Суронли йиллар хотиралари

129

«Умр — чопиб кетаётган кийикнинг соясида бир оз сояламоқ», деган эди донишмандлардан бири. Ортимизда қолаётган йўлнинг ёруғ хотираларга бойлиги эса ўтаётган фурсатга шукрона қилишга ундайди бизни. 101 баҳорни қаршилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, Мудофаа вазирлиги фахрийси Зубайдулла ота Тошматов ҳам бугун ўтаётган ҳар бир дақиқадан рози, қилган хизматлари эътироф этилаётганлигидан мамнун.

Чирчиқ шаҳри Алишер Навоий кўчасидаги 46-хонадонга кириб борарканмиз, қийғос очилган ­настариннинг хуш бўйи димоққа урилади. Олча, гилос дарахтларининг оқ ғунчаларидан қолишмаймиз, дегандек, токчадаги уй гуллари ҳам тароватини кўз-кўз қилишга уринади. Тошкент ҳарбий округи фахрийлар ишлари бўйича кенгаши раиси Авазбек Номозов, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртидан подполковник Бобур Ражабов, майор Жасур Ҳакимов ҳамда бошқа ҳарбий хизматчиларни отахоннинг қизлари Мастура опа кутиб оладилар.
— Бугунги кунларни қаранг, — ­дейди отахон меҳмонлар билан суҳбат қураркан, — тинчликни, фаровонликни наинки, одамлар ҳаётидан, балки осмонда парвоз этаётган қушлардан ҳам билса бўлади. Ёшлигимиз замбарак­ларнинг гумбурлаши, бомбаларнинг ерни зир титратиб, танкларнинг гувиллашлари, урушдан кейинги қийинчиликлар билан ўтди. Польшадан то 1945 йил 7 май куни Германиянинг Элба дарёси бўйидаги жанггача кечагидек эсимда. Шу вақт оралиғида олти марта яраландим. Кечалари окопларда изғиб, қўлимизда қурол билан қачон уруш тугаркан, қачон ота-онамизнинг дийдорини кўрарканмиз, деб тонг оттирардик.
Еттита фарзанднинг отаси, 21 нафар невара, 45 эвара, 2 чеваранинг суюкли бобоси бўлган отахон гоҳида эвараларига уруш ҳақида эртаклар айтиб бераркан. Ҳа, айнан уруш ҳақида. Аслида миллионлаб инсонларнинг ҳаётида улкан қора чизиқ бўлган, бағрида кетмас доғ қолдирган уруш бу. Лекин бугунги ҳурликнинг эрка фарзандлари учун бу хотиралар чиндан-да эртак.
— Биз бундай отахонлар билан кўпроқ учрашишга, уларнинг насиҳатларини ёшларга етказишга ҳаракат қиламиз, — дейди А.Номозов. — Фахрийлар тарихнинг тирик китоби, дейиш мумкин.
— Ёшлиги уруш майдонларида ўтган отахоннинг суҳбатидан таъсирландим, — дейди курсант Жавоҳир Ҳасанов. — Она Ватан озодлиги учун курашган шундай инсонлар бор экан, биз тинчлик ва осойишталик деган улуғ неъматнинг қадрини янада теран ­англайверамиз.
Аср билан юзлашган, кўзлари тийрак, хотиралари тиниқ отахон кетар чоғимизда қўлларини дуога очди:
— Уруш ўз номи билан уруш. Урушнинг оти ўчсин. Биз кўрган кунларни фарзандларимиз кўрмасин. Мени йўқлаб, эслаганларни Худо ярлақасин. Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин.

Н. АСАДОВА

Бошқа хабарлар