Ижтимоий соҳада муҳим халқаро анжуман

769

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббусига кўра ташкил этилган ушбу анжуманни ўтказиш ғояси Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси, Умумевропа касаба уюшмалари ҳудудий кенгаши, Халқаро иш берувчилар ташкилоти томонидан қўллаб-қувватланди ва унинг ишида ушбу нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамда дунёнинг 30 тадан ортиқ мамлакатидан келган касаба уюшмалари марказлари раҳбарлари, шунинг­дек, жаҳон миқёсида эътироф этилган хорижий экспертлар қатнашмоқда.
Бундан ташқари, анжуманда Ўзбекистонда фаолият юритаётган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотларнинг мамлакатимиздаги вакиллари ҳамда ҳамкор ташкилотлар — вазирлик, идора ва муассасалар, парламент аъзолари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, илмий муассасалар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари раҳбарлари, маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари ҳам иштирок этмоқда.
Конференция Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла ­Рафиқовнинг табрик сўзи, «Ҳаракатлар стратегияси ва кучли ижтимоий сиёсат: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон таж­рибаси» мавзусидаги маърузаси билан бошланди.
Таъкидлаб ўтилдики, Тошкент конференциясининг асосий мақсади 2021 йилгача бўлган даврда мамлакатимизни ривож­лантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлат органлари, касаба уюшма ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг турли институтлари билан изчил ҳамкорликда Ўзбекистонда эришилган кучли ижтимоий сиёсат натижаларини халқаро жамоатчиликка етказишдан иборат.
— Алоҳида фахр-ифтихор билан сизларга шуни етказишни истардимки, бугун Ўзбекистон халқи давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва бевосита раҳнамолигида кенг кўламли ислоҳотларни кўтаринки кайфият ва эртанги кунга ишонч руҳида амалга оширмоқда, — деди ­Қудратилла Рафиқов. — Тарих мезонларига кўра ўта қисқа фурсат — бор-йўғи 20 ой ичида қарийб 33 миллион нафар аҳолининг ҳаёти ва кайфияти сезиларли даражада ўзгарди. Чунки ижобий жараёнлар ҳар куни ва ҳар қадамда ўзини намоён қилмоқда.
Маърузада мамлакатимизда ижтимоий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бўйича муфассал ахборот берилди.

Конференция кун тартибига кўра нав­батдаги маъруза учун сўз Халқаро Меҳнат ташкилотининг меҳнаткашлар манфаатлари бўйича бюроси(ACTRAV) директори Мария Хелена Андрега берилди.
Шуни таъкидлаш лозимки, ратификация қилинган Ўзбекистон ХМТнинг бир қатор конвенцияларини ратификация қилиш билан бирга, уларда кўзда тутилган талаб ва қоидаларга ҳам оғишмай амал қилиб келмоқда. Маърузачи мамлакатимиз томонидан эътироф этилган ҳужжатлар талабларига риоя этилиши борасидаги эришилган натижалардан қониқиш ҳосил қилинаётганига алоҳида урғу берди. Хусусан, Ўзбекис­тон Президентининг БМТ минбаридан бу борада айтган тарихий сўзларини эслади ва мазкур анжуманда кўриб чиқилиши режалаштирилган мавзуларнинг ҳаётий аҳамият касб этишига ҳам ишонч билдирди. У Ўзбекистонда амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсатга тўхталар экан, бу сиёсат кўплаб чет мамлакатлар учун ўзига хос тажриба манбаи бўлиши мумкинлигини эътироф этди.
Халқаро Меҳнат ташкилоти Бош директори Гай Райдер конференция иштирокчиларига ўзининг видеомурожаатини йўллади.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, ХМТнинг ўнинчи Бош директори халқаро даражадаги меҳнат соҳасида деярли ўттиз йиллик тажрибага эга. Унинг раҳбарлигида кейинги йилларда Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасидаги ўзаро муносабатлар кучайиб бормоқда. Кези келганда таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда ХМТнинг Москва бюроси мутасаддилари ўртасида муносиб меҳнат бўйи­­ча Дастурни ўзида мужассам этган ўзаро ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.
