Қут-барака ҳамжиҳатликда наманганликлар Президент эътибори, эътирофидан мамнун

357

Ҳеч кимга сир эмаски, бир йилда ердан тўрт маротабагача ҳосил олиш ҳам, бирваракайига икки-уч хил экин туридан даромад топиш ҳам мамлакатимизда водий деҳқонлари томонидан амалиётга киритилган.
Аждодлардан мерос анъанани замонавий тенденциялар билан бойитган тадбиркор Содиқжон Ҳасановнинг бугунги натижалари давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътирофига сазовор бўлди.
— Суҳбат давомида келажакда амалга оширишимиз зарур ишлар юзасидан эшитганларим, янгича ғоялар мени нафақат тадбиркор, балки ватанпарвар инсон сифатида ҳам ғоятда руҳлантирди, — дейди «Барака мева саноат сервис» ­масъулияти чекланган жамият раҳбари Содиқжон Ҳасанов. — 2015 йилда жамиятимизга асос солганимизда тасаввуримиз ҳам, режаларимиз ҳам анча жўн эди. Тўғри, биринчи бўлишга не етсин, бироқ ҳақиқий тадбиркор натижанинг маҳсулдорлиги, атрофдагиларнинг ҳам бу самарадан баҳраманд бўлишини кўзда тутиши керак.
Корхона учун ажратилган ер майдонларида ғалла, кунгабоқар, ловия, уруғлик картошка, дурагай маккажўхори, иссиқхонада помидор парваришланмоқда. Бу экинларнинг ҳеч бири аҳоли учун янгилик эмас, аммо уларнинг маҳаллий нав­ларга нисбатан ҳосилдорлиги, камхаражат эканлиги деҳқончилик борасида янги даврни ­бошлаб бериши шубҳасиз.
— Бутун дунёда ҳосилдор ерларнинг қисқариб бориши, сув манбаларининг камайиши агрооламда янгича ёндашувларни юзага келтирмоқда, — дейди С.Ҳасанов. — мана, масалан, мен ўзим аэропоника услубида уруғлик картошка етказиш технологиясини Москвада ўрганиб, бир мунча тажриба орттирдим. Кам рентабелли, суғорилмайдиган ерларда ёнғоқ, ковул етказиш борасида дунё тажрибасини эгалладим. Экин майдони ажратилишини сўраб Чуст тумани ҳокимлигига мурожаат қилганимда, улар нафақат илтимосимни қондиришди, шу билан бирга мендаги ташаббус янада бойишига ҳисса қўшишди ҳам. Туман ҳокими Баҳодир Охунов «Фаол тадбиркорга инновацион ташаб­буслар, илм ҳамиша керак», дея ёш олимимиз Шерзодбек Тошпўлатов билан ҳамкорлигимиз учун йўл очиб берди. Бугун Шерзодбек янги технологияларни қўллаш бўйича тажриба майдончамизда синовларни амалга оширмоқда, иқлимимизга мос навлар ва кўчатларни яратишнинг уддасидан чиқаётир. Натижалар кўзга ташлангани сари илм­­га асосланган бизнес ҳамиша самарали бўлишига ишончим ортмоқда.
Дарҳақиқат, тадбиркор Содиқжон Ҳасанов ҳамда тадқиқотчи Шерзодбек Тошпўлатов ҳамкорлиги 2017 йилнинг августидан бошланган бўлса-да, қисқа вақт оралиғида иқлимга мослашган янги нав ёнғоқ кўчатлари, ковул кўчатчилиги, аэропоника услубида картошка уруғи етиштиришга асосланган инновацион агротадбиркорлик мажмуаси шаклланди.
Аэропоника усулида картошка уруғи орқали анъанавий усулга нисбатан 6 баробар юқори ҳосил олиш мумкин. Давлатимиз раҳбари ушбу тажриба асосида Наманганда картошка уруғчилигини ривожлантиришга доир махсус қарор ишлаб чиқиш, бутун мамлакатимизга ҳосилдор уруғ етказиб бериш бўйича топшириқ берди.
