Ҳақиқий зиёлининг рутбаси ёхуд таълим хусусида жиддий бир таклиф

178

Инсон умр бўйи ўз жисми ва руҳини комиллик сари юксалтириб боради. Бу йўлда унга таълим, тарбия, китоблар, санъат асарлари ва бошқа кўплаб маънавий омиллар ёрдам беради. Хусусан, бадиий асарларни қунт билан ўқиган ва чексиз завқланган одамнинг юраги тозариб, инсонлараро муомала-муносабатида самимият ҳамда яхшилик аломатлари зоҳир бўлади. Инсоният томонидан бунёд этилган абадият обидалари ичида бадиий адабиёт ўз шукуҳи, беназир таровати ва гўзаллиги билан ажралиб туради.

Адабиёт инсоният тарихидан замонамиз орқали ўтиб келажакка томон гоҳида секин, баъзан шиддат билан йўлга чиққан бир уловни эслатади. Ҳаракат унинг тириклигидан дарак беради, унга бир манзилда мудроққа кетиш, турғун бекатлар асло ярашмайди. Чунки адабиёт ҳаракатдан тўхтаган паллада инсониятнинг тафаккури, хаёлоти, орзулари, ишқи, дарди, сурури ва уларнинг образли ифодаси тўхтаб қолади. Бадиий адабиёт ўқиш ва бу нафосат жабҳасида таҳсил олиш ҳар қандай соҳа мутахассисининг домий машғулоти бўлиши лозим. Гоҳида табиий фанлар билан ижтимоий соҳа, хусусан, адабиёт муҳибларини зид қўйишдек ҳолат кузатилади. ХIX асрнинг машҳур математиги М.Ковалевская ўз соҳасининг ­назмга жуда яқинлигини таъкидлаб, «Чексиз хаёл кенгликларини талаб қиладиган бу фанда бир вақтнинг ўзида қалбан шоир бўлмай туриб, чинакам математик бўлиш мумкин эмас», деган фикрни айтади. Математикнинг тафаккурида рақамлар сўзлайди, гўзаллик касб этади ва образ ҳолига келади. Яхши математик метафорик маънода яхши шоир ҳамдир. Истеъдодли математик табиатида шоирона тафаккур, хаёлот оламининг олти томонига сайру саёҳат қилишдек завқли бир машғулот ҳам мавжуддир.
Ўтган замонларда «лириклар» билан «физиклар» орасида баҳс-мунозаралар ҳам майдонга келган. Дунёда турли касб-кор эгалари бор экан, бундай мушоҳада ва қиёсларнинг давом этиши табиий. Чунки ҳар кимнинг маскани ўзи учун қадрли, кийган либоси ўзи учун гўзал кўринади. Ҳар кимнинг меҳнат қилиб топган нони — оқми ёки қора, юмшоқми ё қаттиқ — қатъи назар, ўзи учун жуда ширин бўлади. Шу боис одам ўз «мен»идан, унинг орзу-истакларидан узоқ кета олмайди. Дунё тамаддунини беқиёс маънавий-маърифий неъматлар билан бойитган аждодлар илмий-ижодий мероси энциклопедик табиатга эга. Шунга ўхшаб, бугунги глобаллашаётган оламда фанлараро ­интеграция — уйғунлашув ўзининг яхши самараларини беради. Яхши адабиёт муаллими ҳеч қачон Д.