Гай Райдер ўз табрикномасида мамлакатимизда меҳнат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар янги муносиб иш ўринлари яратиш ва аҳолининг барқарор бандлигини таъминлаш, ривожланган ва мутаносиб меҳнат бозори инфратузилмасини шакллантириш, ишсизлик даражасини қисқартириш, аҳолига меҳнат ва тадбиркорлик фаоллигини тўлалигича рўёбга чиқариш учун қулай шарт-шароит яратиш борасидаги ишларни алоҳида таъкидлаб ўтди.
Ҳаракатлар дастури қай тарзда амалга оширилади? «Ривожланиш стратегия­­си» маркази ижрочи директори Акмал Бурхоновнинг маърузаси ана шу масалага бағишланди.
Айни пайтда «Ривожланиш стратегияси» маркази ўз фаолиятини бир қатор йўналишларда олиб бормоқда. Турли анжуманлар, жамоатчилик муҳокамаси ва ижтимоий сўровлар ўтказиш йўли билан давлат ва аҳоли ўртасида очиқ мулоқотларга имкон яратиб берилмоқда. Давлат дастурида белгиланган ислоҳотларни рўёбга чиқаришга кўмаклашиш мақсадида Марказ халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлил ва маърифий муассасалар билан фаол ҳамкорлик қилмоқда.
Халқаро конференцияда Халқаро меҳнат бюроси (ХМТ) Бош директорининг махсус маслаҳатчиси Кари ­Тапиоланинг маърузаси кўпчиликда катта таассурот қолдирди.
— Уч томонлама ҳамкорлик музокаралар олиб бориш ва халқаро меҳнат нормаларини қўллашнинг асосий воситасидир, — деди маърузачи. — Биз ҳозирда иш ҳақи ёки иш вақтини ташкил этишнинг аниқ-равшан даражасини қарор топтиришимиз зарур. Ана шунда улар ёрдамида ходимлар ва иш берувчилар ўзларининг иш ўринлари, тармоқлари ва мамлакат учун энг яхши кўрсаткичларга эришиш имконини берадиган шарт-­­шароитлар ҳақида музокара олиб бориш имконига эга бўлиши мумкин.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодав­лат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси, академик Акмал ­Саидовнинг «Халқаро меҳнат меъёрларини Ўзбекистон миллий қонунчилигига имп­лементация қилиш: ҳозирги ҳолат ва имкониятлар» мавзусида чиқиши ҳам барча иштирокчиларнинг қизиқишига сабаб бўлди.
Маърузачи таъкидлаганидек, ­кейинги пайтларда Ўзбекистонда аҳоли банд­лигини таъминлаш бўйича қўшимча ҳуқуқий чоралар кўрилмоқда. Бандликни таъминлаш ва меҳнат муносабатлари бўйи­­ча қонунчилик базаси узлуксиз такомиллаштириб бориляпти.
— Ўзбекистонда ходимларнинг жинсига қараб иш ҳақларини белгилаш қоидаси йўқ. Гендер тенглик масалаларини тартибга солиш учун Меҳнат кодексига алоҳида 9-боб киритилган. Мазкур кодексга кўра меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга асосан белгиланади. Меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори қонунчиликда кўрсатилган энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас ва унинг ҳеч бир юқори чегараси белгиланмайди, — деди Акмал Саидов.
Конференция доирасида «Ўзбекис­тонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси давлатнинг мажмуавий сиёсати мисоли сифатида» мавзусидаги маъруза билан номдор норвег иқтисодчиси, эксперт, Таллин техника университети профессори Эрик Райнерт чиқиш қилди.
Таъкидлаб ўтиш керакки, Эрик Райнерт нафақат жаҳонга машҳур нотиқ ва жамоат арбоби, балки қўлма-қўл ўқилган «Бой мамлакатлар қандай бой бўлишди ва нега камбағал давлатлар камбағаллигича қолмоқда» номли илмий оммабоп китоб муаллифи ҳамдир. Мазкур асарда муаллиф ривожланган мамлакатлар давлатнинг аралашуви, ишлаб чиқарувчиларнинг ҳар томонлама ҳимоя қилиниши ва стратегик инвестицияларнинг уйғунлиги таъминлангани туфайли бой бўлганини қайд этган. Унинг фикрича, айнан шундай сиёсат уйғониш давридаги Италиядан тортиб бугунги Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари тараққиётига ҳам асос бўлиб хизмат қилди.
