Истиқболли лойиҳалар аҳоли бандлигини таъминлаш ва юрт фаровонлигига хизмат қилади

192

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ислоҳотлар жараёни,  йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 2 май куни Наманган вилоятига ташриф буюрди.

Наманган вилояти мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти юқори, бой тарих ва маданиятга эга ҳудудларидан биридир. Кейинги йилларда вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаёти тубдан янгиланиб, шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси кун сайин ўзгариб бормоқда, аҳоли турмуш фаровонлиги юксалмоқда.
Давлатимиз раҳбари дастлаб Чуст туманидаги «Барака мева саноат сервис» масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.
Бугунги кунда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан, мева-сабзавот етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилишга йўналтирилган лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги «Ўзбекистон Рес­публикасида мева-сабзавотчиликни жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони экспортбоп мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтириш, умуман, мазкур соҳани ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур масъулияти чекланган жамияти 2015 йилда фаолиятини ёнғоқ, майиз ва ковул экспортидан бошлаган. Жамият тасарруфидаги экин майдонларида ғалла, кунгабоқар, ловия, картошка, маккажўхори, иссиқхонада помидор парваришланмоқда. 17 сотихли участкада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тажрибадан ўтказилаётир. 32 кишининг бандлиги таъминланган. Мавсум пайтида ишчилар сони 800 нафардан ошади.
Лойиҳа доирасида 160 гектар майдонга серҳосил ёнғоқ кўчатлари ўтқазилмоқда. Унинг умумий қиймати 9,6 миллиард сўм бўлиб, йилига ўртача 4 минг 600 тонна ёнғоқ етиштирилади. Ёнғоқлар тўлиқ ҳосилга кирса, бир йилда 40,2 миллиард сўмлик маҳсулот олиш мумкин, унинг 70 фоизи экспорт қилинади.
Шу ернинг ўзида 2018-2019 йилларда балиқчилик, паррандачилик, чорвачилик, пиллачиликни йўлга қўйиш, томорқачиликни янада ривожлантириш, иссиқхонада лимон етиштириш, тутзорлар ташкил этиш, оғир ҳудудлардаги майдонларнинг сув таъминотини яхшилаш, пахтадан бўшаган ерларга турли экинлар экиш ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш, вилоят экспорт салоҳиятини янада ошириш бўйича лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари ёнғоқзорларни кўпайтириш, балиқчилик бўйича мутахассислар тайёрлаш, картошка уруғчилигини ривожлантириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришда кичик саноат зоналарининг алоҳида ўрни бор.
Президентимизга Наманган шаҳридаги «Орзу» кичик саноат зонасида амалга оширилаётган лойиҳалар тақдим этилди.
Саноат зонасининг ҳудуди салкам ўн гектарни ташкил этади. Бу ерда енгил саноат, озиқ-овқат, тиббий техника, полиграфия, полиэтилен пакетлар ва плёнкалар, энергия тежайдиган лампалар ишлаб чиқаришга оид умумий қиймати 142 миллиард сўмдан зиёд 22 лойиҳани амалга ошириш мўлжалланган. Лойиҳалар ҳаётга тўлиқ татбиқ этилгач, йилига 82,2 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади, 4 мингга яқин кишининг бандлиги таъминланади. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг асосий қисми экспортга йўналтирилади.
Жорий йилнинг май ойи охиригача тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган «Порлоқ текстиль либослари», «Нуробод сифат текстиль», «Улуғ-Б», «Босир текстиль сервис» масъулияти чекланган жамиятлари фаолият бош­лайди.
Саноат зонасининг замонавий коммуникация тармоқлари ва инфратузилма объектларига яқин ҳудудда ташкил этилгани корхоналарни келгусида энергия ва бошқа ресурслар билан узлуксиз таъминлаш имкониятини яратади. Лойиҳаларда замонавий, энергия тежамкор чет эл технологияларидан фойдаланиш кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш, хом ашё етказиб бериш ва маҳсулотини сотишга кўмаклашиш бўйи­­ча мутасаддиларга топшириқлар берди. Хорижий технологияларни олиб келиш учун маблағ ажратиш, экспортни кенгайтириш учун корхоналарга халқаро мақом бериш зарурлигини таъкидлади.

