Ашур отанинг боғи

69

Косон туманининг Пўлати қишлоғида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши фахрийси Ашур ота Муҳаммадиевнинг хонадони доимо гавжум. Ашур отанинг дуосини олайин, деганлар қанча ахир. Уруш фахрийси 96 ёшга кирган бўлса-да, ҳали бардам, тетик. Кўксини тўлдириб турган ордену медаллар жанг­гоҳлардаги жасоратидан дарак беради.

Ота билан суҳбатимиз суронли йиллар хотираси, оила қувончлари, бугунги саодатли кунлар, ­эътибор-эъзоз ҳақида бўлди.
— Уруш бошланганида айни кучга тўлган йигит эдим. Орзуларим бор эди… Бари уруш туфайли ўзгариб кетди. Ўн саккиз ёшимда жангга кирдим. Украина тарафларда душманларга қарши курашдик. Танкларнинг овози, гранаталарнинг портлашидан қулоғим битиб қоларди. Оёқ остида одамларнинг жасадларини кўриб, тангрига илтижолар қилардим. Хайриятки, пешонада тирик қолиш ёзилган экан, — дейди Ашур ота кўзларига ёш олиб.
— Номинг ўчгур урушни биз кўрдик, ёш авлод сира кўрмасин, — дея давом этади отахон. — Портлашлар, ўқларнинг визиллаши ҳанузгача қулоғим остида. Уч марта яраландим. Ҳар гал ҳарбий госпиталда даволаниб, яна жангга кирдим. Уруш тугагач, Бухоро вилоятидаги жамоа хўжаликларидан бирида ўн йил ишладим. Сўнг Косон пахта тозалаш заводида ўн беш йил, қурилишда йигирма етти йил меҳнат қилдим. Оилали бўлдим. Аёлим жуда оқила ва меҳрибон эди. 1966 йил оламдан ўтди. 3 қиз, 1 ўғилни ўзим вояга етказдим. 15 набира, 40 чевара, 16 эваранинг бобосиман. Аллоҳдан сўраганим шуки, бугунгидай тинч-­осуда, фаровон кунларимизга, мусаффо осмонимизга асло кўз тегмасин.
Юртда тинчлик, осойишталик бўлсагина, роҳат қилиб яшайсан. Беадад шукрлар бўлсинки, ҳамиша халқ эъзозидамиз. Давлатимиз раҳбарининг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисидаги Фармони ­кўнглимни янада ёриштирди.
Ашур ота билан ҳовлисида ўзи парвариш қилган боғни сайр қилдик. Отахоннинг ҳаётдан розилиги ҳар бир гапидан шундоққина сезилиб турарди.
— Меҳнат қилган инсоннинг тани соғ, руҳи тетик бўлади. Боғингизда олма дарахти бўлса-ю, мева бермаса, ҳовлингиздаги токдан бир шингил узум узиб емасангиз… демак, унинг парвариши яхши бўлмаган: ўз вақтида суғорилмаган ёки ўғит берилмаган. Озгина меҳнат билан эса мўл-кўл ҳосил олиш мумкин.
Халқимизда ҳикматли бир гап бор: «Дунё­да яхши ном қолдирай десанг, кўчат эк». Бу нақл авлоддан-авлодга, тилдан-тилга кўчиб, достон, эртак, ҳикояларда талқин этилди, тобора чуқурроқ мазмун ва маъно касб этди. Ўзбекнинг тупроғи — олтин, унга тушган арава пайраҳаси ҳам кўкариб чиқади.
Болаларимга ҳавасим келади. Улар замонларнинг энг зўрида, юртларнинг энг ободида яшашяпти, — дейди Ашур ота.
Отахоннинг қишлоқдош­лари орасида ҳурмати баланд. Сабаби, ўзи ҳатто мактабни тамомлай олмаган бўлса-да, 3 фарзандини ўқитди. 15 набирасининг барчаси олий маълумотли. Ҳозирги кунда барчаси турли соҳаларда хизмат қилиб келмоқда.
Кишилик тарихидаги энг қонли, энг катта йўқотиш ва мислсиз қурбонларга, қанча-қанча мусибат ва офатлар, ғам-аламларга, бева-бечоралар ва етимларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган бешафқат уруш тугаганига кўп йиллар ўтган бўлса-да, у қолдирган жароҳат ҳали-ҳамон инсониятни безовта қилиб туради. Шундай дамларда бугунги тинч ва осуда ҳаётга қандай оғир йўқотишлар, синов ва машаққатлар эвазига эришилгани хаёлимиздан ўтади. Бизга насиб этган мустақиллик ва осойишталикнинг аҳамиятини теранроқ англаймиз.

Отабек НАСИМОВ

Бошқа хабарлар