Эрик Райнерт ўз чиқишида замонавий иқтисодчилар эркин савдонинг муҳимлигини қатъий ҳимоя қилиб, қайд этилган масалаларни назардан четда қолдиради, деган фикрни илгари сурди. Олим мазкур ҳолатга Европа қитъасининг ишлаб чиқаришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш сиёсати анъаналарига асосланган бир тараф, илмий жамоатчилик ва эркин савдога асосланувчи англо-американча ёндашувни ёқловчи иккинчи тараф ўртасидаги келишмовчилик сабаб деб изоҳлайди.
Ғарбнинг аввалги ва ҳозирги иқтисодий тизимлари мисолида мутахассис Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаб­бусига кўра қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясининг самарадорлигини изоҳлаб берди. Шунингдек, иқтисодиётни янада ривожлантиришга оид муҳим тавсиялар ва таклифлар билдирди.
Маълум сабабларга кўра, Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси Бош котиби Шаран Барроу конференция ишида иштирок эта олмаган бўлса-да, иштирокчиларга ўз табрик сўзи ва тилак­ларини билдирди.
— Ишингизда кузатилиши кутилаётган жуда қизиқарли мунозаралар билан сизларни чин қалбдан табриклайман, — деди у видеомурожаатида. — Биз Ўзбекистон ХМТнинг 87-конвенциясини ратификация қилганидан жуда мамнунмиз. Сиз билан бирга ишлашни, касаба уюшмаларини ривожлантиришни, сизлар бугун катта эътибор бераётган иш ҳақи, ижтимоий ҳимоя каби масалалар юзасидан ҳамкорликда фаолият юритишни хоҳлаймиз.
«Биз глобал иш ҳақи лойиҳаси устида иш олиб боряпмиз. Дунё иш ҳақининг кўтарилиши, универсал ижтимоий ҳимоя меъёрлари қабул қилинишига муҳтож. Одамларга хавфсиз иш ўринлари, адолатли иш ҳақи, жамоавий музокаралар олиб бориш ҳуқуқи, энг кам иш ҳақининг белгиланган миқдорлари, умумижтимоий ҳимоя, ишсизликдан кафолатлар, пенсиялар, болалар ҳимояси, оналикни муҳофаза қилиш, мактаб таълими, соғлиқни сақлаш тизими керак. Бу жараёнлар ҳаётий эҳтиёждир. Инсонларга улар учун зарур бўлган ҳавфсизликни таъминлаш, келажакни кафолатлаш шарт. Сизларнинг бугун айнан шу масалалар бўйича бош қотираётганингиз ғоятда қувонарли».
Шунингдек, конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева маъруза қилди. У эътироф этганидек, ҳозирги кунда мамлакат мисли кўрилмаган ислоҳотлар ва янгиланишлар даврини бошдан кечирмоқда. Бу давлатчилик ва жамиятнинг шиддат билан ривожланаётгани, мамлакатимизнинг халқаро даражадаги нуфузи тобора ошиб бораётганида яққол намоён бўляпти. Ҳукумат сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳаларда аёлларнинг мавқеини ошириш бўйи­­ча катта ишларни амалга ­оширяпти.
— Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси томонидан қишлоқ жойларда истиқомат қилаётган аёлларнинг турмуш шароитини яхшилашга алоҳида эътибор берилмоқда, — деди маърузачи. — Буни Хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш марказлари фаолияти, қишлоқ аёлларининг иқтисодий-молиявий манбаларга эришиш имкониятини яратиш мақсадида ташкил қилинган маслаҳат-ахборотларни тақдим этиш амалиётида ҳам кузатиш мумкин. Аёллар бандлигини таъминлаш ва уларга тадбиркорлик фаолияти билан эркин шуғулланиш имкониятини яратиш ­бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
«Иқлимий адолат тамойилларини ҳисобга олган ҳолда барча учун ижтимоий ҳимоя» мавзусидаги маъруза билан ХКУКнинг Умумевропа ҳудудий кенгаши ижрочи котиби Антон Леппик чиқиш қилди.
Маърузада таъкидланганидек, касаба уюшмалари халқаро миқёсда иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ муаммоларни 2006 йилдан буён кун тартибига киритиб келади. ХКУКнинг таъсис йиғилиши томонидан қабул қилинган низомга кўра халқаро касаба уюшмалари иқлим ва атроф-муҳит бўйича амалга оширилаётган ҳаракатларда муайян масъулиятни ўз зиммасига олган.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромовнинг маърузаси Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланиши масалаларига бағишланди.
