Ўзбекистон Республикаси Президенти Покистон Ислом Республикаси Қуруқликдаги қўшинлар қўмондонини қабул қилди

35

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 апрель куни Покистон Ислом Республикасининг Қуруқликдаги қўшинлар қўмондони, генерал-лейтенант Қамар Жовид Бажва бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, ушбу учрашув Ўзбекистон билан Покистон ўртасида сўнгги йилларда жадал ривожланаётган, дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш тамойилларига, шунингдек, умумий тарих, дин, анъана ва маънавий қадриятлар муштараклигига асосланган кўп қиррали алоқаларнинг яна бир далили эканини алоҳида таъкидлади.

Турли даражадаги сиёсий мулоқотлар фаоллашгани қайд этилди. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик кенгайиб, ўзаро савдо ҳажми ортмоқда. Икки мамлакат компаниялари ва тадбиркорлари томонидан қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, фармацевтика, тўқимачилик, кўнчилик, озиқ-овқат ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида қўшма лойиҳалар тайёрланмоқда ва амалга оширилмоқда. Ўзбекистон –Покистон Ишбилармонлар кенгаши иш бошлади.

Ўтган йил апрель ойидан бошлаб “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг Тошкент – Лаҳор – Тошкент йўналиши бўйича парвозлари қайта тикланди.

Маданий-ижтимоий ва туристик алмашинувлар, жумладан, мамлакатимизга зиёрат туризми дастури доирасидаги саёҳатлар кенгаймоқда.

Учрашувда икки томонлама ўзаро манфаатли алоқалар, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳаларга оид ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳалардаги ҳамкорлик истиқболлари, минтақада хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид солаётган замонавий хавф-хатарларга қарши курашиш, шунингдек, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш масалалари муҳокама қилинди.

Меҳмон давлатимиз раҳбарига самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдирди ва Покистон Ислом Республикаси Президенти Мамнун Ҳусайннинг саломини етказди.

Генерал Қ.Бажва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Қуролли Кучларни модернизация қилиш ва мамлакат мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берди.

Жорий йил март ойида Тошкентда бўлиб ўтган Афғонистон бўйича халқаро конференциянинг амалий натижалари тўлиқ қўллаб-қувватланди.

Учрашув сўнггида Покистоннинг Қуруқликдаги қўшинлар қўмондони Покистон Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга тайёр эканини яна бир бор тасдиқлади.

ЎзА
Бошқа хабарлар