Қандай қилиб соғлом бўлиш мумкин?

215

Ҳурматли таҳририят!
Сизга Федор Лазаревич мурожаат қилмоқда. Ўтган шанба куни газетада тиббиёт фанлари доктори (унинг фамилиясини эслай олмайман)нинг «Соғлигингиз оёқларингиздадир» сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Бу менинг сабр косамни тўлдириб юборди. Бу гапларни кўролмаслик оқибатида қайсидир туҳматчи ёзаяпти деган хаёлга борманг. Ана шундай шубҳа туғилмаслиги учун ўзим ҳақимда маълумот бермоқчиман.
Саккиз йилдан бери газетага обуна бўламан. Мени «шифокор маслаҳати» рукнида чоп этиладиган мақолалар жуда қизиқтиради. Керакли жойларини белгилаб олиш мақсадида қалам билан диққат қилиб ўқийман. Шунингдек, «Саломатлик» журнали ва ўз саҳифаларида тиббий тавсиялар берадиган бош­­қа кўплаб нашрларни мунтазам равишда кузатиб бораман. Энг муҳими, бу тавсияларга амал қилишга уринаман.
Энди газетадаги мақолада муҳокама қилинган пиёда юриш масаласига тўхталсак. Гап шундаки, мен ишга пиёда қатнайман. Кино, банк ёки меҳмондорчиликка ҳам пиёда бориб келаман. Шу тариқа кунига 20 минг марта қадам ташлайман. Бундан ташқари, шифокорлар тавсияси бўйича томирим уришини 60 тадан оширмасликка, ритмик нафас олишга ҳаракат қиламан.
Эрталаб қирқ саккизта ҳаракатдан иборат жисмоний машқларни мунтазам равишда бажараман. Шунингдек, кунига ўн беш минутгача бошимни ерга қўйиб тик тураман. Йога таълимоти бўйича бурним билан сув ичаман.
Нима учун бундай қилишимни билмоқчимисиз? Энди мақсадга ўтадиган бўлсам, узоқ йиллар пиёда юрганим, бошим билан ўн беш минутгача тикка турганим ва йога усулида сув ичганимда қўшним Петр Савич Хронюкни кузатиш билан ҳам машғул бўлдим.
Хронюк ҳеч қачон эрталаб бадантарбия қилмайди. У оила бошлиғи сифатида оила аъзолари олдида мулзам бўлишдан қўрқади. Унинг икки нафар қизи бор. «Болаларим олдида ҳеч қачон ички кийимда оёқларимни ликиллатмайман. Агар шундай қилсам, улар бошимга чиқиб олишади», — дейди у менга.
Хронюк мутлақо пиёда юрмайди. Унинг «Волга» русумли автомобили бор. У бу машинани автомобилларни таъмирлаш устахонасида рўйхатдан чиқарилган иккита мотоциклдан териб олган. Хронюк дўконга ҳам, дала ҳовлига ҳам машинада боради. Агар биз барча қулайликларга эга коммунал уйда яшамаганимизда эди, у ҳожатхонага ҳам машинада борган бўларди.
Хронюкни тик турган ҳолатда кўрганимни ҳечам эслай олмайман. У машинанинг ичида ўтирган ёки унинг тагига тўшалган гиламча устида ётганча бир нималарни бураётган бўлади. Машинанинг ғилдираги ёнида доимо пиво тўлдирилган идиш туради. Вақти-вақти билан у машина тагидан чиқиб, мириқиб пиво ҳўп­лайди ва яна жойига қайтади. Кейин эса ўша ерда ухлаб қолади. Шундай ухлайдики, машина ойналари тит­раб, майда мурватлари ечилиб кетади. Эҳтимол, у бунақа хатти-ҳаракатлари болаларининг олдидаги ҳурматига путур етказмайди деб ўйлар.
Лекин бу ўринда гап ҳурматда эмас. Унга омад ёр бўлсин!