Наманган шаҳрида енгил саноатни ривожлантириш, хусусан, «Юксалиш», «Орзу», «Пахталикўл», «Хонобод» саноат зоналарида амалга ошириладиган лойиҳалар, Катта Фарғона каналининг Учқўрғон тумани ҳудудидан ўтган қисмида кичик ГЭСлар каскади қурилиши, «Водий нефтгаз энергия» корхонасида ишлаб чиқарилган газ тармоғи хавфсизлигини таъминлайдиган инновацион қурилма тақдимотлари ўтказилди.
Президентимиз мазкур лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Норин туманидаги «Беш сада» фермер хўжалиги шийпонида Наманган вилояти фермерлари билан мулоқот қилди.
«Беш сада» фермер хўжалиги 2004 йил ташкил этилган. Долимжон Шарипов раҳбарлигидаги хўжалик ишчилари жорий йилда 27 гектарда ғалла, 21 гектардан зиёд майдонда ғўза парваришламоқда.
Маълумки, Президентимиз ташаббуси билан ҳар йил декабрь ойи­нинг иккинчи якшанбаси мамлакатимизда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни этиб белгиланган. Давлатимиз раҳбари шу муносабат билан 2017 йил 9 декабрь куни ўтказилган тантанали маросимдаги нутқида пахта майдонларида ҳосилдорликни ошириш ва ердан самарали фойдаланиш мақсадида чигитни «қўшқатор» ва «олтмиш­лик» схемалар асосида экишни йўлга қўйиш ва самарасиз бўлган «тўқсонлик» схемадан босқичма-босқич воз кечиш зарурлигини таъкидлаган эди. Бугун вилоят фермер хўжаликлари мазкур кўрсатмалар асосида ғўза парваришини замонавий технологиялар асосида йўлга қўйган.
«Беш сада» фермер хўжалиги ҳам ғўзани «қўшқатор» схемаси асосида экишни жорий этди. Бунинг натижасида 1 гектар ерга қўшимча 35 минг дона чигит қадалиб, ҳосилдорликни 40 центнергача ошириш имкони пайдо бўлди. Ғалла ҳосилдорлиги 80 центнерга чиқарилиб, олинадиган соф фойда 35 миллион сўмга етиши кутилмоқда.
Президентимиз мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўз юритар экан, таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги соҳаларида қилинадиган ишлар ҳали кўплигини таъкидлади.
— Барча саъй-ҳаракатларимиздан асосий мақсад халқимизни рози қилиш, эртанги кунга ишонтиришдир, — деди Шавкат Мирзиёев.
Миришкорлар Президентимизга фермерлар учун яратилган шароит ва имкониятлар, давлат томонидан қаратилаётган алоҳида эътибор учун миннатдорлик билдирди.
Шавкат Мирзиёев Учқўрғон туманидаги «Uztex Uchkurgan» ­масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.
Ўтган йил ноябрь ойида Uztex гуруҳи таркибида замонавий типдаги тўқимачилик мажмуаси фаолият бошлаган эди. Натижада бу ерда 1 минг 600 дан ортиқ иш ўрни яратилди. Корхона йилига 12 минг тонна калава-ип ва 3 миллион дона тайёр трикотаж маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Давлатимиз раҳбари топшириғига биноан пахтани 100 фоиз қайта ишлашга ихтисослашган корхона энди тўлиқ кластер усулига ўтади.
Президентимизга корхона фаолиятини кенгайтириш ва кластер тизимида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдим этилди. Ҳозирги кунда корхонага ёндош ҳудудда пахтани юқори технологиялар асосида қайта ишлашга мўлжалланган ҳамда полиэфир аралашган пахта толаси, момиқ мато ва тайёр текс­тиль ишлаб чиқариладиган қўшимча қувватлар фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда. Муҳими, яна кўплаб янги иш ўринлари яратилади. Технологик жараёнларга Европа давлатларидан келтириладиган ускуналар жалб этилади. Бу маҳаллий пахта хом ашёсини қайта ишлаш сифатини ва экспорт кўламини оширишга хизмат қилиши қайд этилди. Давлатимиз раҳбари корхона иш жараёнини кўздан кечирди, пахта тўқимачилик кластерини ташкил этиш борасидаги ишлар билан қизиқди.
Бу йил туманда 10 минг гектарга яқин ер майдони кластер усулида пахта етиштириш учун ажратилди. «Текстиль финанс Наманган» корхонаси томонидан хориждан экиш техникалари, культиваторлар, тракторлар, пахта териш ва уни қадоқлаш комбайни сотиб олинди.
Президентимиз корхона мутасаддиларига пахтага сунъий толани аралаштириб, маҳсулот ҳажми ва иш жойини, пировардида бюджетга солиқ тушумини кўпайтириш бўйи­­ча аниқ кўрсатмалар берди. Шунингдек, айланма маблағларни ошириш ҳисобига тумандаги кам таъминланган оилаларга тухум ва товуқни лизингга бериш кераклигини таъкидлади.
— Кам таъминланган оилаларга кўмак бериш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш «Uztex Uchkurgan» корхонасининг брендига айланиши лозим, — деди Шавкат Мирзиёев. — Шу орқали аҳолининг муҳтож қатламини ишлашга, яхши яшашга ўргатамиз, ҳаётга бўлган ишончини оширамиз.
Туманда кластер тизимида чигит экишдан то тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи сифатли ташкил этиш, 2 та янги боғча қуриш, ичимлик суви ва канализация тармоқларини барпо этиш юзасидан топшириқлар берилди.
Шу куни Норин тумани ҳокимлигида вилоят фаоллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Видеоселектор шаклида ўтган йиғилишда вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, таълим, тиббиёт соҳаларини такомиллаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Президентимиз Шавкат ­Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи давом этмоқда.

ЎзА

Бошқа хабарлар