Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига инновацияларни жорий этиш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

186
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Қайд этилсинки, мамлакатда қисқа муддатда инновацияга йўналтирилган иқтисодиётни шакллантиришга ва инновацияларни кенг жорий этиш учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Республикани инновацион ва илмий-техник ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи орган ташкил этилганлиги, унинг ҳузурида Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси шакллантирилганлиги мазкур йўналишдаги муҳим босқичлардан бири бўлди.

Шу билан бирга, илмий тадқиқотлар билан ишлаб чиқариш тармоқлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг самарали механизмларини йўлга қўйишга, алоқаларни мустаҳкамлашга тўсиқ бўлаётган бир қатор муаммолар сақланиб қолмоқда, уларга, авваламбор:

биринчидан, олий таълим муассасалари илмий ишлари ва илмий-тадқиқот ташкилотлари тадқиқотларининг натижаларини тижоратлаштириш кўрсаткичларининг пастлиги ҳамда қониқарсизлиги;

иккинчидан, инновацион жараёнларни рағбатлантириш, ҳудудлар ва тармоқлар даражасида инновацион ривожланиш ва инновацион фаоллик комплекс дастурларини амалга ошириш, инновацион фаол тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш механизмлари мавжуд эмаслиги;

учинчидан, хусусий сектор вакилларининг инновацион фаолиятга, жумладан, уларнинг манфаатдорлиги пастлиги сабабли етарли даражада жалб қилинмаслиги;

тўртинчидан, давлат илмий-техник дастурлари доирасида грантларни тақсимлаш ва улардан оқилона фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича таъсирчан чора-тадбирларнинг мавжуд эмаслиги;

бешинчидан,
 илмий тадқиқотлар ва инновацияларни жорий қилиш соҳасида халқаро ҳамкорлик ва инвестициялар жалб этиш даражасининг қониқарсизлиги каби омиллар сабаб бўлмоқда.

Инновация фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш механизмларини тубдан такомиллаштириш, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига инновацияларни янада самарали жорий этиш учун шарт-шароитларни яратиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академиясининг:

олий таълим муассасаларида илмий ишлар бўйича проректор лавозими ўрнига илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор лавозимини жорий этиш;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг илм-фан бўйича директор ўринбосарларини бир вақтда тегишли йўналишдаги олий таълим муассасаларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори лавозимларига тайинлаш;

олий таълим муассасалари тузилмасида инновацион жамғармалар ва илмий-инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш бўйича бўлинмалар ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан молиялаштириладиган қўшимча 10 та штат бирлигини ажратган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги тузилмасида Фан ва илмий-техник тадқиқотларни ривожлантириш бошқармасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

олий таълим муассасаларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорларини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари илмий-тадқиқот муассасаларининг илм-фан бўйича директор ўринбосарларини (кейинги ўринларда илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлар ҳамда илм-фан бўйича директор ўринбосарлари деб юритилади) лавозимга тайинлаш Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади;

илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлар ҳамда илм-фан бўйича директор ўринбосарлари инновация фаолиятига оид масалалар, илмий-инновацион ишланмаларни жорий этиш ва тижоратлаштириш натижалари бўйича бевосита Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига ҳисобдордир;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги йилига камида икки марта Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлар ҳамда илм-фан бўйича директор ўринбосарларининг илмий-инновацион фаолиятини баҳолаш юзасидан ахборот киритади;

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари вазифасини бажарувчи А.Ю.Умаров илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлар ҳамда илм-фан бўйича директор ўринбосарларининг фаолиятини самарали мувофиқлаштириш бўйича шахсан масъул ҳисобланади;

олий таълим муассасаларининг инновацион жамғармаларини (кейинги ўринларда – инновацион жамғармалар) шакллантириш инновацион маҳсулотларни тижоратлаштиришдан олинадиган даромадлар, олий таълим муассасаларининг иш ҳақи, стипендия тўлаш, шунингдек, бошқа жорий харажатлари қоплангандан кейин тўлов-контракт маблағларининг 5 фоиздан кам бўлмаган миқдорини йўналтириш ҳисобига амалга оширилади.

Инновацион жамғармаларнинг маблағлари:

илмий тадқиқотлар ва инновацион ишланмаларни рағбатлантиришга;

илмий-лаборатория ускуналари, сарфлаш материаллари ва бутловчи буюмлар сотиб олишга;

илмий-тадқиқот инфратузилмасини шакллантириш ва янгилашга, илмий ходимларни моддий рағбатлантиришга;

инновация фаолияти билан боғлиқ бошқа харажатларни амалга оширишга йўналтирилиши белгилаб қўйилсин.