— Асли касбим биолог. Ғўза селекцияси ва уруғчилиги илмий текшириш институтида аспирантурани тамомлаганман, ҳозирги кунда НамДУ қошидаги биотехнология лабораторияси мудириман, — дейди олим. — Янги навларни яратишдан мақсад бўш ётган, шу пайтга қадар экин экишга яроқсиз ҳисобланган ерлардан унумли фойдаланиш, деҳқонларимиз учун камхаражат, касаллик­ларга чидамли уруғларни етказиб бериш, мамлакатимизнинг агроэкспорт борасидаги салоҳиятини юксалтиришга ҳисса қўшишдан иборатдир. Илм қачон қадр топади: амалиётга жорий этилганда, изланишларингиздан одамлар баҳра олганда. Бугун тажриба майдончаларида мен билан ишлаётган, илмий тадқиқотларда иштирок этаётган 35-40 нафар шогирдимга ҳам шуни уқтираётирман. Улар келажакда нафақат вилоятимиз, балки республикамизнинг бошқа нуқталарида ҳам ўз билимларини муҳим соҳаларга йўналтиришларига ишонаман.
«Барака мева саноат сервис» масъулияти чекланган жамиятнинг фаолияти Президентимиз томонидан алоҳида эътироф этилди. Бу эътироф­ларга муносиб меҳнат нималардан иборат?
Ёдингизда бўлса, давлатимиз раҳбарининг вилоятга 2017 йилдаги ташрифи чоғида ҳудуддаги паст рентабелли адирларда ёнғоқзор, пистазорлар бунёд этиш, пахта ва ғалла майдонларини камайтириш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, ковул экишни ташкил қилиш, паррандачилик ва эчкичиликни ривожлантириш лойиҳалари тақдимоти ўтказилган эди. Ваъда вафоси билан гўзал деганларидек, «Барака мева саноат сервис» ковул уруғларини тупроққа қадаб, кўчатчиликни йўлга қўйди. 2019 — 2021 йиллар оралиғида Чуст туманининг Ахча қишлоғи атрофидаги 2000 гектарли адирликда босқичма-босқич ковулзорлар барпо этилиши кўзда тутилган. Тажриба участкасида парваришланаётган кўчатлар 2019 йилда 200 гектар майдонга ўтқазилади. Уч йилдан сўнг нишона ҳосил олинади. Президентимиз бу борадаги режаларни тинглай туриб, ерга қадалаётган ковул ҳосилга киргунга қадар мевани қайта ишловчи завод қурилиши юзасидан топшириқ берди.
— Ҳозирги кунда табиий шароитда ўсувчи ковул меваларини териб, жаҳон бозорига кириш бўйича тажриба тўпламоқдамиз, — дейди Содиқжон Ҳасанов. — Ўтган йили Италияга хом ашё экспорт қилдик. Европа озиқ-овқат саноатида бу мевага талаб жуда юқори. Уни тайёр маҳсулот шаклида экспорт қилиш орқали эса мамлакатимизга кирувчи капитал миқдори янада ўсиши табиий. Насиб этса, ковулни маринадлашга ихтисослашган заводни қуриш ишларини тез орада бошлаб юборамиз.
— Ёнғоқчилик борасида ҳам янгиликка қўл урилмоқда. Бу борадаги афзалликлар нималардан иборат?
— Маҳаллий ёнғоқларимиз баландга ўсувчи бўлганлиги учун йиғиштириб олишда ноқулайликлар туғдирарди. Қолаверса, пўстлоғи қаттиқ мевадан сифатли, бутун мағиз олиш ҳам анчайин машаққатли. Қолаверса, жайдари навдаги ёнғоқнинг 1 килограммидан 430-450 граммгача мағиз олинса, бизнинг кўчатларимиз ҳосили бу кўрсаткични 500 граммдан оширмоқда. Шунинг­дек, янги кўчатларимиз совуққа чидамли, оқ мағиз, капалакнусха мағизли (соддароқ айтганда бозоргири), юпқа пўстлоқ ҳамда ён шохларда мева солувчи паст бўйли. Чилидан келтирилган ёнғоқ кўчатлари 160 гектар ҳудудга экилди. Куртак пайванд орқали пайвандтагларга улаш жараёни амалга оширилади. Йилма-йил кўчат экиш орқали 308 гектарли ёнғоқ плантацияси шакллантирилади. Ушбу мақсадда МЧЖ томонидан 40 000 туп кўчат етиштирилмоқда.
