаш қийин.

— Боболаримиз асли Марвдан. Марвлик турк­манлар Хивага келганда шу ҳудудлардан ўтишган. Пишқириб оқаётган Ғозовотга назари тушган. Шу боис хон ҳузурига кирганда Ғозовот атроф­ларидан жой беришни сўрашган. Ўша пайтдаги Хива хони, улуғ тарихчи ва сиёсатчи Абулғозий Баҳодирхоннинг розилиги билан ҳозирги Ғойбу қишлоғи ҳудудига кўчиб келишган ва бу ерда эндиликда «Улли ҳовли» номи билан дунёни ўзига қаратиб келаётган ҳовли барпо этилган, — дейди Хоразм вилояти «Ўзбек-турк­ман» миллий маданий Маркази раҳбари Давлатназар Ражабов. — Давлатимиз раҳбари ўтган йили 14-15 октябрь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида қишлоқда замонавий ва миллий архитектура уйғунлигида бун­ёд этилган «Дўстлик» уйида бўлиб, ушбу бинони аҳиллик ва бирдамликни мустаҳкамловчи ҳақиқий маънавият масканига айлантириш юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини берди. Президентимиз ташаббуси билан «Улли ҳовли» тарихий обидаси қайта тикланди. Эндиликда бу ерда миллий урф-одат ва анъаналаримиз ривожини таъминлашга хизмат қилувчи ҳунармандчилик устахоналари ва тўгарак­лар фаолият кўрсатмоқда.
— Фарзандларим билан замонавий уйга кўчиб ўтдик. Кексалик гаштини ўзим узоқ йиллар орзу қилган шароитдаги уйда ўтказиш бахтига муяссар бўлдим, — дейди Оллаёр Бобожонов. — Ўтган йили хонадонимизга муҳтарам Юртбошимиз ташриф буюрди. Бу билан уйимизга кетмас давлат, улкан толе, минглаб инсонлар орзу қиладиган саодат кириб келди. Ушбу самимий суҳбат мени ва фарзандларимни бутун ҳаётимиз давомида кўксимизни кериб, ғурурланиб яшашга ундайди. Биз энди Президентнинг қўлини тутган инсонлар сифатида қишлоғимизда маънавият, маърифат тарқатишни, яқин қўшничилик, миллатлараро тотувлик муносабатларининг йўлга қўйилишига ҳисса қўшишни, оилаларда меҳр-оқибатни кучайтиришни фарз ва қарз деб биламиз.