Менделеевнинг кимёвий жадвалига тескари қарамайди. Жуда бўлмаганида, шу тизимли даврий жадвал структураси кимёгар олимнинг тушига кирганини эсга олади ва бадиий ижоддаги туш ҳодисасига боғлаб, ҳаётий мисоллар билан ўз машғулотини бойитади. Пифагор томонидан тузилган карра жадвалини ёдлашга қийналган ижодкорнинг ёзган асарлари ноқис бўлганидек, ақалли севган ёри ёки дунёга келишига сабабчи бўлган онасига қараб нафосатга тўла эзгу сўзлар ёки икки мисра шеър айта олмаган иқтисодчини ҳам яхши мутахассис сифатида баҳоламаган бўлар эдим. Арифметик прогрессия шартлари ёки Гей-Люссак билан Бойл-Мариотнинг газ қонунлари бир марта ўқилганда бир умрга эсда сақланиб қолади, ҳаётда манфаат келтиради. Табиат ва жамиятнинг қонуниятларидан хабарсиз ижодкорнинг асарларида аллақандай кемтиклик, тасвирлаган образларида руҳий ноқислик сезилиб қолиши мумкин.
ХХ асрнинг 90-йилларида таниқли бир олимнинг марказий газеталардан бирида «Фалончининг отаси ўттиз уч пора Қуръонни ёд билади» деган таъбирини ўқиб ҳайратга тушган ва газетанинг бош муҳарририга «Аллоҳнинг муқаддас Китоби таркибига кўра бир юз ўн тўрт сура, ўттиз порадан иборат экани»ни қўнғироқ қилиб айтишга мажбур бўлган эдим. Нима демоқчиман? Ҳар қандай фан соҳасининг мутахассиси Аллоҳнинг каломидан бохабар бўлиши лозим. Акс ҳолда, юрагида иймон нури бўлмаган одамга нисбатан «зиёли» деган сифатни қўллаш тўғри келмайди. Истеъдоли файласуф, журналист ёки филолог бошқа соҳа мутахассислари билан бемалол суҳбатлаша олиши лозим. Шунда инсонлараро мулоқот, яқин муносабат пайдо бўлади, ҳаёт қизиқарли томонга йўналади ва гўзаллашади. Инсониятга тўғри йўл кўрсатиш ва қалбига завқ-шавқ бағишлашни зиммасига олган адиблар, қалам аҳли ижтимоий ҳаётнинг барча нозик қирраларини, табиат, табобат, наботот, ҳайвонот оламига доир жуда инжа ҳодисаларни, уларнинг мирини ҳам, сирини ҳам билиши керак. Акс ҳолда, ёзувчиларнинг ҳар қандай тасвири — у хоҳ инсонми ёки жонзот, жонли табиатми ёки осмон жисмлари бўлсин — бировни ишонтирмайди. Адибнинг ўзи ишонмаган воқеликни тасвирлаши ҳосили йўқ дарахтдан бошқа нарса эмас. Сатирик ёзган ҳажвиясидан қаҳ-қаҳа отиб, ақалли мийиғида кулмас экан, уни ўқиган «Муштум» ёки «Тўқмоқ» журнали мухлисларини қитиқлаб ҳам кулдириб бўлмайди. Бундай омадсиз ёзувчининг ночор асари секин бир четга суриб қўйилади. Ижод аҳли учун ўқувчисини топа олмаслик, агар топган бўлса, ундан ажралиш — фожиа. Ўқувчиси бўлмаган графоманлардан кўра бахтсизроқ одам бўлмайди ­дунёда. Елга совурилган умр учун сарҳисоб маҳали бериладиган саволларга жавоб қайтариш жуда оғир бўлса керак.
Якунига етиб қолган бундай узун ­бошланманинг бир сабаби бор. Мактаб таълимида ўқувчиларнинг жуда тор йўналишда билим олаётгани, мактаб дастурлари бир четда қолиб, репетиторга бориб, фақатгина олий ўқув юртларига кириш учун тест куни бўладиган саноқли фанларнигина ўқиб юриши, тўғриси, кишини ўйлантиради. Шу сабабдан жуда кўп олий ўқув юртига ўқишга кирган талабаларга билим беришда ўзи танлаган соҳасидан жиндай четга чиқилса, улар баъзан фавқулодда кашфиётдан хабар топгандек кўзлари чақнаб кетади. Ҳолбуки, бу оддий маълумотлар мактаб ­дастурларига киритилган бўлади. Олий таълимда ўқиётган кўпчилик талабаларнинг