Касаба уюшмалари — фахрийларга!

211

Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си томонидан ҳар бир ҳудудда ижтимоий акциялар ташкил этилиб, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийларига ғамхўрлик ва ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда.

Мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари хотирланиб, уларнинг оила аъзолари моддий қўллаб-қувватланмоқда. Меҳнат жамоаларида ташкил этилаётган тадбирларда эса Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат ва Қуролли кучлар фахрийлари иштирокида «Инсон қадри улуғ, хотира муқаддас», «Мардлик, бурч ва садоқат» мавзуларида авлодлар учрашуви, давра суҳбати ва маърифий тадбирлар уюштирилмоқда.
Жумладан, пойтахтимиздаги «Уруш ва меҳнат фахрийлари Рес­публика пансионати»да истиқомат қилаётган уруш ва меҳнат фахрийларига Касаба уюшмалари Федерацияси совғалари топширилди. Таниқли санъаткорлар ва ёш истеъдод эгалари ижросидаги куй ва қўшиқлар даврага янада файз бағишлади.
Республикамиздаги «Саховат» уйлари, меҳнат жамоа­ларида ҳам шундай тадбирлар ташкил этилиб, кексалар, жисмоний имконияти чекланган ҳамда ёлғиз инсонлар касаба уюшмалари томонидан моддий ва маънавий қўллаб-қувватланди.
Шунингдек, жойларда 200 нафардан ортиқ уруш ва меҳнат фахрийлари учун тарихий обидалар, диққатга сазовор масканлар ҳамда зиёратгоҳларга ­саёҳатлар ташкил этилди. Корхона ва ташкилотларда кўп йиллар меҳнат қилиб, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган меҳнат фахрийлари ҳамда Афғон уруши қатнаш­чиларига байрам совғалари топшириш билан бирга, уларнинг маданий-маърифий тадбирларга ташрифлари уюштирилди.
Касаба уюшмалари вакиллари иштирокида хизмат вазифасини ўташ даврида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оилалари ҳолидан хабар олиниб, уларга манзилли моддий ёрдам кўрсатилди. Меҳнат жамоаларида фахрийлар ўртасида спортнинг шахмат, шашка, стол тенниси, бадминтон турлари бўйи­­ча мусобақалар ҳамда ёшлар ўртасида Хотира турнирлари ўтказилди. Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда эса Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти қатнаш­чилари, ногиронлиги бўлган инсонлар ва фахрийларнинг сифатли соғломлаштирилиши учун барча зарур шарт-шароит ҳамда қўшимча қулайликлар яратилиб, 18 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, уларнинг 12 нафар кузатувчилари, 369 нафар меҳнат фахрийлари бепул соғломлаштирилмоқда.
Акция доирасида шунинг­дек, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ҳисобида турувчи бир гуруҳ Иккинчи жаҳон уруши, меҳнат фронти қатнашчилари ҳамда хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ҳамда ногиронлиги бўлган ходимлар оилалари ҳолидан хабар олинди.
Жумладан, Иккинчи жаҳон уруши қатнаш­чиси, Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи 1926 йилда туғилган Қаҳҳор Холматов меҳнат фронти қатнашчиси, Миробод туманида истиқомат қилаётган подполковник Александр Журавлев хонадонларига ташриф буюрилди ва совғалар топширилди.
Уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ўзларига кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун чин қалбдан миннатдорчилик билдириб, Ватанимиздаги тинчлик ва хотиржамлик, тўкин ва фаровон ҳаётга шукроналар айтиб дуога қўл очдилар.

Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари

Бошқа хабарлар