Дўғрама  пишириладиган кун

Туркман халқига бўлган эътиборни нафақат Ғойбу қишлоғида, балки вилоятимиз ва мамлакатимиз миқёсида амалга оширилаётган кўплаб ишлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Хоразмнинг деярли барча туманларида туркман миллатига мансуб фуқаролар фаровон турмуш кечирмоқда.
— Тақдир тақозоси билан 1986 йилда қўшни Туркманистон Республикасидан бу ерга келин бўлиб тушдим. Туркманларнинг урф-­одатлари, анъаналари ўзбекларникига жуда яқин. Масалан, Нав­рўз айёми бизнинг туркман диёрида ҳам кенг даврада нишонланади. Кўпкари мусобақаси ўтказилади, беш тош ўйинлари ўйналади, миллий таом­лар тайёрланади, кўк сомса, кўк чучвара, чалпак, қатлама пиширилади. Нав­рўз куни кўпчилик иштирокида туркманларнинг энг лаззатли ­таоми бўлган дўғрама пиширилади. Аёллар бошларига гуппа киядилар, эгнига эса катана деб аталадиган миллий кийим­ларни ­кийишади. Туркман миллий қўшиқлари куйланади, — дейди қўшкўпирлик Рўзика Абдурасулова. — Бир сўз билан айтганда, удумларимиз деярли бир хил. Ўзбекис­тонда ҳам байрам кунлари миллий куй-қўшиқлар куйланади, қизлар адрасу атласларга бурканади. Бу ерга келганимдан бери ҳар баҳорда мен ҳам қўшниларим билан биргаликда сумалак пишираман. Уларни йилда бир маротаба дўғрама билан меҳмон қиламан. Шундай тинч, обод юртда яшаётганимдан мамнунман.
Қўшкўпирнинг Ших қишлоғида табаррук отахон, туркман миллатига мансуб Қуммижон Валназаров истиқомат қилади.
— Ота-онам тақдир тақозоси билан ўтган асрнинг 30-йилларида Туркманистондан бу ерга кўчиб келишган экан. Аслида, қишлоғимизга Туркманистон жуда яқин. Мен шу ерда туғилиб ўсдим. Турмуш ўртоғим ҳам турк­ман миллатига мансуб. Умрим далада ўтган. Истиқлолдан сўнг биринчилардан бўлиб фермер хўжалиги ташкил қилдим. Ҳозир хўжаликни ўғлим бошқаради, — дейди отахон. — Ўзбекистон — она юртим. Ўзбек қўшниларим билан иноқ яшаймиз. Мени Қуммижон оға деб ҳурмат қилишади. Янги фермер хўжалик ташкил қилаётганлар ҳамиша маслаҳат сўраб келишади.
Оймонжон Пирматова ҳам шу қишлоқда яшайди. Келин бўлиб тушганига 20 йилдан ортган. Тикувчи, ҳунарманд шогирдлари жуда кўп. У қиш­лоқдаги фольк­лор дастасига аъзо. Турк­манча қўшиқларнинг моҳир ижрочиси.
Оймонжон опадан машҳур туркман таоми бўлган дўғрама ҳақида сўраймиз.
— Дўғрама меҳмонлар учун энг севимли таом ҳисобланади. Уни пишириш учун мезбон алоҳида тайёргарлик кўради. Сутга хамир қорилиб, сариёғ, мол ёғи, пахта ёғи қўшилиб муштланади ва тиндирилади. Зувала қилиниб, патир ёпилади. Таомнинг шўрваси учун лаҳм гўшт олиниб, тўрт–беш соат давомида у зираворлар билан қайнатилади. Гўшти ҳил-ҳил пишгандан сўнг сузиб олинади. Сабзавотлардан сабзи, пиёз қўшилади. Патир, гўшт ва бош пиёз майда-майда тўғралиб, аралаштирилиб, икки-уч соат тиндириб қўйилади. Патир ёғга муштлангани сабабли шўрвага бўктирилганда ҳам эзилиб кетмайди, меҳмон бу таомни ўзи учун махсус тайёрланганини ҳис қилади. Меҳмонга дўғрама ва шўрваси алоҳида тортилади, — дейди Оймонжон опа. — Мен турли байрам кунларида дўғрама тайёрлаб, маҳалладошларимизни меҳмонга чақираман.

Махтумқули  анъанаси давом этмоқда

Буюк туркман шоири Махтумқули Хивадаги Шерғозихон мад­расасида таҳсил олгани кўпчиликка яхши маълум. Бугун ҳам тарихий анъаналар давом этмоқда. Урганч давлат университети, Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали, Урганч тиббиёт коллежи ва бошқа ўқув юртларида кўплаб туркманистонлик ёшлар таҳсил олмоқда. Уларнинг тенг шароитларда ўқиши учун барча имконият яратиб берилган.
Куни кеча Урганч тиббиёт коллежида «Боқий бўлсин ўзбек-турк­ман дўстлиги» мавзусида байрамона тадбир ташкил қилинди. Унда коллежда таҳсил олаётган 128 нафар туркманистонлик ёшлар фаол иштирок этди. Тадбирга ташриф буюрганлар «Ўзбек-туркман дўстлиги» кўргазмасини ҳайрат билан томоша қилишди. Тадбирнинг «Дўстлик мадҳи тилларда» деб номланган қисмида ўзбек, туркман тилларида дўстлик ҳақида шеърлар янгради. Турк­ман ўқувчилари «Қуш тепди» ва «Елпессе» туркман миллий рақсларини, туркманча қўшиқларни моҳирона ижро этишди.
— «Қуш тепди» рақси туркман халқининг севимли рақсларидан. Барча байрам тадбирларида ушбу рақс ижро қилинади, — дейди 2-босқич ўқувчиси, туркманистонлик Шанур Аманиязова. — Айтишларича, қадим замонларда бетоб бўлганларни табиблар шу рақс мусиқаси билан даволашган экан. Шунинг учун ҳам бу куй ва рақс биз учун қадрли.
Ҳа, ўзига хос туркман анъаналари, рақслари, бетакрор либослари кўпчиликнинг ҳавасини келтиради. Кейинги йилларда ўзбек-туркман дўстлиги тобора мустаҳкамланиб бораётгани натижасида икки халқ урф-одатлари жўрлигида ташкил қилинаётган бундай тадбирлар ёшларнинг маънавий камолотига ижобий ҳисса қўшмоқда. Зеро, тинчлик ва дўстлик тараннумидан гўзалроқ ташбеҳ бўлмаса керак. Тадбир иштирокчилари илдизи бир икки дарахтга қиёсланган ўзбек-туркман дўстлиги боқий бўлсин, деб тилак билдирдилар.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА

Бошқа хабарлар