Истиқболли лойиҳалар амалда

114

Хитой Халқ Республикаси пойтахти Пекин шаҳрида 2017 йил 14-15 май кунлари бўлиб ўтган халқаро ҳамкорлик бўйича «Бир макон, бир йўл» форуми доирасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ХХР Раиси Си Цзинпинь билан ўтказган музокаралари чоғида қатор келишувларга эришилган эди. Шунга мувофиқ, Хитойнинг Хэбэй провинцияси Синтай шаҳридан йўлга чиққан транспорт карвонлари «Навоий» эркин иқтисодий зонасига кириб келди.

Ўтган йили иқтисодий ҳудудда Хитойнинг «Hebei New silk Road Import and Еxport trade» компанияси инвестицияси кўмагида «Zyong Tyang» хорижий корхонасига махсус гувоҳнома топширилган эди. Энди ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш жараёни бошланди. 7,5 миллион доллар миқдоридаги инвестициянинг кириб келиши, янги қувватнинг истиқболидан дарак беради. Хусусан, йилига 200 минг дона ДСП фанерлари ишлаб чиқариш имкониятига эга корхонада 70 дан ортиқ иш ўрни яратилади.
Хорижлик инвесторларнинг юртимиз бозори, айниқса, «Навоий» эркин иқтисодий зонасини танлашининг асосий омили бу ерда тадбиркорлар учун яратилган қулайлик, қурилиш маҳсулотларига ички талабнинг юқорилиги, энг муҳими, хом ашё кўплигидадир. Чунки, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона учун зарур ресурслар вилоятнинг ўзида мавжуд.
«Zyong Tyang» хорижий корхонаси мутасаддиларининг таъкидлашича, дастлаб ДСП фанерлари ишлаб чиқариш линиясини ишга тушириш режалаштирилган. Маҳсулот тайёрлашда хом ашё Қизилтепа туманидан олинади. Ғўзапоядан кенг фойдаланилади. Махсус ингредиентлар эса «Навоийазот» акциядорлик жамиятидан олинади. Бу маҳсулот таннархининг арзонлашиши ва импортнинг кескин қисқаришига хизмат қилади.
Корхонада, шунингдек, МДФ ва фанер ишлаб чиқариш, шиша маҳсулотлари тайёрлаш ҳам режалаштирилган.

ЎзА

Бошқа хабарлар