— Бугун иқтисодиётнинг асосий секторларини ривожлантириш учун пойдевор қўйилган бир шароитда навбатдаги, яъни узоқ муддатли барқарор ривожлантириш босқичига ўтиш зарур. Узоқ муддатга мўлжалланган стратегияни шакллантиришда замонавий тенденция ва талабларни, албатта, инобатга олиш лозим бўлади, — деди Акмал Икромов.
Илғор хорижий тажрибалар комплекс тарзда ўрганилиб, давлат раҳбари томонидан 2017 йил 7 февралда саноатда юқори технологияли қайта ишлаш тармоқларини ташкил этиш, аҳоли банд­лигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя ва фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилиш, қишлоқ хўжалигини интенсив ривожлантириш, илмий-тадқиқот ишларини кенгайтириш каби сифат жиҳатидан мутлақо янги даражадаги комплекс тадбирларни кўзда тутувчи Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди.
Маърузачи мамлакатда хусусий секторни ривожлантириш, бизнес юритиш шарт-шароитларини соддалаштириш борасидаги янгиликлар ҳақида батафсил ахборот берди. Дарҳақиқат, Жаҳон банкининг «Doing Business 2018» маърузасида Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотчи давлатлар ўнталигига киритилгани бежиз эмас.
Республикада ҳозир 16 та эркин иқтисодий зона фаолият юритмоқда. Улардан 7 таси фармацевтика йўналишига ихтисослашган ҳудудлардир. Мазкур ҳудудлардаги резидентларга кенг имтиёзлар, жумладан, солиқлар ҳамда божхона тўловларининг барча турларидан озод этишгача бўлган енгилликлар берилмоқда.
Халқаро конференцияда Касаба уюшмалари умумконфедерацияси Бош котиби Владимир Шербаков «МДҲ давлатларида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолати ва анъаналари» мавзусида чиқиш қилди. Шуни таъкидлаш лозимки, маърузачи нафақат МДҲ мамлакатлари касаба уюшмалари раҳбарлари, балки халқаро сиёсий ва ижтимоий доираларда ҳам ҳақли равишда катта нуфуз ҳамда эътиборга эга бўлган жамоат арбоби ҳисобланади.
У ўз сўзида мазкур анжуман кун тартибидаги долзарб масалалар Ўзбекис­тон ва МДҲнинг бир қатор давлатларида муҳокама қилиниши билан бирга ҳаётга татбиқ этилаётган масалалар эканини эътироф этди.
— Кучли ижтимоий сиёсатни баҳолашда унда халқаро ва маҳаллий тажрибалар нечоғли инобатга олингани, бу борадаги ижодий ёндашувлар ҳам ҳисобга олиниши жоиз. КУУ конфедерацияси бу марказларда минтақа меҳнаткашларининг манфаатлари ҳамда аъзо ташкилотларнинг фикрларини намоён этади.
Анжуман иштирокчилари асосий маърузалар тинглаб бўлингандан кейин тавсия ва таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида алоҳида шўъбаларга бўлинган ҳолда тегишли мавзулар бўйича мунозараларни давом эттиришди. Хусусан, «Аҳолининг реал даромадларини мунтазам ошириб бориш ва бандлигига эришиш орқали фаол ижтимоий ҳимояни таъминлаш», «Аҳолини ижтимоий ҳимоялашнинг давлат тизими ва соғлиқни сақлаш жараёнини мустаҳкамлаш», «Аҳоли турмушининг сифати: арзон уй-жойлар қуриш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникацион ва ижтимоий инфротузилмани модернизация қилиш бўйи­­ча мақсадли дастурларни ҳаётга татбиқ этиш», «Таълим ва фан соҳасида ёшларга оид давлат сиёсати: миллий, хорижий ва халқаро тажриба» каби мавзулардаги йиғилишларда қизғин мулоқотлар бўлиб ўтди.
Музокаралар қизғин баҳс ва мунозаралар, амалий таклифларга бой бўлди. Уларда хорижий экспертларнинг фаол иштирокига гувоҳ бўлинди. Шўъба йиғилишларида билдирилган таклиф ва мулоҳазалар умумлаштирилган ҳолда якуний хулосага келинади.
Халқаро конференцияда Ўзбекис­тон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиси — Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев ва Бош вазир ўринбосари Қаҳрамон Акмалов иштирок этди.

Халқаро анжуман ўз ишини
давом эттирмоқда.

Бошқа хабарлар