фанлараро билим даражаси ақалли ўрта мактаб даражасида ҳам эмас. Табиий фанлар бўйича жаҳон олимпиадаларида совринли ўрин олиб қайтган айрим талабалар замонавий ўзбек адабиётининг алифбосини ҳам билмайди. Аксарият талабалар ўзбек тилида равон гапира олмаслиги, имло ҳамда услубий хатоларсиз ёза олмаслиги ҳам энг катта муаммолардан бири саналади. Бу ҳақиқатдан кўз юмиш давраларда оёғини осмонга кўтариб, ўйин кўрсатаётган масхарабоз қилиқларини томоша қилишдек гап. Ҳақиқатга тик боқиш, ўрнини топиб ҳақ гапни айтиш — виждонли ва иймони бутун одам юрагининг акс садосидир…
Олий маълумотли етук мутахассис бўлиш чин маънодаги зиёлиликни талаб қилади. Олий таълимдан кейин дипломли мутахассис эртага раҳбар бўлиши мумкин. Имо-ишора тили билан жамоани бошқариб бўлмайди. Раҳбарнинг нотиқ бўлиш ва ўз ғояларига одамларни ишонтириши — бу жуда муҳим масаладир. Шу боис ҳар қандай олий ўқув юртида нутқ маданияти, адабиёт ва ўзбек адабий тили бўйича таълимни давом эттириш йўлларини топиш ҳамда шу талабга мос намунавий режалар, фан дастурлари тузиб, амалиётга татбиқ этиш вақти аллақачон пишиб етилди.
Биз дунёга чиқмоқдамиз, жаҳон таълим жараёнидаги илғор тажрибаларни ўрганмоқдамиз. Тараққий этган мамлакатлар таълимидаги энг муҳим масала — бу том маънодаги саводхонлик. Ўз миллий тилида фикрлаб, ўз миллий адабиёти ва адабий тилини чуқур ўрганиб, ундан кейин бошқа тилларни ўрганиш — корейслару японларда ҳам, фаранг-у олмонлар таълим тизимида ҳам ҳаёт-мамот масаласидир. Билъакс, миллатнинг энг асосий атрибутларидан бири бўлган тил қашшоқлашади, йўқлик сари равона бўлади. Тилини йўқотган, она тилини ўз қўллари билан ўлик тиллар қаторига киритиб, лоқайд қўл қовуштириб ўтирган одам асло саодатманд эмас. Бундай тоифа ҳеч қачон ўз халқининг ҳам, башариятнинг ҳам ҳурмат-эҳтиромини қозона олмайди. Бугун дунёдаги тараққий этган мамлакатлар аҳли, биринчи навбатда, ўз она тили миқёси ва муҳитида тафаккурини тизимга солади, шакллантиради. Бу ҳол худди эмбрионнинг она вужудида секин-аста бунёд бўлишига ўхшайди. Жаҳоншумул тафаккур, ер сайёраси аҳлига манфаат етказадиган ҳақиқий зиёли биринчи навбатда ўз миллий тили заминига оёғини мустаҳкам қўйиши, ўзини, ўзлигини, ўз авлод-аждодларини ­англаб етиши ва шундан кейингина бошқа тилларни ўрганишга ружу қўйгани маъқул. Ҳар ҳолда биз бугунги ўрта, ўрта-махсус ва олий таълимда шундай ­тамойил­ни илгари суришимиз дунё ҳамжамиятидаги миллий-маънавий қиёфамизни ҳам, илмий-техникавий, адабий-маданий мартабамизни ҳам намоён қилиш учун асос бўлади.
Мен ҳар бир соҳа мутахассиси ШАХС ўлароқ ўз миллий қадриятлари ва умуминсоний қарашларида қатъий фикрга, руҳий-маънавий юрак бутунлигига эга бўлиши шарт, деб ҳисоблайман. Бундай ШАХС ҳақиқий зиёлига хос мартабага муносибдир.

Баҳодир КАРИМОВ,
филология фанлари доктори

Бошқа хабарлар