Чорвачилик истиқболи

363

Кеча акциядорлик тижорат «Халқ банки»нинг мажлислар залида «Ўзбекистонда гўшт ва сут ишлаб чиқариш истиқболлари: эришилган ютуқ ва мавжуд муаммолар» мавзусида халқаро илмий-амалий ўқув семинари бўлиб ўтди. «Халқ банки» ҳамда «Насл-хизмат» чорвачиликда наслчилик уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу семинарда Германия, Голландия ҳамда Украина давлатларидан келган чорвачилик соҳасидаги етакчи компанияларнинг мутахассислари маъруза қилишди.

Ўқув семинари давомида «Чет давлатлардан ­нас­лли молларни келтиришда тўғри танлаш ва баҳолаш», «Сутчилик фермаларида озуқа тайёрлаш, қайта ишлаш ва қорамолларни озиқлантириш технологияси», «Бузоқларни тўғри сақлаш ва уларга сут ичириш ва ундан кейинги даврда тўғри озиқлантириш технологияси», «Сигирларни туғишдан кейинги даврда парваришлаш ва уларнинг репродуктив органларида учрайдиган касалликлар ва уларнинг олдини олиш чоралари» мавзуларида ўқув машғулотлари ўтказилди.
Тадбирда таъкидландики, «Халқ банки» томонидан чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини янада кўпайтириш, ички истеъмол бозорини арзон ва сифатли чорвачилик маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда янги иш ўринларини яратиш борасида қатор ишлар амалга оширилаётир. Хусусан, қишлоқ хўжалигининг муҳим бўғини саналган мазкур тармоқни ривожлантириш мақсадида юртимизга Россия, Украина, Европа давлатларидан ўтган 2 йил давомида 20 254 бош наслдор қорамол ҳамда 3 632 бош зотли эчки олиб келинди. Ушбу чорва молларини олиб келиш учун 241,5 миллиард сўм миқдорида маблағлар йўналтирилди. Пировардида 4500 тадан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
Биргина ўтган йилнинг ўзида «Халқ банки» томонидан чорвачилик йўналишидаги 1 600 та лойиҳага 202,5 млрд. сўм микдорида кредит маблағлари ажратилди. Шундан хорижий мамлакатлардан 80,1 млрд. сўмлик ­
5 075 бош наслдор қорамол олиб келиниб, наслчилик хўжаликларига тарқатилган.
Семинарда иштирок этаётган фермер хўжаликлари чорвачилик соҳасидаги муҳим маълумотларни ўзлаштирмоқда, шунингдек, ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишмоқда. Албатта, бу уларнинг келгусидаги иш фаолиятлари учун муҳим аҳамият касб этади.
Халқаро семинарда хорижлик мутахассислар бу йўналишда эришилган ютуқларга юқори баҳо бериб, дьюр идишлардан самарали фойдаланиш, наслчиликни энг сўнгги замонавий усулда ривожлантириш бўйича ўз ­тажрибалари билан ўртоқлашди. Шунингдек, чорвачиликни ривожлантириш истиқболлари, сунъий уруғлантиришнинг замонавий усуллари хусусида ҳам маълумотлар берилди.
Мазкур ўқув-семинарларни ҳудудларда ҳам ташкил этиш режалаштирилган.

Нарзулла МАҲАМОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар