Бағрикенгликка қўйилган ҳайкал

217

Иккинчи жаҳон уруши йилларида тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов (1890 — 1970) ва унинг хотини Баҳри Акрамова (1903 — 1987) турли миллатларнинг қаровсиз ва етим қолган болаларини асраб олиб, таълим-тарбия беришди.

Улар турли миллат вакиллари бўлган 13 нафар ва урушдан сўнг яна 3 нафар болани ўз қарамоғига олиб, аксариятига ўзлари исм қўйишди. Ҳабиба, Вова, Шуҳрат — рус, Ҳамидулла — украин, Рафиқ, Раҳматулла — татар, Холида – молдован, Самуғ — чуваш, Йўлдош, Эргаш — яҳудий, Ҳалима — қозоқ, Қоравой, Неъмат, Муаззам, Ҳакима, Улуғбек — ўзбек. Темирчи Шомаҳмудовнинг катта оиласи ҳақидаги хабар узоқ-узоқларга, ҳатто фронтгача етиб борган эди. Бу ҳақда эшитган ҳарбийлардан бири катта лейтенант Левитский ­Шоаҳмад отага бир неча юз рубл жўнатади. Шоаҳмад ота эса бу пуллар эвазига яна бир украин бола — Саня Брининни ўз бағрига олади.
Яна кўплаб ўзбек оилалари Шомаҳмудовлар сингари жасорат ва қаҳрамонлик кўрсатишди. Таъкид­лаш жоизки, ўша йилларда ўзбек оилалари жами 4,5 минг нафардан зиёд етим болани асраб олишган. Шомаҳмудовлар каби самарқанд­лик Самадовлар 13 болани парваришлаб ўстирган. Шонли тарихимиз саҳифаларидан жой олган бундай инсонлар ҳаёти ёзувчи Раҳмат Файзийнинг «Ҳазрати инсон» романи, «Ўзбекфильм» киностудиясининг «Сен етим эмассан» фильми яратилишига асос бўлган.
Шомаҳмудовлар шарафига 1982 йилнинг 26 майида Тошкентда Халқлар дўстлиги монументи очилди. Ҳайкалтарош ­Д. Рябичев, меъморлар Л. Адамов, С. Одилов томонидан ишланган ёдгорлик мажмуи кейинчалик Тошкент шаҳрининг кириш жойига кўчирилган эди. Бугун эса мазкур ҳайкал аввалги жойига — Шайхонтоҳур туманидаги «Халқлар дўстлиги» майдонига қайтарилди. У ердаги санъат саройи ва метро бекати ҳам аввалги «Халқлар дўстлиги» номини олди.
Майдон бугун гавжум. Ёш-у қари монументга назар соларкан, замонанинг аччиқ синовларида ҳам ушбу оилани тарк этмаган меҳр-муҳаббат, инсонийлик ва самимийлик нафасини ҳис қилишган бўлса, ажаб эмас. Президентимиз Шавкат Мирзиёв Шомаҳмудовлар кўрсатган қаҳрамонликнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтаркан, «Бизнинг бағрикенглигимиз ота-онамиздан қолган. Илоҳим, болаларимизга ҳам ўтсин. Ана шу адолатдан бўлади» деганлари бежиз эмас.
Ўзбек халқининг бағрикенглиги ва меҳмондўстлигини акс эттирувчи бундай монументлар бугунги осойишта, фаровон ҳаётга шукроналик ҳиссини янада оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Озода РЎЗИҚУЛОВА

Бошқа хабарлар