Илгари Хронюкка раҳмим келарди. Бунақа ҳаёт тарзи билан узоқ яшамаса керак, деб ўйлардим. Чунки у барча тиббий тавсия­ларни мунтазам бузар эди-да! Уни инфаркт йиқитади ёки буйраги ишдан чиқади, ҳеч бўлмаганда номаълум сабабларга кўра ўлиб кетади, деган хаёлларга борардим. Аммо орадан шунча вақт ўтса-да, Хронюкга ҳеч нарса бўлгани йўқ. Аксинча, у кундан кунга соғлом бўлиб бораяпти. Ҳозир семириб кетган. Унга ғиштни уриб синдирса ҳам бўлади. Энди у машинасининг тагига сиғмаяпти. Устахонасидан чилангар Шитиковни олиб келиб, машинасини таъмирлатади.
Хўш, энди марҳамат қилиб сиз, сиз орқали ҳурматли тиббиёт фанлари доктори (фамилиясини эслай олмайман)дан сўрамоқчиман: хўп, майли, соғлигимиз оёғимизда бўлса бордир. Бу фикрга қўшиламан. Ундай бўлса, Хронюкнинг соғлиги қаерда?
Келинг, шу ўринда яна бир нарса — парҳез масаласига эътибор қаратамиз. Мен «Саломатлик» журнали рецепти ва сизнинг кўрсатмаларингизга асосан овқатланаман. Журнал ичак­лар равон ишлаши учун ровочдан тайёрланган димлама ичишни тавсия қилгани сабабли уни ҳар куни ичаман. Камқон, иштаҳаси йўқ ва ниҳоятда озғин одамларга эса кўкатли салат тавсия қилинган. Уни ҳам тановвул қиламан. Хронюк эса сельдерей деб номланган кўкат номини умуман билмайди. Сельдерей ҳақида гап очсам, уни Португалия қироли деб айтди. Буни тасаввур қиляпсизми?!
У ҳолда Хронюк қай тарзда овқатланади, деб сўрарсиз? Хрон­юк асосан чўчқа гўшти истеъмол қилади. Чўчқа гўштини фермадан давлат нархида сотиб олади. У ерда қайниси ишлайди.
Оҳ, бундай ҳазми оғир таом Хронюкни хароб қилиши керак эди. Лекин бундай бўлмади. Унинг соғлиги тўғрисида ­бошқа гапириб ўтирмайман. Бор-йўғи битта мисол келтираман. Кейинги пайтларда Хронюкнинг хотини ҳам ҳайдовчиликни ўргана бош­лади. Ҳар куни кечқурун у кабинага ўтиради, рулни бураш ва сигнал беришни машқ қилади. Хронюк эса хотини ростдан ҳам юриб кетиб, кимнидир босиб кетмаслиги учун машинанинг орқасини кўтариб туради. Ғилдираклар ерга тегмасдан ҳавода айланади. Шу тарзда улар 15-20 минут машқ қилишади. Бунга изоҳ бериш ортиқча.
Ҳурматли таҳририят аъзолари. Мен матбуотни жуда қадрлайман, тавсияларига амал қиламан.
Лекин сиз ҳам мени тушунинг. Ахир, мен аниқ далиллар келтирдим. Бу далиллар одамни тушкунликка тушишга мажбур қилади. Агар матбуот бизни аниқ маълумотлар билан таъминлаётган, қанақадир мақсадда бошқа томонга етакламаётган бўлса, бу юз бериши муқаррар. Мени бир нарса ўйлантиради. Хўш, нега Хронюклар соғлом ва ҳеч қандай касалликка чалинмаяпти? Бунга жавоб беринг. Эҳтимол, ўша тиббиёт фанлари доктори буни тушунтириб берадиган бошқа мақола ёзар?!
Агар шундай қиладиган бўлса, исмимни асло тилга олмасин. Ҳар ҳолда, шуниси маъқул. Барибир, тушунмайман: бу Хронюк деганлари жудаям соғлом одам….

Николай САМОХИН,

Рус тилидан
Мадина Аллаберганова
таржимаси.

Бошқа хабарлар