3. Қуйидагилар олий таълим муассасаларининг илмий-инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш бўйича бўлинмаларининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб ҳисоблансин:

бозорни тизимли равишда таҳлил қилиш ва инновацион маҳсулот (иш, хизмат)ларга бўлган талабни ўрганиш, ўзини қоплаш муддатини, рентабеллик ва инновацион маҳсулотларни тижоратлаштириш билан боғлиқ хатарларни баҳолаш;

юқори тижорат салоҳиятига эга ва амалга оширишга тайёр бўлган, ўзлаштириш учун истиқболли лойиҳаларни танлаб олиш;

инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун инвесторлар, шериклар ва бошқа манфаатдор шахсларни жалб қилиш;

янги технологияларни жорий қилиш ва инновацион маҳсулотларни ишлаб чиқариш мақсадида саноат корхоналари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш.

Белгилансинки, олий таълим муассасаларининг илмий-инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш бўйича бўлинмалари фаолияти инновацион жамғармалар маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

4. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари:

бир ой муддатда раҳбар ўринбосарларидан бирини инновацион ривожланиш масалалари бўйича масъул этиб белгиласин;

ҳар йил 1 октябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан келишган ҳолда тадбирларни молиялаштиришнинг аниқ миқдор ва манбаларини белгилаб, келгуси йил учун тегишли тармоқ ва соҳаларни инновацион ривожлантиришнинг “йўл хариталари” ишлаб чиқилишини, шунингдек, уларнинг самарали амалга оширилишини таъминласин.

5. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги ПФ-5264-сон Фармонига мувофиқ Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 ноябрдаги ПҚ-3365-сон қарори билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини молиялаштириш манбалари этиб, тегишли қисмларда, бошқа манбалар билан бир қаторда Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Кузатув кенгаши Жамғармага келиб тушадиган маблағларнинг, биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришга йўналтирилишини таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда 2017-2021 йилларда илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурининг етишмаётган қисмида ўз вақтида, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилишини таъминлансин.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги устувор инновацион, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик, “стартап” лойиҳаларини ўз харажатларини ўзи қоплаш асосида молиялаштириш учун 2018 йилда Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига 50 миллиард сўм миқдорида бюджет маблағларини ажратсин ҳамда маблағларни ўзлаштириш натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг асослантирилган таклифларига кўра, Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг қўшимча манбалари юзасидан таклифлар киритсин.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги:

грантлар асосида амалга оширилаётган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар бўйича давлат илмий-техник дастурларининг тизимли мониторингини, шу асосда мақсадсиз ишлатилаётган грант маблағларини бошқа истиқболли ва талаб юқори бўлган мавзуга оид лойиҳаларни амалга ошириш учун қайта йўналтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар қабул қилишни;

фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар бўйича давлат илмий-техник дастурларини молиялаштириш учун ажратилган ҳамда молия йили давомида ўзлаштирилмаган маблағлардан келгусида мақсадли фойдаланишни;

фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларнинг долзарб йўналишлари бўйича мавзуга оид грантлар бериш юзасидан мунтазам равишда танловлар эълон қилишни амалга оширсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Инновацион ривожланиш вазирлигининг хўжалик бошқаруви органлари ҳамда йирик давлат корхоналарининг инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармалари маблағларининг 0,1 фоизини Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига йўналтириш ҳамда уларни келгусида инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни жорий этишга мақсадли ишлатиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

8. 2022 йил 1 январга қадар муддатда:

белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича илмий-тадқиқот ташкилотлари томонидан олиб кириладиган илмий асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, сарфлаш материаллари, реактивлар, дастурий таъминот божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно);

илмий-тадқиқот ташкилотлари уларнинг асосий фаолияти бўйича барча турдаги солиқлар ва мажбурий ажратмалардан озод қилинсин, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ажратмалар бундан мустасно, бўшаётган маблағлар уларнинг ходимларини моддий рағбатлантириш учун мақсадли йўналтирилсин.

9. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ходимларининг меҳнатига Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ва бюджетдан ташқари бошқа манбалар ҳисобидан ҳақ тўлаш шартлари вазирлик ҳайъати томонидан белгиланади.

10. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда инновацион ғоялар муаллифларини, мазкур ғояларни амалга оширувчи ташкилотчилар ва ҳомийларни моддий рағбатлантиришни таъминлаган ҳолда, республикада инновацияларни ривожлантиришга кўмаклашган алоҳида тадбиркорлик субъектларини тақдирлаш маросимини ўтказишни назарда тутиб, республикада ҳар йили Инновацион ғоялар ҳафталиги – “InnoWeek.Uz” ўтказилишини ташкил қилиш чораларини кўрсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р.Холмурадов, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б.Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси  Президенти                                                                             Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2018 йил 7 май

Бошқа хабарлар