— Давлатимиз раҳбари кам ҳосил берадиган, зарар кўриб ишлаётган туманларда пахта ва ғалла майдонларини кескин камайтириш, унинг ўрнига юқори даромад берадиган мева-сабзавот, полиз экинларини экиш лозимлигини таъкидладилар, — дея суҳбатга қўшилади Ш.Тошпўлатов. — Токи одамларимиз меҳнатининг роҳатини кўрсин, ҳаётидан рози бўлсин. Болалигим Чустнинг кенг адирликларида ўтган, бўш ётган ерларда ёввойи ўсимликлар ўсади, гуллайди, мева тугади. Фойдали экинларни экиб даромад топиш йўли ҳам бўлса керак, деб кўп ўйланардим. Эҳтимол, шу саволлар мени селекционер бўлишимга туртки бергандир. Бугун эса шу ишларда иштирок этмоқдаман, билимимни чархлаб бор­япман. Ҳозирда 32 киши доимий, 800 киши мавсумий иш билан таъминланаётган бўлса, МЧЖнинг барча лойиҳалари ишга тушгач, 800 нафаргача юртдошимиз доимий иш ўрнига эга бўлади. Бу илмий ташаббусларга эътибор, бизнесга кенг йўл очилганининг самараси, албатта.
Давлатимиз раҳбари Норин туманидаги «Беш сада» фермер хўжалиги шийпонида вилоятдаги фаол фермерлар билан мулоқот қилди.
— Бу мулоқот барчамиз учун катта аҳамият касб этди, — дейди Мингбулоқ туманидаги «Бахтиёр Абдусаломович» фермер хўжалиги раҳбари Бахтиёр Қодиров. — Мен ҳам янги усулда, яъни олтмишлик схемада қўшқатор қилиб, 4 га ерга чигит қададим. Ҳисоб-китобларга кўра, чигитни қўшқатор усулда экишнинг афзаллиги кўп. Шу билан бирга, қўшқатор усулда экилган ғўзани парваришлашнинг ўзига хос жиҳатлари ҳам бор. Масалан, қўш қаторлаб чигит экиш учун балл бонитети 40-50 баллдан юқори бўлмаган текис, механик таркиби енгил ва ўрта тупроқли, бегона ўтлар кенг тарқалмаган майдонлар ажратилиши керак, бу усулда кўчатлар сони одатдаги бир қаторлаб экишга нисбатан тупроқ унумдорлигини ҳисобга олган ҳолда 20-30 фоизгача, енгил ва қумоқ тупроқларда 30-40 фоизгача кўп қолдирилади. Насиб бўлса, келгуси йилдан тажрибамизни бутун туман фермерларига ўргатиб, пахтадан юқори ҳосил олишга эришамиз.
Илғор фермер, шунингдек, жорий йилда 2 гектар ерга аччиқ қалампир уруғини экиб, ҳосилни экспорт қилмоқчи. Чет элдан 100 бош ­наслдор қорамол келтириб, сут ишлаб чиқариш ва бўрдоқичиликни ташкил этмоқчи. Натижада 40 нафар мавсумий, 26 нафар доимий ишчи оиласига даромад кириб боради.
— Барча ҳаракатларимиздан асосий мақсад — халқимизни рози қилиш, эртанги кунга ишонтиришдир, деди Президентимиз, — дея ўз таассуротини ўртоқлашди АСМ ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг вилоятдаги масъул ташкилотчиси Икром Шарофиддинов. — Бугун ҳар бир наманганлик шу эътироф, ғамхўрликдан руҳланиб яшамоқда. Чунки Президентимизнинг келажак билан боғлиқ режалар, хусусан, автомобиль заводи, туристик зоналар, дам олиш масканлари, янги-янги ишлаб чиқариш линияларини барпо этиш ҳақида сўзлаганларида яқин вақт ичида вилоятимиз чин маънода республика гавҳарига айланишига ишондик. Тараққиётга ишонч, яхши кунлар дебочаси бошланганини вилоятга илк қадамини қўйган инсон борки, ҳис этмоқда. Биз бу йўлда ҳамиша камарбаста, эл-юрт манфаатлари учун фидокорлик кўрсатмоққа шаймиз.

Дилдора РАҲМОНОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар