Қадриятларни қадрлаган эл

110

Чархи дуннинг не бир синовлари борки, уни бошга тушганда англаб етасан киши. Қийинчиликлар ўтиб кетади. «Дўст кулфатда билинади», дейди доно халқимиз. Бу бежиз эмас. Қисматнинг сўқмоқларида йўлдош бўлган биродарлар ёди ҳамиша кўнгилга таскин бериб туради.

Президентимизнинг «Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорини эшитиб, беихтиёр кўнглимдан шу фикрлар ўтди. Қалбдаги эзгу истак ҳеч қачон сўнмайди. Ўша машъум кунларда ёнма-ён турган дўстлар меҳри, зада бўлган юраклар тафтини босган биродарларнинг далдасини эсламай бўладими?!
Бугун уруш деб аталмиш балони кўрган мен каби ҳар бир кишининг кўнг­лидан ана шу хаёллар ўтганига асло шубҳа қилмайман.
Тўғри, уруш фахрийларига ҳамиша эътибор кўрсатиб келинган. Аммо давлатимиз раҳбарининг бу галги ғамхўрлиги тамомила бошқача мазмун касб этади. Моддий рағбатлантириш миқдори ҳам аввалгилардан анча кўп. Бунинг устига уруш бўлиб ўтган мамлакатларга саёҳат қилиш имкониятининг яратилиши ҳазилакам гап эмас. Гарчанд, у юртларга урушдан сўнг бора олмаган бўлсам-да, қайта-қайта эслар эдим. Биз қанча шаҳар, қанча қишлоқларни пойи-пиёда босиб ўтгандик.
Бир асрлик довондан ошиб ўтганимга ҳам анча бўлди. Биз кўрган воқеаларни гапириб берсам, невара, чевара ва эваралар гўёки эртак эшитаётгандек ҳайратланишади. Майли, у кунлар ўтмишда қолгани рост бўлсин. Бир юз ўн ёшни қувлаб бораётган мендек кексалар ёшлар хотирасида фақат эртакчи бобо сифатида муҳрланиб қолсин!
Кексаликни донишмандликка ­қи­ё­с­­­­­лашади. Биз жуда кўп қийинчилик­ларни енгиб ўтдик, кўп кўргулик­ларни бошдан кечирдик… Аммо биз тарбиялаётган ўғил-қизларимиз донодир. Истиқлол шарофати билан ёшларга яратилган имкониятлар, улар эгаллаётган билимларни кўриб, ҳавасим ортади. Тарихимиз, миллий ­қадриятларимизни яхши биладиган бугунги авлодларимиз биз каби кексаларда чексиз фахр ҳиссини уйғотади. Мамлакатимизда вояга етаётган ёшлар камолоти учун барча шароит ва қулайликлар муҳайё этилган. Болалик давримиз билан ҳозирги замон ёшларининг ҳаётини қиёслайдиган бўлсак, осмон билан ерча фарқ қилади.
Эсимда, отам раҳматли ишлаб, уйга нон олиб келганимда ўзида йўқ суюнган эди. «Меҳнатга яраб қолдинг, энди дастурхонимиздан неъмат узилмайди», дея мақтаганди. У пайтлар одамлар фақат қоринни тўйғазиш, очликдан ўлмаслик ташвишида яшарди. Ўша даврларда одамларнинг бугунгидек фаровон яшаши мумкинлигини тасаввуримизга ҳам сиғдира олмасдик. Шукрки, бу кунларни кўриш бизга ҳам насиб этди.
Давлатимиз раҳбари биз кексаларга жуда катта эътибор кўрсатаяпти. Қўлимиз доимо дуода. Илло, юртимизга ҳечам кўз тегмасин, доимо тинчлик, осойишталик ҳукм сурсин!

Абув бобо Муҳаммадиев,
Иштиҳон туманидаги «Орлот» маҳалласида яшовчи уруш фахрийси

Бошқа хабарлар